Россия 9 май парадига келувчи хорижий журналистлар таклифномасини бекор қилди

08.05.2026 12:15



Россия ҳукумати 9 май куни Қизил майдонда бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига хорижий журналистлар учун берилган аккредитация ва таклифномаларни бекор қилди. Энди тадбирни фақат саноқли Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти администрациясига таяниб Spiegel нашри хабар берди.

Россия расмийларига кўра, парадни ёритиш формати “мавжуд вазиятдан келиб чиқиб” ўзгартирилган. Шу сабабли хорижий ОАВ вакилларига тадбирда иштирок этишга рухсат берилмайди.
Таклифномаси қайтариб олинган журналистлар орасида Германиянинг Der Spiegel, ARD ва ZDF телеканаллари, Буюк Британиянинг Sky News, Франциянинг AFP агентлиги, Италиянинг Rai телерадиокомпанияси ҳамда Япониянинг NHK телеканали мухбирлари бор.
Маълумотларга кўра, аввалроқ Россия томони Ғарб журналистларининг аккредитациясини тасдиқлаб, уларга тадбирлар дастурини ҳам юборган. Бироқ, таклифномалар қачон бекор қилинганига аниқлик киритилмаган.

Бу йилги Ғалаба паради чекланган форматда ўтиши ва унда саноқли хорижий етакчилар иштирок этиши кутилмоқда. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва хорижий давлат раҳбарларини махсус равишда таклиф этмаганини айтган.
Унинг таъкидлашича, айрим давлатлар раҳбарлари парадда қатнашиш истагини ўзлари билдирган. Хусусан, Беларусь, Лаос, шунингдек ўзини мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарлари Москвага ташриф буюради.
Шунингдек, Словакия бош вазири Роберт Фицо Россияга ташрифи давомида Путин билан учрашиш ва Номаълум аскар қабрига гул қўйишини билдирган. Кремль уни парад иштирокчилари рўйхатига ҳам киритган.
Айни пайтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян парадда қатнашмаслигини маълум қилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти ҳам бу йилги тадбирда иштирок этмайди.

Россия 8–10 май кунлари муносабати билан вақтинчалик оташкесим эълон қилган ва Украина томонини унга риоя қилишга чақирган. Москва расмийлари парад вақтида ҳужум бўлса, Киевга қарши ракетавий жавоб берилишидан огоҳлантирган.
Украина президенти Владимир Зеленский эса, 6 май куни “сукунат режими” жорий қилинганини, аммо Россия томони бу келишувни бузганини таъкидлади. У Москвадаги парад вақтида Украина дронлари ҳужум қилиши эҳтимолини инкор этмади ва хорижий давлат вакилларига Россия пойтахтига бормасликни тавсия қилди.
Сўнгги кунларда Москва ва унинг атрофида дронлар билан боғлиқ бир нечта ҳодисалар қайд этилган эди. Шу фон ортидан Россия пойтахтида хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар