Нукус шаҳрида “Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ томонидан ташкил этилган тадбиркорлик соҳасидаги менторларни тайёрлаш бўйича биринчи халқаро ҳамкорлик асосидаги таълим дастури якунланди ва тингловчиларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда банк раҳбарияти ва масъул ходимлари, Қорақалпоғистон давлат университети, Япониянинг Ямагата университети профессорлари, маҳаллий тадбиркорлар, менторлар ҳамда ОAВ вакиллари иштирок этди.
Ямагата Университети тадбиркорлик таълими тадқиқот Маркази 2024 йилдан бери мамлакатда ёш тадбиркорларни ривожлантириш мақсадида YORI-I Тадбиркорлик таълими Дастурини амалга ошириб келмоқда. 2025 йилда мазкур дастур Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида давом этди. Олти ой давомида маҳаллий ёш тадбиркорлар билим ва малакаларини оширишди. Улар лойиҳа доирасида япон мутахассилари ёрдамида мавжуд бизнесларини кенгайтириш учун ғоялар яратиш, мазкур ғоялар асосида бизнес режаларини ишлаб чикиш имкониятига эга бўлдилар.

2025 йил давомида “U-HOPE” дастури доирасидаги тўрт босқич (Kick-off, WS1, WS2, WS3) дан иборат бўлган дастурда:
• Бизнесни ривожлантириш банки АТБнинг 30 нафар ходими,
• Қорақалпоғистондан 50 нафар ёшлар қамраб олинди.
Шу тариқа бугун 80 нафар истиқболли менторлар иштироки таъминланган дастурнинг якуний тақдимоти ташкил этилди.
Таълим жараёни Япониянинг 12 нафар етакчи экспертлари томонидан олиб борилди. Хусусан, Ямагата университети Тадбиркорлик таълими ва тадқиқот маркази директори, профессор Тадаши Онодера ҳам бевосита машғулотлар олиб борди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар томонидан алоҳида қайд этилдики, бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорларни ўқитиш жараёнига “Япония тажрибаси”ни татбиқ этиш ва бу борада Япониянинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Давлат раҳбарининг жорий йил 27 январдаги ПФ-10-сонли Фармонида япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар орасидан 50 нафар менторни тайёрлаш вазифаси қўйилган.

Айни дастур ушбу мақсад йўлидаги муҳим қадам экани алоҳида эътироф этилди. Бинобарин, айни пайтда мамлакатда аҳоли сонининг тез суръатларда ўсишига ҳамоҳанг равишда, юртдошларимиз, хусусан ёшларнинг барқарор даромадга эга бўлиш имконини берадиган бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифалардан биридир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ташаббуси билан ва Президент Фармони доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан амалга оширилди.
Бу борада 2024 йилда бошланган ишларнинг тадрижий давоми сифатида старт олган лойиҳа 60 соатлик таълим: маърузалар, амалий машғулотлар, жамоавий иш ва онлайн дарсларни ўз ичига олди. Бунда асосий йўналишлар: тадбиркорлик тафаккури, ижтимоий инновациялар, бизнес-моделлар ишлаб чиқиш, ҳудудий муаммоларни ечишдан иборат.
Яна бир аҳамиятли томони, тингловчилар япон экспертларидан экология, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича кейс-стадилар билан бўлишиш имконига эгалар. Олинган билимлар эса, Қорақалпоғистондаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган аниқ бизнес-лойиҳа ишлаб чиқиш асосида амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Таълим дастури қуйидагиларни ўз ичига олади
• Kaizen (кайдзен) — доимий такомиллашув фалсафаси.
• Lean Management (бережливое управление) — ресурсларни тежаш ва самарали ишлаш усули.
• Ikigai (икигай) — шахсий ва касбий мақсадни топиш, ҳаётий мувозанат.
• Kanban (канбан) — замонавий лойиҳаларни бошқариш тизими.
• Япон компаниялари тажрибаси (Case study) — кичик бизнес орқали ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ечиш намунаси.
• Ижтимоий тадбиркорлик ва “коллектив таъсир” — даромад билан бирга ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал қилиш.
• Digital Transformation (DX) — кичик бизнесни рақамли технологиялар билан ривожлантириш.
• Green Business & Sustainable Agriculture — экологик бизнес-моделлар ва органик қишлоқ хўжалиги.

Энг асосийси, машғулотлар орқали Ўзбекистонда биринчи миллий менторлар тармоғини шакллантириш, ёшлар стартаплари ва ҳудудий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муаммоларни бизнес орқали ҳал этишга Япон тажрибасини жорий қилиш мақсад қилинган.
“Якуний бизнес-режа тақдимоти ва битирув маросими”да тингловчилар олган билимлари асосида, шунингдек, маҳаллий саноат муаммолари ва бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тайёрлаган бизнес ғояларини тақдимот қилдилар. Лойиҳалар мутахассилар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Якунда тингловчилар махсус сертификатлар билан тақдирланишди.