Соғлиқни сақлаш тизими берган хулоса нотўғри эдими?

13.09.2025 17:24

Ўз фарзандини пичоқлаб ўлдирган аёл воқеаси бўйича масъул ташкилотлардан изоҳ олинибди
2022 йилда ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган ва руҳий хаста деб топилиб, даволанишга юборилган аёл шу йил 10 сентябрь куни қизалоқни пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. Gazeta.uz бу бўйича расмийлардан олган изоҳларини маълум қилди.

Унга кўра, бу соғлиқни сақлаш тизимининг хатоси, аёл хаста бўлган ва тўлиқ соғлом ҳолатга ўтмасидан шифохонадан чиқариб юборилган. Хўш, энди бунга ким жавобгар бўлади? Хулосани берган шифокор мазкур жиноятга шерик ҳисобланадими?

«Бу — соғлиқни сақлаш тизимининг хатоси, буни тан олиш керак. Аёл стационар даволанишдан чиққанидан кейин амбулатор даволаниш жараёнида ҳам назорат ва огоҳликни талаб қилади. Аёл уйига қайтди, чунки борадиган жойи йўқ. Уни яна жамиятга интеграция чорасини қўллаб-қувватлашимиз керак. Шу боис Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги онани ноҳақ деб айта олмайди. Руҳий касал шахсни қайси талаблар ва қандай хулосалар асосида жамиятга зиёни йўқ, деб шифохонадан чиқарилаётганини таҳлил қилиб, соғлиқни сақлаш тизими протоколларини қайта кўриб чиқиш зарур».

«Идоралараро тезкор ахборот алмашиш тизими мавжуд эмас»

 

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага кўра, руҳий носоғлом шахслар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик қилиш, ҳаттоки бунинг оқибатида нобуд бўлиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

«Бугунги кунда руҳий касал шахсларни оила аъзолари, болаларининг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирмаслиги учун чора-тадбирлар кўриш, даволаш жараёнини интенсив давом эттириш ва нохуш ҳоларнинг олдини олиш мақсадида Болалар омбудсмани томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли сўров киритилган», — дейди у.

зилола тўлаганова, реабилитация, руҳий касалликлар

Сурайё Раҳмонова.

«Шунингдек, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларига ҳам ахборот киритганмиз. Бир қанча кейслар бўйича судлар томонидан эътиборга олиниши зарур бўлган масалалар мавжуд. Яъни қачонки ота ёки онада руҳий бузилиш аниқланиб, унга ҳукм эмас, балки мажбурий даволаниш чораси белгиланганда, албатта, васийлик ва ҳомийлик органига хабар берилиши шарт. Шундагина, васийлик органи оиладаги фарзандларга келгусида хавф туғдирмаслик чораларини кўради. Афсуски, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан васийлик органига хабар берилмагани учун ҳам бундай масала назоратга олинмай қолаётган вазиятлар кузатилмоқда», — дея қўшимча қилди Раҳмонова.

Унинг таъкидлашича, айнан бу воқеа инсон омилидаги бўшлиқ сабаб содир бўлган.

 

 

«Вафот этган қизчанинг бобо ва бувисига васийлик белгиланган. Эътибор қаратинг, аёл шифохонадан мажбурий даволаниб чиққанидан кейин яна ўша хонадонга, яъни аввал ҳам яшаган ота-онасининг уйига боряпти ва унда фарзандлари билан бевосита мулоқот қилиш имкони бўляпти. Шу нуқтаи назардан биз шундай масалани кўтаряпмизки, даволаниш якунлангач ёки ўзгартирилган ҳолатларда, албатта, тегишли ташкилотга хабар берилиши керак. Шу тариқа, боланинг хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўрилиши зарур», — дейди болалар омбудсмани.

Сурайё Раҳмонованинг қайд этишича, идоралараро тезкор ахборот алмашиш тизими мавжуд эмас ва буни тезроқ йўлга қўйиш зарур.

«Агар онанинг шифохонадан чиққани ҳақида бизга хабар берилганида эди, бу оила ва у ердаги вазиятни назорат қилиш имкони бўлиши мумкин эди. Бунга ҳам тўлиқ кафолат йўқ, албатта. Афсуски, ҳар бир оиланинг устидан тўлиқ назорат ўрнатиб, боланинг хавфсизлигини таъминлашнинг иложи йўқ. Нафақат болалар билан боғлиқ, балки зўравонликка учраётган аёллар масаласида ҳам шундай. Лекин идоралараро тезкор ахборот бериш тизими йўлга қўйилиши зарур. Агар тезкор ҳамкорлик тизими яратилса, мана шундай вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг хавфини минималлаштириш мумкин», — дейди у.

«Бу — соғлиқни сақлаш тизимининг хатоси»

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Лайло Файзимуродовага кўра, суд ажрим чиқарганида шахсни бевосита соғломлаштириш чорасини соғлиқни сақлаш тизимига юклайди. «У аёл 2022 йилда шифохонага ётқизилган бўлса, 2025 йилнинг саккизинчи ойида ташқи муҳитга чиқяпти. Унга қилинган муолажалар шунча давр ичида ижобий натижани бериши керак аслида», — дейди у.

«Масалан, мен руҳий шифохонадан чиқяпманми, каминага берилган ташхис ва соғломлаштириш жараёнидан кейин соғлиқни сақлаш тизими ходимлари кафолат бериши керак. Лайло даволанди, унга мана бундай муолажалар қилингани сабабли руҳиятида ўзгариш ижобий тарафга кетди, у энди бошқа шахсларга хавф туғдирмайди, деган масалани биринчи навбатга қўйиши лозим. Агар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўша аёлни хавф йўқ, деб шифохонадан чиқарган бўлса, ҳолат бевосита бу тизимнинг хатоси ҳисобланади», — дея қўшимча қилди агентлик расмийси.

зилола тўлаганова, реабилитация, руҳий касалликлар


 

Лайло Файзимуродова / Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

«Аёл мажбурий даволанишдан чиққанидан сўнг ўша уй, ўша оила ва болалар даврасига борган. Вафот этган қизчани васийликка олган бувининг бир тарафида невараси, бир томонида ўз фарзанди бўлган. Унда ҳам „Фарзандим тузалиб қайтди“, деган фикр бўлган. Қизча ва унинг акаси ҳам „Онам соғлом бўлиб қайтди“, деган ўйда юрган. Жамият ҳам худди шундай фикрда эди», — дейди Файзимуродова.

Унинг таъкидлашича, агентлик мазкур воқеада онани ҳам, унинг оиласи ва фарзандларини ҳам айблай олмайди.

«Бу — соғлиқни сақлаш тизимининг хатоси, буни тан олиш керак. Аёл стационар даволанишдан чиққанидан кейин амбулатор даволаниш жараёнида ҳам назорат ва огоҳликни талаб қилади. Аёл уйига қайтди, чунки борадиган жойи йўқ. Уни яна жамиятга интеграция чорасини қўллаб-қувватлашимиз керак. Шу боис Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги онани ноҳақ деб айта олмайди. Руҳий касал шахсни қайси талаблар ва қандай хулосалар асосида жамиятга зиёни йўқ, деб шифохонадан чиқарилаётганини таҳлил қилиб, соғлиқни сақлаш тизими протоколларини қайта кўриб чиқиш зарур», — дейди у.

«Реабилитация марказларини йўлга қўйиш — жуда муҳим масала»

 

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуровнинг айтишича, психиатрия тизимида беморлар мажбурий тартибда тўртта босқичда даволанади.

«Биринчи босқич Чуқурсой мавзесидаги қамоқ типидаги Республика кузатув кучайтирилган руҳий хасталиклар шифохонасида ўтади. Иккинчи ва учинчиси қамоқ типидаги эмас, балки умумий тартибдаги психиатрия шифохоналари ҳисобланади. Бу аёл кузатув кучайтирилган қамоқ типидаги шифохонада 1,5 йил, сўнгра умумий тартибдаги психиатрия шифохонасида ҳам яна 1,5 йил ётиб, даволанган эди. Умумий тартибдаги шифохона ёпиқ турда бўлмайди. Бемор у ердаги бошқа касаллар орасида ўзини яхши тутса, руҳий ҳолати ижобий тарафга ўзгариб турғун бўлса, уйқуси жойида бўлса, кейинги босқичга ўтказилади. Ҳар бир жараён мутахассислардан иборат комиссия хулосаси асосида суд орқали амалга оширилади. Амбулатор мажбурий даволаш тўртинчи босқич бўлиб, бу фуқаронинг яшаш жойида кечади. Бунда фуқаро психиатр кузатуви остига олинади», — дейди Зарифжон Ашуров.

«Фарзандини ўлдирган ўша бемор аёл 2 август ва 5 сентябрь кунлари кўрикдан ўтказилган ва унинг аҳволи қониқарли бўлган. У бепул бериладиган дориларни ҳам олиб кетган», — дея қўшимча қилди мутахассис.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда беморнинг шифохонадан ўз уйига, яъни амбулатор мажбурий даволашга чиқиб кетаётгани ҳақида ички ишларга, албатта, ахборот берилади. «Бу фақат қоғоз кўринишида, яъни қўлда бошқариладиган тизим, мазкур жараённи рақамлаштириш керак», — дейди у.

зилола тўлаганова, реабилитация, руҳий касалликлар

Зарифжон Ашуров / Фото: Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази
 

«Ҳозирги кунда ҳамкор ташкилотлар учун платформа яратиляпти. Унда идоралар вакиллари ижтимоий хавфли бўлган шахсни ҳам, хавфли бўлмаганларни ҳам, айниқса, мажбурий даволанаётган шахслар билан боғлиқ ҳар бир жараённи онлайн кузатиб боради. Ушбу платформада соғлиқни сақлаш, суд, ички ишлар, ижтимоий ҳимоя тизимлари интеграция қилинади», — дейди соғлиқни сақлаш тизими вакили.

«Бемор шифохонадан чиққанидан кейин у иш билан таъминланиши, жамиятга мослашиши, психологик қўллаб-қувватланиши зарур. Бу бир сўз билан ижтимоий-психологик реабилитация дейилади ва булар биргина психиатр вазифасига кирмайди, бундай ваколат ҳам йўқ. Психиатр ҳар куни беморнинг уйига бориб келиши керакми? Уйига борганида ҳам нима ўзгаради? Бирга ётиб, яшамайди-ку. Ҳозирги кунда бир туманда 100 минг аҳолига битта психиатр тўғри келади. Улар қайси бирига улгурсин. Психиатрнинг вазифаси — ташхис ва даво. Лекин назорат, реабилитация, меҳнатга жойлаштириш каби жараёнларда ижтимоий ҳимоя, ички ишлар, маҳалла вакиллари ҳам иштирок этиши керак. Бу масалага чуқурроқ ёндашиш зарур», — дейди Зарифжон Ашуров.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳам руҳий беморлар учун ижтимоий-психологик реабилитация марказларини йўлга қўйиш керак, бу — жуда муҳим масала.

«Бемор мажбурий амбулатор даволанишга чиққанидан кейин, албатта, яшаш уйига боради, унда бошқа вариант йўқ. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат ҳамда турли нодавлат нотижорат ташкилотлари, фондлар томонидан руҳий касаллар учун реабилитация уйлари ва марказлари ташкил қилинган. Бемор шифохонадан чиққач, маълум вақт шундай жойларда яшаб, жамиятга мослашади, бандлиги таъминланади, ижтимоий муносабатларни шакллантириб боради. Афсуски, бизда бундай марказлар йўқ. Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Инсон марказлари, ёши катталар учун боғчалар фаолиятини йўлга қўйди ва яна кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Лекин руҳий касалларнинг ҳам ижтимоийлашувини ўйлаб, бу борада реабилитация жойларини ташкил қилиш жуда муҳим масала ҳисобланади», — дейди мутахассис.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар