Педофилларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни назарда тутувчи фармон имзоланди

04.03.2026 07:43

Бу ҳақда президентнинг "Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида"ги фармонида белгиланган.

Шавкат Мирзиёев кеча, 3 март куни аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар билан танишди.

Эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғуруқ ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари айни пайтда долзарб бўлиб тургани сир эмас. Охирги пайтларда очиқ жамоат жойларида ҳам болалар, хусусан ёш қизларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилаётгани жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Бу ҳолатлар кўп марта муҳокама қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилган. Уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида, идоралараро кенгаш ташкил этилган ва қисқа муддатларда амалий таклифларни ишлаб чиқиш топширилган эди.

3 март куни ўтказилган тақдимотда кенг жамоатчилик, соҳа экспертларининг таклифлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланган ташаббуслар кўриб чиқилган.

Шунингдек, шу кунларда долзарб бўлган бир қатор масалалар бўйича таклифлар билдирилган.

Жумладан, шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган 5 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қатъийлаштириш;

педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш;

Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларидаги жинсий жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган маҳкумларни манзил-колонияларга ўтказмаслик;

Жиноят кодексининг 6 та моддасидаги жинсий жиноятлар бўйича ишларни тергов қилиш ваколатини ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказиш;

шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги бўйича прокурор қарорини олиш шартлиги;

аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари билан махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар, терговчи ва судьялар шуғулланиши;

зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларнинг телефон қурилмаларига махсус SOS иловаларини ўрнатиш, бунда чақирув тугмаси босилганда 5 километр радиусдаги ички ишлар ходимлари 10 дақиқада манзилга етиб келиши каби таклифлар билдирилиб, президентга ҳавола қилинган.

Давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонга имзо чекди. Шунингдек, соҳадаги янгиликларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар