Марказий Осиё давлатларида президент давлат бошқаруви тизимининг асосий таянчи ҳисобланади. Минтақадаги ҳар бир мамлакатда давлат раҳбарлари турли даврларда лавозимга келган бўлса, уларнинг аксарияти узоқ йиллардан буён сиёсий саҳнада фаолият юритиб келмоқда. Rost24.uz Марказий Осиёдаги энг кекса ва энг ёш президентларни таҳлил қилди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 1951 йил 5 октябрда Кўлоб вилоятининг Данғара тумани Данғара шаҳарчасида туғилган. Тожикистонда 32 йилдан буён давлат етакчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Эмомали Раҳмон шу пайтгача 5 маротаба лавозимга қайта сайланган. Ҳозир ёши 73 да ва Марказий Осиёдаги энг кекса президент ҳисобланади. У 1994 йилда Тожикистон Республикаси Президенти сифатида сайланишидан олдин 1992 йилдан 1994 йилгача Тожикистон Олий кенгашида депутат лавозимида фаолият юритган.
Эмомали Раҳмоннинг ҳокимиятга келиши Тожикистон тарихидаги энг оғир даврлардан бирига – фуқаролик уруши йилларига тўғри келади. У шу мураккаб шароитда сиёсий барқарорлик ва давлат яхлитлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилган раҳбар сифатида танилган.
Эмомали Раҳмоннинг оиласи серфарзанд оилалардан бўлиб, бир ўғли ва етти қизи бор. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўнлаб китоблар ёзилган. Шунингдек, ўзи ҳам бир нечта асарлар муаллифи ҳисоблади.
Эмомали Раҳмон шахсияти ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Танқидчилар уни кўпинча непотизмда, яъни юқори лавозимларга ўз ватандоши бўлган кўлобликларни тайинлашда айблашади. Шунингдек, мамлакатда дабдабали тўй-маросимларни чеклашга қаратилган қонун чиқарилган бўлса-да, президентнинг ўғли Рустам Эмомалининг тўйи ёки қизларининг узатилиши дабдабали тарзда ўтгани борасида кескин эътирозлар билдирилган. Ундан ташқари, айрим мустақил кузатувчиларнинг фикрича, унинг ҳукмронлиги давомида Тожикистонда демократик қадриятлар сезиларли даражада сусайган.
Шунга қарамай, Эмомали Раҳмонни кўпчилик фуқаролар уруши даврида фалажланган Тожикистонни оғир таназзулдан олиб чиққан раҳбар сифатида эътироф этади. Унинг бошқаруви остида мамлакат аста-секинлик билан барқарорлик сари йўл олди. Раҳмон ҳаётида икки марта суиқасдга дуч келган. Улардан бирида у енгил тан жароҳати олган бўлса, иккинчисида зарар кўрмаган.
Тожикистон мустақиллик йилларида оғир синовлардан ўтди. Фуқаролар уруши оқибатида вайронагарчиликлар юз берди, иқтисодиёт бутунлай издан чиқди. Урушдан кейинги йилларда эса мамлакат турли экстремистик ва жангари гуруҳлар исёнларига дуч келди. Тоғли Бадахшон ёки Афғонистон билан чегара ҳудудларида бошланган беқарорликлар яна бир бор Тожикистон хавфсизлигини мўртлаштирди. Бироқ, Эмомали Раҳмон бу таҳдидлар қаршисида совуққонлик билан ҳаракат қилган ва минтақадаги хавфсизликни сақлашга ҳаракат қилган раҳбар сифатида тан олинган.
Бугунги кунда Эмомали Раҳмон Марказий Осиёдаги энг кекса ва тажрибали президентдир.
Марказий Осиёдаги энг кекса президентлар рўйхатида кейинги ўринни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев эгаллайди.
Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлигига сайланган энг кекса ёшда бўлган президент ҳисобланади. У 66 ёшида Қозоғистонда президентлиги лавозимига сайланган. Айни дамда 72 ёшда ва Марказий Осиёдаги Эмомали Раҳмондан кейинги энг кекса президентдир.
Қозоғистон сиёсатининг йирик намояндаси ва тажрибали дипломат 1953 йил 17 май куни Олма-Ота шаҳрида туғилган. Унинг отаси Кемел Тоқаевич Тоқаев иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, машҳур ёзувчи ва қозоқ адабиётида детектив жанр асосчиларидан бири сифатида танилган. Онаси Турар Шабарбаева эса хорижий тиллар институтида фаолият юритган тажрибали педагог бўлган.
Тоқаевнинг сиёсий ва дипломатик фаолиятидаги муваффақиятлари унинг пухта таълим базасига бориб тақалади. У 1975 йилда Москва давлат халқаро алоқалар институтини тамомлаган. Диплом олди амалиётини Хитойдаги собиқ Иттифоқ элчихонасида ўтаб, 1983–1984 йилларда Пекин лингвистика институтида малака оширган. Кейинчалик, 1992 йилда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатия академиясини ҳам муваффақиятли якунлаган.
Тоқаев иш фаолиятини 1975 йилда Ташқи ишлар вазирлигида бошлаган. У Сингапурдаги совет элчихонасида, кейинчалик эса Хитойда турли дипломатик лавозимларда ишлаган. У ерда 1991 йилгача иккинчи котиб, биринчи котиб ва маслаҳатчи лавозимларида фаолият юритган. 1992 йилда Қозоғистон ТИВ вазири ўринбосари, 1993 йилда биринчи ўринбосар, 1994 йилда эса Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган. 1999 йил октябрь ойида у мамлакат Бош вазири лавозимини эгаллади.
Тоқаев сиёсий фаолият давомида халқаро хавфсизлик масалаларида ҳам фаол бўлган. 2003–2007 йилларда яна Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб, ядровий қуролларнинг тарқалишига қарши курашда фаол иштирок этган.
2019 йил 20 мартда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққач, 2019 йил 9 июнь куни ўтказилган навбатдан ташқари президент сайловида Қасим-Жомарт Тоқаев 70,76 фоиз овоз билан ғалаба қозонган ва президент сифатида фаолият бошлаган.
Шунингдек, манбаларда унинг халқаро алоқалар, хавфсизлик ва дипломатияга оид 10 дан ортиқ китоб муаллифи бўлгани ҳамда бадиий ва тарихий адабиётларга қизиқиши ҳақида маълумотлар келтирилган. Айни дамда 72 ёшли Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиёдаги энг ёши ката президентлар рўйхатида 2-ўриндадир.
Марказий Осиёдаги энг ёш президент
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Марказий Осиёдаги энг ёш президент ҳисобланади. У 1981 йил 22 сентябрда туғилган бўлиб, 2022 йил 19 март куни, 40 ёшида Туркманистон президенти лавозимини эгаллаган.
Сердар Бердимуҳамедов 2022 йил 12 мартда бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловида иштирок этиб, 72,97 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. У собиқ президент — Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ягона ўғли бўлиб, сиёсий фаолиятини ҳукуматдаги турли лавозимлардан бошлаган. Президентликка сайланишидан олдин вазир, вилоят ҳокими, парламент депутати ва бош вазир ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Ҳозирда Сердар Бердимуҳамедов бир вақтнинг ўзида Туркманистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти бўлиб, шунингдек "Туркман алабайлари" ассоциациясига ва ахалтека отчилик ассоциациясига бошчилик қилади. У 2023 йилда армия генерали унвонига эга бўлган, шунингдек Туркманистон Қаҳрамони унвони билан ҳам тақдирланган.
Шунингдек, у инглиз ва рус тилларини билади ва бир нечта илмий ҳамда сиёсий китоблар муаллифи ҳисобланади.
Сердар Бердимуҳамедов президентлик лавозимига отаси ўрнини эгаллаб келган бўлса-да, у ҳозирда ўзининг мустақил сиёсий фаолияти ва ташқи дипломатик фаолияти билан танилмоқда.