Республикада аҳолининг жон бошига реал даромадлари миқдори ярим йилда 7,4 фоизга ўсди. Бу бўйича Статистика қўмитаси навбатдаги таҳлилини эълон қилди.
2025 йил январь июнь ҳолатига кўра, аҳоли умумий даромадлари 515,9 трлн сўмни ташкил этди. Бунда 2024 йил мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадлари реал ўсиш суръати 9,5 фоиз бўлди. Ўтган йили эса даромадлар 2023 йил I ярмидагидан 11,9 фоиз кўпроқ ўсганди.
Манбага кўра, даромад ўсиши валюта курси мўтадиллашиб, айрим хизматлар тушумлари қисқаргани сабаб секинлашган.
2025 йил I ярмида аҳоли жон бошига умумий даромадлар 13,7 млн сўмдан тўғри келган. Бунда киши бошига умумий даромадлар номинал ўсиши 17,7 фоиз, реал ўсиш суръати 7,4 фоиз бўлди.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар энг юқори ҳудуд доимгидек Тошкент шаҳри (35 млн 79 минг сўм) бўлиб қолмоқда. Кейинги ўринларда Навоий (20 млн 48 минг сўм), Бухоро (15 млн 883 минг сўм) ва Тошкент (13 млн 740 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилган.
Қорақалпоғистон (9 млн 198 минг сўм) ва Наманганда (9 млн 457 минг сўм) энг паст кўрсаткич кузатилган.
Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона вилояти (15,5 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (12,8 фоиз) кузатилди.
Даромадларнинг катта қисми ёлланиб ишлаш ва мустақил банд бўлишдан олинмоқда. Бу умумий миқдорнинг 60,6 фоизига тенг.
“Аҳоли умумий даромадларнинг 6,6 фоизи шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан, 3,4 фоизи мол-мулкдан, 29,4 фоизи трансфертлардан олинган”, дея қайд этган манба.
Ярим йил давомида аҳоли умумий даромадлари таркибида ёлланма ишчиларнинг даромадлари 28,2 фоизни ташкил қилди. Мазкур турдаги даромадлар ўсиш суръати 21,7 фоизга етди.
Олти ой давомида аҳоли умумий тушумлар ҳажмида кичик тадбиркорликдан олинган даромадлар улуши 57 фоиз бўлган.