Россияда мигрантларга қўйилаётган талаблар ортиб бормоқда: "Тил билмасанг – ўқима, солиқ тўламасанг – чиқиб кет!"

30.06.2025 16:20

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликлар сони 1,3 миллиондан ортиқни ташкил этади. Уларнинг салмоқли қисми, яъни 600 минг нафари Россия Федерациясида ишламоқда.


Чет элда ишлаётган фуқароларнинг аксарияти оиласининг асосий даромад манбаи бўлиб, уларнинг юбораётган пул ўтказмалари Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмларидан бири сифатида қаралмоқда. Бироқ, сўнгги йилларда Россияда меҳнат мигрантларига, хусусан, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўйилаётган ҳуқуқий ва бюрократик талаблар сезиларли даражада кучайгани кузатилмоқда. Жумладан, патент олиш тартибининг мураккаблиги ва нархи ҳар йили ошиб бораётгани, миграцион назоратнинг кучайтирилиши, рус тилини билиш ва тест топшириш мажбурияти бу жараённи янада мураккаблаштирмоқда.
 
Мазкур ҳолат меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг таъминланиши, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва меҳнат шароитларига оид муаммоларни чуқур ўрганишни ва тегишли чоралар кўришни талаб этади.
 
Ўзбекистон фуқароларининг Россияга боришни танлашида бир қанча муҳим омиллар роль ўйнамоқда. Аввало, мамлакат ичидаги меҳнат бозорининг чегараланганлиги асосий сабаблар қаторига киради. Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси тез суръатларда ўсиб бормоқда — 2025 йил бошидаги маълумотларга кўра, аҳолининг умумий сони 37 миллиондан ошган бўлиб, шундан тахминан 56 фоиз ёки 20 миллионга яқин фуқаролар меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Аммо, ички меҳнат бозорида барқарор ва кенг кўламли иш ўринлари етишмаслиги оқибатида ишсизлик даражаси 6,8 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда. Мутахассислар эса, яширин ишсизлик ва норасмий иш билан бандликни ҳисобга олганда, бу кўрсаткич 8–9 фоизга етиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.
 
Шунингдек, айни пайтда вилоятларда ёшлар ва битирувчилар кўп бўлишига қарамай, уларнинг ўз ҳудудларида мутахассисликлари бўйича иш топиш имконияти чекланган. Оқибатда кўплаб фуқаролар Россия каби хорижий давлатларда қурилиш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ишлашни афзал кўрмоқда.
 
Иккинчи муҳим омил — Россияда таклиф этилаётган иш ҳақининг Ўзбекистондагига нисбатан анча юқори бўлишидадир. 2025 йил биринчи чораги учун Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 5,8 миллион сўмни (тахминан 420–440 АҚШ доллари) ташкил қилмоқда. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 9 миллион сўмдан ошиб, 700 долларга яқинлашган.
Шу билан бирга, Россия Федерацияси Давлат статистика хизматининг (Росстат) 2025 йил январь–март ойлари ҳолатига берган маълумотларига кўра, мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 97 600 рубл атрофида бўлган бўлиб, бу тахминан 1100–1200 АҚШ долларини ташкил қилади.


Айниқса, қурилиш, логистика хизматлари ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган мигрантлар ўртача 800–1000 доллар атрофида даромад олишлари мумкин. Масалан, Москвада юк ташувчилар, ошпаз ёрдамчилари ёки курьерлар ойига 80000–90000 рубль (яъни 900–1050 доллар) миқдорида маош олишади. Бу эса Ўзбекистондаги шу турдаги иш ҳақлари билан таққослаганда камида икки баробар юқори эканини кўрсатади.
Шу жиҳатдан, юқори даромад омили Россияда ишлашни танлаётган ўзбекистонликлар учун асосий иқтисодий рағбатлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу тарзда, Ўзбекистондаги иш ўринларининг етишмаслиги ва Россиядаги юқори даромад имкониятлари биргаликда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат миграциясини кучайтирувчи асосий омиллардир.
 
Россия томонидан ўзбек мигрантларига қўйилган янги талаблар
 
Жорий йилнинг 30 июн кунидан бошлаб Россия билан визасиз режимда бўлган мамлакат фуқаролари Россияга киришидан олдин электрон ариза қолдириши шарт бўлиб, буни амалга оширмаганлар мамлакат ҳудудига киролмаслиги белгиланди. Айнан ўша кундан бошлаб, яъни 30 июндан Россияга хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириш ва чиқиш тартибини синовдан ўтказиш бўйича тажрибанинг иккинчи босқичи бошланган.

Бу тажриба Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилиши таъкидланган.
Шунингдек, визасиз тартибда Россияга кириш учун хорижий фуқаролар (шу жумладан, вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз шахсларнинг қонуний вакиллари) саёҳат режасидан камида 72 соат олдин Россияга кириш ҳақида электрон ариза тўлдиришлари шарт бўлган.


Агар кириш учун зудлик билан зарурат мавжуд бўлса (масалан, шошилинч даволаниш зарурати, яқин қариндошнинг оғир касаллиги ёки ўлими), ариза сафардан камида 4 соат олдин топширилишига рухсат берилган.

Мигрантлар учун рақамли профил тизими жорий этилади
 
Жорий йил 30 июндан бошлаб Россия Федерациясида мигрантлар учун рақамли профил тизими жорий этилди. Янги тизим доирасида ҳар бир мигрантга ягона идентификатор берилади. Мазкур рақамли профилдан келгусида қоғоз шаклидаги патент ҳужжатига альтернатив сифатида фойдаланилиши мумкин.


Мамлакат бош вазири Михаил Мишустинга кўра, миграция сиёсати ўта мураккаб ва нозик масала бўлиб, унда турли ижтимоий, иқтисодий ва хавфсизлик омиллари ўзаро боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Хусусан, ноқонуний миграциянинг юқори даражада эканлиги мамлакатда жамият барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид солаётгани қайд этилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан 640 минг хорижлик Россия ҳудудида ноқонуний равишда яшаб келмоқда ва улар махсус реестрга киритилган.
 
Айтиш керакки, рақамли профил лойиҳаси Россияда мигрантлар масаласида кўрилаётган ягона ташаббус эмас. Жорий йил 25 март куни ЛДПР партиясидан бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига мигрантлар учун мажбурий мақсадли патент жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этгани маълум қилинди.
 
Санкт-Петербургда миллати аниқланадиган камералар ўрнатилмоқда
 
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 8 мингта кузатув камераси одамларнинг миллатини аниқлай оладиган қилиб созланади.
Маълумотларга кўра, расмийлар бу камералар орқали мигрантларни ва улар кўп яшайдиган ҳудудларни кузатмоқчи бўлган. Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши эса бу режани танқид қилиб, “одам шаънини таҳқирловчи” деб атаган.
Бу ташаббус ҳақида шаҳар ҳокимиятидаги Миллатлараро муносабатлар қўмитаси раҳбари Олег Капитанов ахборот бериб, “Хавфсиз шаҳар” тизимининг янги имкониятларидан бири — миллатни аниқлаш функцияси ҳақида гапирган. Унга кўра, бу функция этник гуруҳлар алоҳида жойлашиб қолишининг олдини олиш ва ижтимоий танглик юзага келмаслиги учун мўлжалланган.

Капитанов миллатни аниқлай оладиган дастурий таъминот учун шартнома тузилганини ҳам маълум қилган. Маълумотга кўра, бу ишлар учун 38,4 миллион рубл сарфланган. 2024 йилда шаҳар аҳолисининг атиги 43 фоизи миллатлараро муносабатларни ижобий баҳолаган. Бу рақам ҳокимият кутган 62 фоиздан анча паст.
Шу йиғилишда давлат думаси депутати Михаил Романов мигрант-курьерлар пиёдалар йўлакларида электровелосипедларда одамларни уриб кетаяпти, деб шикоят қилган.
Санкт-Петербург шаҳар ахборот технологиялари қўмитаси эса “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида миллатни аниқлаш дастурий таъминоти учун лицензия 2024 йил охирида сотиб олинганини тасдиқлаган.
Қўмита бу тизим оммавий тадбирларда тартибни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва турли тилларда сўзлашадиган ходимларни тўғри жалб қилиш учун фойдали бўлишини айтган.
 
Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев эса бу тизимни танқид қилиб, “Бу каби мураккаб технологиялар нега керак? Шаҳар ҳокимияти қаерда қайси миллат кўпроқ яшашини аллақачон билади-ку”, деган.
МДҲ мамлакатлари институти раҳбари ўринбосари Александр Докучаев эса бу технология “масалан, қозоқни якутдан қандай ажратади?” деган саволни қўйган. У бу ғояни “ғалати” деб атаган ва у миллатлар ўртасида зиддиятни кучайтириши мумкинлигини айтган.
Валерий Фадеев камералар орқали миллатни аниқлаш ғоясини “одам шаънини камситувчи” деб баҳолаган. “Россия паспортида ҳам миллат ёзилмайди. Энди эса видеокамера одамнинг миллатини аниқлайди, дейишяпти”, деган у.

Россияда ўзбекистонлик мигрантлар юбораётган пулларга солиқ солиниши мумкин
 
Жорий йилнинг 3 февраль куни “Справедливая Россия — За правду” партияси раҳбари Сергей Миронов Россияда мигрантларнинг ўз юртига пул ўтказмалари учун 3 фоизлик солиқ жорий этилиши таклифи билан чиққан.
Мироновнинг айтишича, фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўтказмалари ҳисобига ҳам Россия бюджети йилига 45 миллиард рубль даромад олиши мумкин бўлади.


“Бу жуда катта миқдордаги пул. Фақат Ўзбекистон ва Қирғизистонга юборилаётган маблағларни ҳисобга олсак ҳам, солиқ жорий этилиши орқали йилига 45 миллиард рубль давлат бюджетида қолади”, — деган у.
 
“Ўрнини босмайдиган мутахассислар иқтисодиётимиздан ҳар йили олиб қўяётган маблағларнинг умумий миқдори қарийб 25 миллиард долларни ташкил этади”, — дейди Миронов.


Унинг маълумотига кўра, ўтган йили Россиядан Ўзбекистон ва Қирғизистонга 14 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказилган. Бундан ташқари, Тожикистон фуқаролари ҳам йиллик ҳисобда тахминан 5,7 миллиард доллар жўнатмоқда.
Миронов мигрантларнинг аксарияти Россияда солиқ тўламаслигини таъкидлаб, улар юбораётган пул Россия иқтисодиётига эмас, ўз мамлакатлари тараққиётига хизмат қилаётганини урғулаган.
Депутат бу масалада қонунчилик ташаббусини ишлаб чиқиб, уни давлат думасига тақдим этишни режалаштирган.
 
Шунингдек, Ўзбекистондаги 2021 йилги президентлик сайловларида давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурган “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни солиққа тортишни таклиф қилганди. Ўшанда у мамлакатнинг тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим эканини айтган.
"Мамлакат тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда муҳим. Нима учун бизда мигрантлар хорижда ишлаб, даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистон тараққиёти учун, келинглар, солиқ тўлайлик. Биз фақатгина мигрантлар ишлаган жойидан оиласига жўнатган пулини ҳисоб-китоб қиляпмиз. Бу яхши. Тан олишимиз керак. Лекин, у оиласига жўнатилган пул. Ундан солиқ ундирилмаганидан кейин мамлакатнинг тараққиёти учун ишлатилмаяпти. Шунинг учун мен таклиф қилган бўлардим, келинглар, янаям ватанпарварроқ бўлайлик. Мигрантлар ҳам мамлакат тараққиёти учун солиғини тўласин”, — деган эди Қодиров.
 
Фарзандини мактабга бермаган мигрантлар Россиядан чиқариб юборилиши мумкин

Жорий йилнинг 25 июнь куни Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев болаларини рус мактабларида ўқитмаётган мигрант оилаларини Россиядан чиқариб юборишни таклиф қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда 766 000 нафар вояга етмаган хорижлик болани рўйхатга олган. Шунга қарамай, уларнинг атиги 20 % Россиядаги таълим муассасаларида ўқиётгани аниқланган.
Фадеев бу рақамларни шарҳлар экан, қолган болалар ҳам рус мактабларида таҳсил олиши кераклигини таъкидлаган. У Россия конституциясининг 43-моддаси ва Оила кодексининг 63-моддасига мурожаат қилиб, ота-оналарнинг болаларга умумий таълим бериш мажбуриятини эслатган. 
“Худди шундай қонунлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам амал қилади. Бироқ, бу давлатлардан келган муҳожирлар болаларини мактабга юборишни шарт деб ҳисобламайдилар”, — деган Фадеев. Унинг фикрича, бу ҳолат Россия ҳудудида яшовчи юз минглаб болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини бузади. “Агар чет эл фуқаролари Россия қонунларига амал қилишни истамасалар, ўз юртига чиқиб кетсинлар. Фарзандларининг таълим ҳуқуқини эса, ўз давлати таъминласин”, — дея таъкидлаган у.


Шу билан бирга, Фадеев асосан Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини тилга олган бўлса-да, ички ишлар вазирлиги статистикаси барча хорижлик болаларни қамраб олган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, Россияда ота-оналар фарзандларига умумий таълим беришлари шарт бўлса-да, уларни айнан мактабга юборишга мажбурловчи аниқ талаб йўқ. Оила кодексининг 63-моддасида ота-оналар таълим шаклини ўзлари танлаши мумкинлиги қайд этилган. Бундай шакллар орасида оилавий таълим ёки мустақил ўқиш ҳам бор.
Шунингдек, бундан олдин 2024 йилда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилмаслик кераклигини таъкидлаган. У бундай болалар умумий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётганини билдирган. Бунгача ҳам ҳукумат вакиллари ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссарлар рус тилини яхши билмайдиган мигрант болалар сонини чеклаш, ҳатто уларни имконияти чекланган болаларга тенглаштириш таклифларини илгари сурган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар