"ЎҒЛИНГ ЎҚИБ ОЛИМ БЎЛАРМИДИ"

10.03.2026 11:56

Авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келаётган хатоларни ўзида мужассам этган кичкина ҳикоя

Адашган ота

Москвада ишлаб юрган ота уйига телефон қилиб ўғли билан гаплашаяпти. — Ўғлим нима иш қилаяпсан? - дея сўрайди у. — Ассалому алайкум дада яхшимисиз? - деди ўғли.-- бизлар яхшимиз дадажон. — Ваалайкум ассалом, нима гаплар ? — Мактабдан келдим, дарс қилиб ўтирибман. — Молларчи? Қўйларни далага айлантириб келмадингми? — Кун совуқ дада, кейин ўқитувчимиз қўшимча дарслар берган улгурмаяпман. — Йиғиштир дарс - парсингни, ўқиб олим бўлармидинг? Кўриб юрибман олий маълумотлиларни Москвада кўча супириб юришибди. Молга қара шу моллардан фойда, қўйларни кўпайтириш керак, мактабни тугатсанг ёнимга келасан бирга ишлаймиз.

— Дада ўқишга топширмоқчи эдим. — Мен сенга нима дедим, беш йил умрингни беҳуда ўтказиб шаҳарда селтанглаб юриб, битта дипломга эга бўласан, кейин ўша дипломни сандиққа ташлайсан! Бошимни қотирма, ўқиш ҳақида ўйлашни бас қил! — Дада дўстим Нурмурод билан бирга битта жойга хужжат топширмоқчи эдик. — Мен сенга нима дегандим, - жаҳл билан хунук сўкинди ота, - ҳалиям китоб кўтариб юрибсанми? Шунинг ўрнига фойдали иш қилсанг бўлмайдими? Қўйларни ким боқаяпти? — Тушликкача боқиб келдим, кейин укамга бериб бу ёққа келгандим.

телефон гўшагидан одам ёзишга уяладиган сўкишлар эшитилди. — Мен сизлар учун бегона юртларда ишлаб юрибман, сен бўлсанг бекорчиликдан ўйнаб юрибсан! Уйга бориб телефонни онангга бер, ўша сизларни жа эркалатиб юборибди. Яқинда қайтиб бораман, сизлар билан бошқача гаплашмасам бўлмайди шекилли.

Телефон ўчди. Яна кунлар ўтди, ота ўзи айтганидек тез кунларда қайтиб кела олмади, унаштириб қўйилган қизининг тўйигача иморатнинг чаласини битириб олиш учун ишлаш керак эди. Тўйга икки кун қолганда ватанга қайтган ота. "Кимдан кам жойимиз бор" дея дабдабали тўй қилди, қуда тараф олдида уялиб қолмаслик учун бор топганини сарфлаб қизи билан қўшиб қуда томонга жўнатди. Кўпи билан бир хафта қишлоғида юрди-да, ўғлини ёнига олиб яна Москвага қайтди. Ўғилга ўқиш армон бўлиб қолди.

Ота-боланинг вазифаси иккита катта уйнинг атрофини супириб тозалаш, бўш вақтларида қўшимча ишлар ҳам қилиб туришади. Топиш тутиш яхши. — Ким билан ёзишасан-а, қўлинг бўшади дегунча телефонга ёпишсан, - сўради бир куни отаси ўғлидан. — Дўстим Нурмурод билан гаплашаяпман, Тошкентга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига хужжат топширибди,- ўғилнинг гапиришидан маълум эди дўстига қанчалик ҳавас қилаётгани.

— Охо, мулла Нуриддиннинг боласи катта дорга осилибди-ку, отасининг ҳам калласи ишламайдими дейман. Ўзи ғишт заводда чангга ботиб ишлаб зўрға кун кўради, фермер вақтидаям шу боласини умуман ишлатмасди, ўғлингни ёнингга олиб ишлатмайсанми? Ҳеч бўлмаса тўртта қўзи олиб бер, ортидан эргашиб юрса икки -уч йилда ўттиздан ошади, рўзғорга ёрдам бўлади десак, қулоқ солмайди-ей.

Жўранг кирмоқчи бўлган ўқишларда вазирларнинг болалари ўқийди, унақа жойларга унча -мунчаси кира олмайди. Мени айтди дерсан, ўша синфдошинг ўқишга кира олмагач сенга телефон қилади, "ёрдам қил, иш бўлса мени ҳам чақир" деб. Вақтингни бекор ўтказма, тур ўрнингдан. Нариги уйдаги Галя момо "эски музлатгичимни мусорга чиқариб беринглар беш юз рубль бераман " деганди, бориб шуни аравага ортиб кел, металломга сотсак ҳарна бир икки сўм бўлади, - деди ота.

Орадан яна кунлар ўтди. Телефонга термулиб кимгадир хабар ёзаётган ўғлини доимгидек ота сўроққа тутаяпти. — Шу телефонинг ичига кириб кетмасанг бўлди бирор кун, ишласанг бўлмайдими? — Ҳамма ишларимни битириб келдим дада, Ўн бешинчи қаватда яшайдиган Борис газчининг уйига янги диван чиқаришдим, минг рубль берди.- ўғил чўнтагидан пул чиқариб отасига узатди.

— Онанг билан гаплашдим, кеча юборган пулларимизга материал олиб келишибди. Эртадан бошлаб усталар иш бошлашар экан, иморатнинг иккинчи қаватини ҳам ички таъмирини битказиб қўйишимиз керак. Қўйларни ҳаммасини сотинглар дедим, сигирларни ҳам сотишади. — Нега дада? - сўрайди ўғил.

— Қўй мол боқадиган яйлов йўқ, ҳамма жой эгали бўлиб кетаяпти экан. Ашурмат фермернинг болалари кеча укангни уриб даласидан ҳайдаб юборибди. "Ё бизда ишлайсизлар, ёки умуман бу томонга мол қўйингни олиб келма " деганмиш. Берадиган пули копейка, бир тележка сомон, бир тележка ғўзапоя учун ёз олти ой далада кунинг ўтиши керак. Каналда ҳам сув камайиб кетаяпти, деҳқончилик ҳам қилиб бўлмаса. Мол қўйларнинг пулига битта машина олиб қўямиз. Кейинги йил уканг мактабини тугатса уни ҳам чақирамиз, иморат тўлиқ битгач сени уйлантириш учун пул йиғишимиз керак.

— Дада шу катта иморат нима керак эди ўзи? Бор топганимиз уй қуришга кетаяпти. Умрингиз Москвада ўтаяпти, ўзингиз уй қуриб ўзингиз яшамадингиз хали. Бу кетиш бўлса бизга ҳам меҳмонхонадек бўлиб қолса ккерак, ватанга борганимизда бир икки хафта яшаб туриш вақтинча бошпана. — Шунча йил русда ишлаб битта икки қаватли уй қура олмасак одамлар нима дейди, умри четда ўтиб битта чайлани эплаб қуриб олишаолмади дейишмайдими? Ётиб ухла энди, телефонни ўчир. Эртага иш кўп.

— Дада сизга айтаман деб эсимдан чиқибди, Нурмурод ўқишга кирибди, энг юқори бал тўплаб грант билан кирибди,- ўғилнинг кўзлари порлади, худди ўзи киргандек хурсандчилик билан айтди бу сўзларни. — Яхши бўлибди, ухла эртароқ! - деди ота бепарво.

Кунлар ўтаверди, ҳаш-паш дегунча бир йил вақт ортда қолди. Ота кенжа ўғлини ҳам ёнига ишга чақирди. Энди учовлон учта уйни атрофини тозалаб, супуриб ойлик олишарди. Бир йил олдин олган машинасини сотишиб қимматроқ машина олишди, янги қурилган иморатнинг ҳам хеч ками битмади, ташқи томонини замонавий услубда янгидан таъмирлатишди. Неварасига қудалари бешик тўйи қилишганда бор топган тутганини яна бир тўкиб сочди.

Энди навбат ўғил уйлантиришга эди, ота болалар йиллаб ишлаб топганини бир кунлик тўйда сарфлашди. Қарс бадабанг тўй қилиб ҳаммани лол қолдирган ота тўйдан бир хафа ўтиб кичкина ўғлини ёнига олиб яна рус томонга отланди. Кетиш олдидан ўғлига тайинлади.

Икки ойдан кейин ортимиздан бор, укангни уйлантириш учун ишлашимиз керак. Икки ой икки кунда ўтгандек бўлди ўғилга, икки ойлик келинчакнинг кўзларини ёшлатиб ўғил ҳам русга отланди.

Кунлар, ойлар, йиллар ўтиб кетавераркан. Ўғил ўғилли бўлди ҳам уйига кела олмади, ўғлини телефонда кўрди, телефонда эркалади. — Уйланиб болали бўлдинг ҳам эс кирмади сенга, -доимгидек телефонда хабар ёзиб ўтирган ўғлини койиди ота. — Нурмурод жўрамдан хабар келган экан, - деди ўғил. — Шу Нурмуроддан бошқа дўстинг йўқми сенинг, фақат шу бола билан гаплашасан а? — Биринчи синфдан битта партада ўтириб катта бўлдик, энг яқин дўстим. — Нима дейди? — Ўқишдан бўш вақтларида репититорлик қилиб яхши пул топаяпти экан, Тошкентда аста секин ўз ўрнини топаяпти дўстим - ғурур билан деди ўғил. — Хмм.- деб қўйди ота бепарво.

Орадан яна йиллар ўтди. Кичик ўғил ҳам уйланди, яна ортиқча ҳою хавас, йиллаб ишлаб топилган пуллар бир кунда совурилди. Ота болалар ҳамон русда ишлашмоқда. Кунлар ойлар бир хилда ўтарди, ўғил бунақа яшашдан зерикди. — Дада шу кўча супиришдан чарчадим, бошқа иш қилай,-деди отасига. — Қурилишга ўтай, ҳеч бўлмаса хунар ўрганардим. Эрта бир кун ватанга қайтсак нима иш қиламан? — Қўлингдан супурги ушлашдан бошқа иш келмайди, қандай қилиб қурилишда ишламоқчисан? — Биронта устага шогирд тушиб ёнида ишлаб аста-секин ўрганаман-да. — Аста-секин ўрганганингча қанча вақт кетади, ҳозир кам топаяпсанми? Жимгина қўлингдан келадиган ишни қилиб юравер, гап тамом!, - деди ота жаҳл билан. Ўғил индамай ишига чиқиб кетди.

Умр ўтиб борарди. Кичкина ўғил Москвада бир мажорога аралашиб қолди, уй йўлакчасига чиқариб қўйилган болалар аравачасини кераксиз бўлгани учун чиқаргандир деб ўйлаб олиб кетади. Аравача эгаси бўлган аёл полицияга ўғрилик бўлди дея ариза беради. Атрофга қўйилган кузатув камералари орқали ўғил топилади ва қамоққа олинади.

Ўғлини чиқариб олиш учун елиб югурган ота бор будидан айрилди, бегона юрт бегона эканда. Ўғлим ўғрилик қилмоқчи бўлса куппа кундузи олармиди, доим эшик олдига чиқариб қўйилган ортиқча буюмларни олиб кетардик, бу сафар ҳам шундай деб адашибди деганига ҳеч ким қулоқ солмади. Аксинча полиция ҳодимлари билан тортишгани учун ўзини ҳам, катта ўғлини ҳам депорт қилишди.

Кичик ўғлининг қамалмасдан қутулгани учун шукур қилган ота, ўғилларига кетишга тайёрланишини айтди. Болалигидан отасига ҳеч қачон қарши гап айтмаган катта ўғил шу жойида чидай олмади.

Энди нима иш қиламиз дада? Вақтида ўқий десам қаршилик қилдингиз, бирор хунар ўрганай десам унга ҳам кўнмадингиз, на менга, на укамга рухсат бермадингиз. Қурилишда ишлаб тажриба орттирганлар ҳам ўзимизда яхши топишаяпти. Биз нима иш қиламиз энди? Чорва қилайлик десак яйлов йўқ, ҳамма жойни амалдорлар эгаллаб олишган, деҳқончилик қилайлик десак каналда сув етишмайди. Ўзимизда кўча супирганга неччи сўм ойлик бераркин? Йиллаб ишлаб топганимизни ортиқча ҳою ҳавасларга сарфладик!

Ўғлининг ҳақ гапларидан ота бошини чангаллаб ерга ўтириб қолишди. Тошкент ҳалқаро аэропортидан чиқишган ота- ўғилларни Нурмурод билан отаси Нуриддин ҳожи кутиб туришганди. Ота уларга кўзи тушгач ҳайрон бўлиб ўғлига бир қараб олди. Кўришиб ҳол-аҳвол сўрашишгач Нурмуроднинг яқинда олган янги "KIA" машинасида шаҳарнинг маркази томон йўл олишди.

Кўп қаватли уйларнинг бирида биринчи қаватда жойлашган уч хонали уй яқинда таъмирдан чиқарилган дид билан безатилганлиги сабабли кўзни қувнатади. Икки синфдош ва қишлоқдошлар анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди. "Ўғлинг ўқиб олим бўлармиди? Қўлига кетмон бер ишласин, битта таёқ бериб қўй боқтир. Қачон кўрсам қўлида китоб, ишлатсанг фойда-ку! " дея Нуриддин ҳожини гап билан узиб-узиб олганларини эслаб ҳижолат бўлиб ўтирди ота.

Мезбонлар ухлаш учун ўз хоналарига чиқиб кетгач ота ўғлидан сўради. — Бу Нурмуроднинг ўзининг уйими? Жўранг нима иш қилаяпти? — Китоб босиб чиқарадиган босмахона очган, ишлари авжида. Бу уйдан ташқари Тошкентда яна иккита уй олган, боя биз миниб келган машинани яқинда олди. Отасини шу йили ҳажга юборди. Укалари, қариндошларини ҳам чақириб ёнига ишга олган. — Ана йигит, барака топсин. Менга айтмаган экансан булар ҳақида. — Айтсам сизга ёқмаётгандек туюларди, шунинг учун индамай қўйгандим.

Эртаси куни ҳам Нуриддин ҳожи ака меҳмонларни кетишга қўймай бирга Тошкент айланишди, босмахонага бориб ишларни кўриб қайтишди. — Нуриддин ҳожи ака, сизга сўз билан кўп озор берганман, мени кечиринг. Ўғлингиз ўқиб олим бўлармиди, ёнингизга олиб ишлатинг деб узиб-узиб олаверардик. Ўша вақтларда сиз айтган " нажот таълимда, " бизни бу қийинчиликлардан фақатгина яхши таълим олган фарзандларимиз олиб чиқиб кета олади " деганингизда биз омилар китобий гапларни айтасизда деб кулгандик. Сиз ўша пайтда тўғри йўл танлаганингизни бугун кўзларим билан кўриб турибман. Аксинча илмга чанқоқ ўғлимни ўқитмасдан мен хато қилган эканман, мени кечиринг ҳожи ака, — дея бошини эгди ота.

— Узр деманг, Аллоҳ кечирсин ҳар биримизни. Илм олишни эрта кечи йўқ, энди ўқитсангиз ҳам яхши бўлади, — деди Нуриддин ҳожи дона—дона қилиб. — Албатта энди ўқитаман, — дея пичирлади ота.

Бахтиёр Турсун

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар