Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида электромобиллар учун қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш масаласи атрофида жиддий баҳслар юзага келди. Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу масала юзасидан изоҳ бериб, шаҳарда электр қувватлантириш инфратузилмаси тўхтатилмагани ва ишлашда давом этаётганини маълум қилган эди.
Ҳокимлик маълумотига кўра, пойтахтда қуввати 20 кВтдан юқори бўлган 1300 га яқин тезкор қувватлаш қурилмалари ўрнатилган. Шунингдек, 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, қувватлаш шохобчаларини хатловдан ўтказиш ишлари бошланган.
Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча текширилган. Хатлов жараёнида 101 та станция зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилгани, яна 62 тасининг эса электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги аниқлангани айтилди. Хўш, тадбиркор бу қувватлаш шохобчаларини ўз-ўзидан келиб, шунчаки қурганми? Бунда қайсидир лавозимдаги шахс аралашуви борлиги аниқку, шундай катта шаҳарда бир пулдор тадбиркор ҳеч кимдан сўрамасдан мана шу ерда бўш ўрин бор экан, деб ускуна ўрнатиб олмаса керак. Ҳокимлик бунга рухсат берганларни ҳам текшириши, уларнинг шахси ва лавозимини очиқлаши лозим. Уларга арзирли жазо берилиши, балки бошқаларга ўрнак бўлар?
Ҳокимлик бу чораларни электромобиллар ривожини чеклаш учун эмас, балки электр тармоқларига тушаётган юкламани тартибга солиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Бироқ бу баёнот жамоатчилик орасидаги норозилик кайфиятини камайтирмади. Аксинча, ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани ҳақидаги танқидлар янада кучайди.
Шундан сўнг Бизнес-омбудсман ҳам бу масала юзасидан расмий муносабат билдириб, қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш амалдаги қонунчиликка зид бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки уларнинг мулкидан фойдаланишни чеклаш фақат қонунда белгиланган тартибда, зарур ҳолларда эса фақат суд қарори билан амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, ҳар қандай инвентаризация ёки тартибга солиш чоралари тадбиркорларни олдиндан хабардор қилган ҳолда ва уларга мослашиш учун етарли вақт берилган тартибда амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди.
Бизнес-омбудсманга кўра, тадбиркорларнинг мулкини асоссиз тарзда тармоқдан узиш ёки бузиш ҳолатлари бизнес юритиш кафолатларининг бузилиши сифатида баҳоланади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Агар ваколатли органлар томонидан асоссиз ҳаракатлар аниқланса, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинди, дейилади хабарда.
Бу орада Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса яна бир бор баёнот бериб, пойтахтда электромобиллар сони ортиб бораётганини ва электр тармоқлари барча аҳолига хизмат қиладиган ягона тизим эканини таъкидлади.
Ҳокимликка кўра, юқори қувватли қувватлаш станциялари тармоқ имкониятлари ҳисобга олинмасдан ўрнатилса, электр тизимида ортиқча юклама пайдо бўлиши ва бу оддий аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабаб қувватлаш инфратузилмасини фақат қонуний ва техник талабларга мувофиқ ташкил этиш зарурлиги қайд этилмоқда.
Бироқ бу вазият яна бир долзарб саволни ўртага ташлайди: агар қувватлаш станциялари билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаса, электромобиллар сони тез суръатларда ортиб бораётган бир пайтда пойтахт инфратузилмаси бу юкламани кўтара оладими?
Яна бир муҳим савол: электромобиллардан фойдаланишни тарғиб қилаётган давлат сиёсати билан амалдаги инфратузилма ўртасидаги зиддиятни ким ва қандай ҳал қилади?
Бугун электр тармоқларида юклама ортиши ҳақида гапирилмоқда. Лекин ҳозир ҳам йўлларда бензин ва газда юрадиган автомобиллар улуши катта. Совуқ тушиши билан газ қуйиш шохобчаларида чеклов бўлиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Агар яқин ойларда аҳолининг 60–70 фоизи электромобилларга ўтиб кетса, унда нима бўлади? Электр тармоқлари бу даражадаги юкламани кўтара оладими? Ёки ҳар галгидек аввал инфратузилмани эмас, балки қувватлаш станцияларини чеклаш орқали муаммо “ҳал” қилинадими?