Сотқинликни касбга айлантираётган тизим

14.06.2025 14:23


Сўнгги пайтларда  қонунчиликда давлат идоралари томонидан турли қонунбузарликлар ҳақида ахборот берган фуқароларни моддий рағбатлантириш  тўғрисидаги  қарорлар тез –тез татбиқ қилинмоқда. Хусусан, рухсатсиз қурилиш, кўп қаватли уйда ўзгартириш киритиш, Дарахт ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш каби ҳолатларидан  хабар берганлар мукофотланиши ҳақида қонун ва қарорлар эълон қилинган. 


Масалан, 2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилган. Фуқаролар “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” бўлими орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган тақдирда, ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида пул мукофоти олишлари белгиланган. 

Шунингдек, 2021 йил октябрь ойида президент томонидан назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинган. Унга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харид қилган фуқаролар харид чекининг QR-кодини солиқ органларининг мобил иловаси орқали сканерлаб рўйхатдан ўтказган тақдирда, харид суммасининг 1 фоизи ой якунида уларнинг банк картасига республика бюджетидан қайтарилиши белгиланган. 

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича 99 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. 



 
“Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 99 128 та мурожаат келган.  

Ушбу тизим жорий этилганига ҳеч қанча вақт ўтмасдан, яъни  2022 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг дарахт ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш ҳолатлари ҳақида давлат идораларига хабар бергани учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган. Бунга кўра, “EkoNazorat” портали орқали юборилган фото ва видеоматериаллар асосида дарахт, бута ёки бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш ёки шикастлаш ҳолатлари тасдиқланганда, хабар берган фуқарога ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан БҲМнинг 1 баравари (тахминан 270 000–330 000 сўм) миқдорида пул мукофоти тўланади. Мукофот тўғридан-тўғри қонуний жарима маблағлари ҳисобидан ажратилиши белгиланган. 

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳам жорий этилган. Жумладан, тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган, шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсларни аниқлашда ёрдам кўрсатган фуқароларга бир марталик пул мукофотлари тўланади. 

Шунингдек, коррупцияга қарши курашга бошқа шаклда кўмаклашган фуқароларни ҳам рағбатлантириш масаласи махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади. Ушбу комиссиялар коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида фаолият юритади.  


Юқоридаги қонунчиликдаги ўзгаришлар биз учун янгилик бўлмаслиги мумкин, бироқ эндиликда сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этган фуқаролар ҳам рағбатлантирилмоқда. 

Сўнгги йилларда сув ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кескин ортиб бораётган бир шароитда ҳукумат бу борадаги назоратни кучайтириш мақсадида фуқаролик фаоллигини рағбатлантиришга киришди. Адлия вазирлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, эндиликда сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида фото ёки видеоматериал тақдим этган фуқароларга моддий мукофот берилади. 

Бунда  “v-nadzor.gov.uz” платформаси орқали юборилган материаллар (фото ва видеолар) махсус комиссия томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилади. Агар ҳолат тасдиқланса, ушбу хабарни биринчи бўлиб тақдим этган фуқаро ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 25 фоизи миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.Шунингдек, видео лавҳаларда ҳуқуқбузарликнинг ўзи, воқеа жойи, санаси ва вақти аниқ кўрсатилган бўлиши, у 120 сониядан ошмаслиги лозим. Тақдим этилган материаллар ҳуқуқбузарлик аниқланганидан сўнг 48 соат ичида юборилиши керак. Жарима белгиланганидан сўнг эса  15 кун ичида мукофот пули фуқарога берилади

Бир қарашда бу ташаббус қонунбузарликларнинг олдини олиш ва тартибни таъминлашга қаратилгандек туюлади. Аммо масалага чуқурроқ ёндашилса, ушбу амалиёт фуқаролик фаоллигидан кўра "сотқинликни касбга айлантириш" тенденциясини юзага келтираётганини кўриш мумкин. 

Давлат идоралари зиммасидаги мажбуриятлар – халқ елкасида қолмоқдами? 

Аксарият ҳолатларда бу каби чоралар ўз вазифасини тўлақонли бажара олмаётган ташкилотларнинг ожизлигини ниқоблаш воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Ҳолбуки, ноқонуний қурилишлар ёки сувдан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатларни аниқлаш ва чора кўриш — тегишли назорат органларининг тўғридан-тўғри вазифаси ҳисобланади. 
Ушбу масъулиятни фуқароларга юклаб, уни “фуқаролик огоҳлиги” деб кўрсатиш, аслида ташкилотларнинг тизимли заифлигидан далолат бераётгандек эмасми? 

Жамиятда ишонч эмас, шубҳа кучаймоқда 

Мазкур амалиёт ижтимоий психологияга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Одамлар ўртасидаги ишонч сусаймоқда. Қўшни қўшнига шубҳа билан қарай бошлайди, дўст дўстдан эҳтиёт бўлади. Вақт ўтиб бу ҳолат жамиятда ғийбат, кузатув, қораланиш ва "сотқинлик" маданиятини шакллантириши мумкин. 

Айниқса, ёш авлод учун бу хавфли  тенденцияга айланмоқда. Бугун сув исроф қилаётган қўшниси ҳақида хабар берган бола, эртага ватан манфаатларини ҳам "ахборот" деб сотишни одатий ҳол деб қабул қилиши мумкин. Албатта,  
тартиб-интизом ҳар бир жамият учун зарур. Аммо бу тартиб сотқинликни эмас, ишончни кучайтириш орқали таъминланмоғи лозим. Фуқарони ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар беришга эмас, қонунга риоя қилишга ундаш муҳим. Аслида  
жамиятни “жосуслар” эмас, адолатли ва масъулиятли тизимлар тартибга солиниши керак. 

Ахборот берганларга мукофот бериш амалиёти, тизимдаги муаммоларни халқ зиммасига юклашнинг қулай усули каби кўринмоқда.  Бундай ёндашув билан жамиятда ишонч эмас, қўрқув кучаяди. Охир-оқибат бу йўл бизни жамиятда ишонч асосларини емирадиган, салбий психологик муҳитга етаклаши мумкин. 
Бизга мукофотга интилувчи сотқинлар эмас, масъулиятли ва ўз вазифасини сидқидилдан бажарадиган мутасаддилар керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар