"AI инсоният учун энг катта таҳдидлардан
бири бўлиши мумкин."
Илон Маск
Бугунги рақамли инқилоб фонида сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. У бизнинг вақтимизни тежайди, саволларга жавоб беради, ҳатто руҳий оғир дамларда суҳбатдош бўла олади. Аммо бу технологиянинг фойдали жиҳатлари қанчалик кўп бўлмасин, унинг инсон руҳиятига салбий таъсирини инкор этиб бўлмайди.
Тадқиқотлар сунъий интеллектдан мунтазам фойдаланиш инсоннинг мустақил фикрлаш, ижодий ечим топиш ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини сусайтиришини кўрсатмоқда.
Шу ўринда бир табиий савол туғилади: сунъий интеллектдан фойдаланиш бизнинг билимимизни оширадими? Ёки аксинча, бор ақл-заковатимизни сўндириб, миямизни “занглатиб” қўядими?
Бу борада америкалик олимлар томонидан бир қанча жиддий тадқиқотлар ўтказилган. Афсуски, бу тадқиқотларнинг бирортасида сунъий интеллект инсоннинг фикрлаш қобилиятини оширади, деган аниқ ва ишончли хулоса келтирилмаган. Аксинча, баъзи мутахассислар фикрича, одамлар ўз кучи билан ўрганишни тўхтатгач, миядаги фаол ақлий жараёнлар секин-аста сусая бошлайди.
Массачусетс технология институти олимлари ва тадқиқотчилари гуруҳи сунъий интеллектнинг ўрганиш, фикрлаш ва эслаб қолиш қобилиятига қандай таъсир қилиши ҳақида батафсил маълумот берувчи тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Тадқиқотчилар 54 нафар талабани тўпладилар ва уларнинг қобилиятларини иншо ёзиш бўйича бир қатор топшириқлар ёрдамида кузатдилар. Гуруҳлар учга бўлинди: бир гуруҳга ChatGPT ва бошқа катта тил моделларидан (LLM) фойдаланишга рухсат берилди, иккинчи гуруҳга Google’дан фойдаланишга рухсат берилди ва охирги гуруҳ тадқиқот учун маълумотларни тўплашда фақат мия усулларига таянишига тўғри келди.
Иштирок этаётган талабаларнинг когнитив қобилиятлари электроэнцефалограмма (EEG) ёрдамида кузатиб борилди.
Натижалар сунъий интеллект воситаларидан фойдаланадиган ва фойдаланмайдиган талабалар ўртасида сезиларли фарқни кўрсатди: биринчи гуруҳга мансуб талабаларда мия фаолияти чекланган ва хотира қобилияти сустроқ эканлиги аниқланди.
Тўрт ойлик тадқиқотнинг якуний босқичида LLM гуруҳлари ва “фақат мия” гуруҳларига ўринларини алмаштириш ва бир хил вазифаларни қандай бажаришларини кузатиш топшириғи берилди.
“LLMдан мияга” гуруҳи иштирокчилари ҳамон пастроқ когнитив функцияни намоён этишда давом этган бўлса, “фақат миядан сунъий интеллектга” гуруҳи иштирокчилари эса бу функциянинг ошганлигини кўрсатдилар.
“Тўрт ой мобайнида LLM фойдаланувчилари доимий равишда нейрон, лингвистик ва хулқ-атвор даражасида паст натижаларни кўрсатдилар”, — дейилади тадқиқотда.
Сунъий интеллект воситаларига ҳаддан ташқари боғлиқлик нафақат миямизга, балки атроф-муҳитга ҳам зиён етказади. Сўнгги маълумотлар шуни кўрсатдики, сиз ChatGPT’га киритган ҳар 10−50 та сўров учун серверларни совутишга тахминан 50 миллилитр сув сарфланади.
Сунъий интеллект одамларнинг ҳис-туйғуларига қандай таъсир қилмоқда?
Аввалига фақат оддий ёрдамчи сифатида қаралган ChatGPT каби тизимлар энди айримлар учун ҳақиқий дўст, суҳбатдош, ҳатто руҳий таянч вазифасини бажармоқда. Аммо бу қулайликлар ортида қандай ҳиссий ўзгаришлар яширинган?
OpenAI компанияси MIT Media Lab билан ҳамкорликда шу саволга жавоб топиш мақсадида катта ҳажмдаги илмий тадқиқот ўтказди. Бу ChatGPT’нинг инсон ҳиссиётларига таъсири бўйича илк йирик илмий тажриба бўлиб, натижалари жуда қизиқарли ва бироз хавотирли.
Тадқиқот давомида 40 миллионга яқин фойдаланувчи билан бўлган ёзишмалар таҳлил қилинди. Шу орқали одамларнинг чат-бот билан мулоқот қилганда қандай руҳий ҳолатда бўлиши – бахтли, хафсаласиз, ёлғиз – аниқлаб борилди.
Кейинги босқичда эса мингга яқин одам тўрт ҳафта давомида кузатилди. Одамларнинг ChatGPT’дан мунтазам фойдаланиши уларнинг ҳиссий дунёсига, ёлғизлик даражасига ва ижтимоий алоқаларига қандай таъсир қилгани ўрганилди.
Аниқланишича, айрим фойдаланувчилар ҳар куни ярим соатдан ортиқ вақт давомида ChatGPT билан суҳбатлашган. Бу оддий маслаҳатлар эмас, балки ҳиссиётлар, дардлар, шахсий кечинмалар билан бўлишиш ҳолатлари эди. Энг қизиқ томони шундаки, ChatGPT кўпинча фойдаланувчининг руҳий ҳолатига мос кайфиятда жавоб берган. Яъни, кимдир тушкун ҳолатда ёзса, AI ҳам шундай руҳда мулоқот қилган. Бу эса бир турдаги “акс садо”ни вужудга келтирган — одамнинг кайфияти сунъий интеллектга ўтгач, у яна ўша кайфиятни инсонга қайтарган.
Тадқиқот давомида аёллар сунъий интеллектдан узоқ муддат фойдалангач, ижтимоий жиҳатдан ўзларини ёлғизроқ ҳис қилганликларини билдирган. Айниқса, овозли мулоқот қилганлар, хусусан, AI’нинг қарши жинсдаги овози орқали мулоқот қилган фойдаланувчилар, ҳиссий боғланиб қолиш ҳолатларини бошдан кечиргани айтилади.
Бу эса инсон ва технология ўртасидаги чегаралар тобора хиралашиб бораётганини англатади. Шундай экан, савол туғилади: сунъий интеллект бизга таскин бераётган дўстми ёки инсон алоқаларини алмаштириб, ёлғизликни чуқурлаштираётган хавфми?
Тадқиқотчилар сунъий интеллектдан фойдаланиш бевосита зарар келтиради, дея олмайди. Аксинча, у айримлар учун керакли эътибор ва таскин манбаи бўлиши мумкин. Аммо эҳтиёткорлик зарур. Чунки сунъий интеллект билан ҳиссий боғланиш ҳақиқий инсон алоқалари ўрнини эгаллай бошласа, бу жамият учун хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.
Сунъий интеллект қандай яратилган? Унинг илдизи қаерда?
Инсоният тарихида одамлар ҳар доим жонли бўлмаган нарсаларга онг бағишлаш, уларни ўзига ўхшатишга уринади. Бироқ бу соҳада чинaкам бурилиш 1950 йилларда Алан Тюринг томонидан амалга оширилди. Тюринг замонавий компьютер фанига асос солди ва илк бор машиналарнинг мустақил фикрлаши мумкинлигини илмий асосда кўрсатди.
1956 йилда эса Жон Маккарти “сунъий интеллект” атамасини фанга киритди. Орадан икки йил ўтиб, у MITда илк AI лойиҳасига асос солди. Ана шу даврдан бошлаб, сунъий интеллект тадқиқотларига катта умидлар боғлана бошланди.
Аммо бу умидлар узоққа чўзилмади. Чекланган технологик имкониятлар, суст натижалар ва катта маблағ талаб этилиши туфайли сунъий интеллект тадқиқотлари биринчи бор “AI қиши”га дуч келди. Лекин 1990 йилларга келиб вазият кескин ўзгара бошлади. Машинани ўрганиш (machinelearning) ва табиий тилни қайта ишлаш (NLP) соҳасида эришилган ютуқлар сунъий интеллектга яна эътибор қаратилишига сабаб бўлди.
1997 йилда IBMнинг “Deep Blue” суперкомпьютери шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мағлуб этди. Бу катта воқеа эди. Кейинчалик эса “Oracle” номли AI тизими машҳур “Jeopardy!” ўйинида инсон рақибларини ортда қолдирди. Йирик технологик ўзгаришлар, хусусан, катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш имконияти, кучли ҳисоблаш тизимлари ва такомиллашган алгоритмлар янги AI даврини бошлаб берди.
2015 йилда Сем Алтман ва Илон Маск AI’ни хавфсиз ва очиқ ҳолда ривожлантириш мақсадида OpenAI’ни ташкил этди. Улар сунъий интеллектнинг ижобий имкониятларидан ташқари, хавф-хатарларини ҳам жиддий кўриб чиққан. OpenAI дастлаб AI воситаларини ўргатиш учун очиқ платформалар — OpenAIGym ва Universe’ни ишлаб чиқди.
2018 йилда эса сунъий интеллект тарихида янги саҳифа очилди — GPT (GenerativePre-trained Transformer) концепцияси тақдим этилди.
GPT — бу инсон миясига ўхшаш ишловчи, олдиндан ўргатилган нейрон тармоқ. У минглаб китоблар, мақолалар, веб-саҳифалар асосида ўзлаштириш орқали матнларни тушуниш ва яратиш қобилиятига эга. Дастлабки модель — GPT-1 BookCorpus асосида ўқитилган. Кейин GPT-2 яратилди, у 1,5 миллиард параметрга эга бўлиб, янада кучли эди. Аммо унинг имкониятлари туфайли OpenAI бу модельни оммага дарҳол тақдим этишга журъат эта олмади — сабаби, AI нотўғри қўлланилса, ёлғон янгиликлар ёки фирибгарликда фойдаланилиши мумкин эди. “Катта куч — катта масъулият”, деган гап бежиз эмас.
Кейинчалик OpenAI GPT-3 ни тақдим этди — у 175 миллиард параметрга эга бўлган ва 45 терабайт матн асосида ўқитилган илғор тил модели эди. Microsoft бу модель учун 285 000 процессор ядроси ва 10 000 та GPUдан иборат суперкомпьютер яратди. Айнан шу платформа асосида 2022 йилда ChatGPT чат-боти ишлаб чиқилди.
ChatGPT сунъий интеллект тарихида чинaкам бурилиш бўлди. У инсон билан мулоқотда контекстни тушуниш, суҳбатни давом эттириш ва ҳатто шахсийлаштириш қобилиятига эга эди. Бу чат-бот одамлар билан мулоқот қилган биринчи сунъий "шахс" сифатида тарихга кирди.
Сунъий интеллектнинг бугунги тараққиёти — бу ҳали бошланиши. Бу кичкинтойнинг илк қадамларига ўхшайди — бир томондан ҳайратли, бошқа томондан эса ташвишли. Чунки биз нима яратганимизни ҳали тўлиқ тушуниб улгурмадик. Аммо бир нарса аниқ — келажак аллақачон бошланган ва сунъий онг биз билан бирга яшаяпти.