Нега болалар ҳаёти билан ўйнашяпмиз?

07.05.2026 21:30

Сўнгги пайтларда янгиликлар лентаси бир-биридан даҳшатли хабарларга тўлиб кетди: “13 нафар болани олиб кетаётган Matiz’ ЙТҲга учради”, “Боғча болаларини ташиётган Damas ағдарилди”.  Бир автомобилда 17, 25 нафар болалар ташилаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу каби хабарлар аввал одамни ҳайратга солади, кейин ғазаблантиради, охир-оқибат эса қўрқинчли одатга айланиб бормоқда.

Куни кеча Навоий вилоятининг Нурота туманида юз берган мудҳиш воқеа эса бу борадаги масъулиятсизликни яна бир бор ошкор этди. Биргина кичик “Matiz” автомобилига 13 нафар боғча боласи ва 3 ойлик чақалоқни тиқиб ҳаракатланиш — бу шунчаки қоидабузарлик эмас. Бу  ҳимоясиз гўдакларнинг тақдири билан ўйнашиш, уларнинг ҳаётини арзимас манфаат ва қулайлик эвазига хавф остига қўйишдир.

Энг ачинарлиси, бу “хавфли саёҳат” бир кунлик ҳолат бўлмаган. Маълум бўлишича, болалар шу тарзда йиллар давомида ташиб келинган. Ҳайдовчининг гувоҳномаси йўқлиги, автомобилнинг техник имкониятлари мутлақо инобатга олинмагани, хавфсизлик қоидалари очиқчасига бузилгани жамиятимиздаги лоқайдлик қай даражага етганини кўрсатади. Ахир, ҳар куни бир машинага ўнлаб бола босиб чиқилаётганини маҳалла ҳам, ота-оналар ҳам, масъуллар ҳам кўриб турган бўлса, нега ҳеч ким буни тўхтатмаган?

Бугун хусусий ва оилавий боғчалардаги “логистика” масаласи жиддий тизимли муаммога айланмоқда. Айрим муассасалар харажатни камайтириш учун болаларни хавфсиз транспортда эмас, имкони бор ҳар қандай машиналарда ташишга ўтиб кетган. Натижада эса болалар хавфсизлиги иккинчи даражали масалага айланиб қоляпти. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда болаларни ташиш энг қаттиқ назорат қилинадиган соҳалардан бири ҳисобланади. Ҳар бир ўрин, ҳар бир хавфсизлик камари, ҳайдовчининг малакаси ва транспортнинг техник ҳолати алоҳида текширилади. Бизда эса баъзан бир “Matiz” ёки “Damas” ичига болалар худди юкдек жойлаштирилади.

Нуротадаги фожиа, ҳайдовчининг ҳалок бўлиши ва бир неча гўдакнинг оғир жароҳат олиб шифохонага тушиши — бефарқлик учун тўланган жуда оғир бадалдир. Аммо одатдагидек, бир неча кун муҳокама қилиб, кейин унутиб юборсак, эртага яна худди шундай фожиа бошқа ҳудудда такрорланиши мумкин.

Энг хавфлиси ҳам шу: биз фожиаларга кўникиб қоляпмиз. Аввал бир боланинг хавф остида қолиши бутун жамиятни ларзага соларди. Энди эса одамлар бу каби хабарларни оддий статистикадек қабул қилишни бошлади. Бу эса ҳар қандай авариядан ҳам даҳшатлироқ ҳолат.

Ҳудудларда асосан болаларни боғчага ташиш ота-она ва ҳайдовчилар ўртасида асосан оғзаки келишув билан амалга оширилади. Ота-она боласи учун ойлик йўл ҳақи тўлайди. Аммо ҳайдовчи берилаётган йўл пули қопламаслиги ортидан болаларни имкон қадар бир рейсда боғчага олиб боришга уринади. Бунга ота-оналар ҳам қарши бўлавермайди, албатта. Чунки агар боласини ўриндиқ сони бўйича ташишни талаб қилишса, нарх кўтарилиши мумкин.

Бу борада фақат ҳайдовчини айблаш билан чекланиб бўлмайди. Бу ерда масъулият барчаники: боғча маъмуриятиники, назорат органлариники, бефарқ ота-оналарники ва жамиятники. Чунки бир боланинг ҳаёти хавф остида қолганда сукут сақлаш ҳам шерикликка айланади.

Агар ҳозирнинг ўзида болаларни ташиш хизмати бўйича қатъий ва муросасиз тартиб ўрнатилмаса, ноқонуний ташувларга қарши кучли назорат бўлмаса, жамоатчилик бефарқликдан чиқмаса, бу каби “рекордлар” яна қурбонлар беришда давом этаверади.

Чунки бола — статистика эмас. Унинг ҳаёти ҳар қандай иқтисод, арзон хизмат ёки вақтинчалик қулайликдан устун туриши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар