Қўлланилган макропруденсиал чоралар натижасида эришилган ютуқларга қарамай, Ўзбекистонда аҳолининг қарз юки, айниқса микрокредитлаш соҳасидаги ўсиши тўғрисида хавотирлар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2024 йилги молиявий барқарорлик шарҳида маълумот берилган.
Қарз юки даражаси
Ўтган йили жисмоний шахсларнинг умумий қарз юкининг ўртача даражаси барча мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда бироз ошди ва 34 фоизни ташкил этди. Яъни, Ўзбекистон фуқаролари ўз даромадларининг учдан бир қисмидан кўпроғини барча қарзларни, шу жумладан банклардаги кредитлар, микроқарзлар ва бошқа мажбуриятларни тўлашга йўналтирган. Масалан, бир киши бир ойда 3 млн сўм ишлаб топса, 1,02 млн сўмини кредит тўловларига сарфлайди.
Банклардан кредит жалб қилган фуқаролар орасида қарз юки кўрсаткичи DSTI (қарз олувчининг даромадидан кредитни сўндиришга йўналтириладиган улуши) 50 фоиздан юқори бўлган кредитлар улуши жами кредитларнинг 40 фоизини ташкил этди. Яъни кредитларнинг деярли ярми ойлик даромадининг ярмидан кўпи қарзни тўлашга кетадиган одамларга берилди.
Қарз юки кўрсаткичи 26−50 фоиз оралиғида бўлганлар улуши 42 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 12 фоиз қарз олувчиларда тўлов қобилиятини йўқотиш хавфи юқори — уларнинг DSTI кўрсаткичи 100 фоиздан ошади.
Автокредитлаш
Ҳисоботга кўра, автокредитлаш сегментида вазият яхшиланган: Марказий банкнинг чора-тадбирлари туфайли хатар даражаси пасайган. Автокредитлар бўйича ўртача DSTI кўрсаткичи 69 фоиздан 61 фоизга тушди. 2024 йилнинг иккинчи ярмида 50 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлган қарз олувчиларнинг улуши 23 фоиз пунктга камайиб, 40 фоизни ташкил этди.
Макропруденсиал инструментларнинг қатъийлаштирилиши автокредитларнинг гаров билан таъминланишида ижобий ўзгаришларга олиб келди. Хусусан, 2024 йилда LTV (кредит суммасининг гаров қийматига нисбати) кўрсаткичи 80 фоиздан юқори бўлган автокредитлар улуши (яъни харидорлар 20 миллион сўм ва ундан паст бошланғич тўловни тўлаб, 100 миллион сўмлик автомобиль сотиб олиш учун 80 миллион сўм ва ундан юқори миқдорда қарз олиши мумкин эди) 2023 йилга нисбатан 6 фоиз бандга камайиб, барча автокредитларнинг 48 фоизини ташкил этди.
2024 йилда ажратилган автокредитлар бўйича ўртача тортилган LTV кўрсаткичи 73 фоизни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 9 фоиз бандга камайган.
Ипотека
Ипотека кредитлари бўйича кредит суммасининг гаров қийматига ўртача нисбати LTV ўтган йилга нисбатан бироз ошган ҳолда 76 фоиз даражасида сақланиб қолди.
Ипотека кредити олган жисмоний шахсларнинг бешдан бир қисми даромадларининг асосий қисмини қарзларни тўлашга сарфлайди. 2024 йилда ипотека кредит олувчиларнинг 21 фоизида DSTI кўрсаткичи 100 фоиздан ошган, яъни уларнинг қарзи даромадидан юқори бўлган.
DSTI 50 фоиздан паст бўлган қарз олувчиларнинг улуши 39 фоизни ташкил этди. Ипотека олган жисмоний шахслар ўртасида DSTI’нинг ўртача кўрсаткичи (барча банк ва банкдан ташқари мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда) 65 фоизни ташкил этди.
Микрокредитлаш
Шу билан бирга, микрокредитлаш соҳасида хатарлар ошган. Муаммоли кредитлар улуши юқори бўлиб, айрим банкларда шаклланган захиралар даражаси пастлигича қолмоқда. Қарз юки кўрсаткичи (34 фоиз) ипотека ва автокредитларга қараганда камроқ бўлса-да, унинг ўсиш суръати юқорироқ.
Берилган микроқарзлар ҳажми ва қарз олувчилар сони жадал ўсиб бормоқда. 2024 йил якунларига кўра, банкларнинг кредит портфелида микроқарзлар қолдиғи автокредитлар ҳажмидан 6 фоиз бандга ошиб, 42,4 трлн сўмни ташкил этди.
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, микроқарз олувчилар сони қарийб 2,3 миллион кишига етди — бу ўтган йилга нисбатан 37 фоизга кўпдир. Таққослаш учун: 2019 йилда микроқарзлар 500 минг қарз олувчида бўлган (4,6 баравар кам).
Ҳар бир кишига 1,7 та микроқарз шартномаси тўғри келади (0,4 та эди), бу эса ортиқча қарз юки хавфини кучайтиради.
Микроқарзларни беришда аниқ мақсад ва гаров таъминоти талабларининг мавжуд эмаслиги қарз олувчиларнинг ўз мажбуриятларини бажармаслик хавфини оширади, бу эса, ўз навбатида, банкларнинг кредит йўқотишлари хавфини оширади.
Шу сабабли Марказий банк 24 июлдан бошлаб микроқарзлар бўйича талабларни кучайтиради. Банклар портфелидаги улуш 25 фоиздан ошмаслиги керак. Шунингдек, микроқарз олувчи барча фоизлар, комиссиялар, жарималар, пенялар ва бошқа тўловларни ҳисобга олган ҳолда бир йил давомида олинган сумманинг 50 фоизидан ортиқ тўлаши мумкин эмас.
«Юқумли» хавф
Алоҳида таъкидланишича, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида барча кредит шартномалари ичида расмий даромадга эга бўлмаган шахслар билан тузилганлари 23 фоизни ташкил этган. Иккинчи ярим йилликда бу кўрсаткич 13 фоизгача пасайган, бироқ бундай қарз олувчилар учун юқори хавф даражалари ҳамон сақланиб қолмоқда.
Бир нечта кредит мажбуриятларига эга қарз олувчилар улушининг ўсиши Марказий банкда ташвиш уйғотмоқда. Тижорат банклари портфелида бир нечта кредитга эга бўлган қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида «юқиш хавфи»ни (contagion risk) ошириши мумкин: бир мижознинг тўлов қобилиятининг ёмонлашуви бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларнинг активлар сифатига таъсир кўрсатади.
Регулятор маълумотларига кўра, 2024 йил давомида кредит олган жисмоний шахсларнинг 68 фоизи биттадан ортиқ кредит мажбуриятига эга бўлган. Автокредит ва ипотека олувчилар орасида бундай қарз олувчиларнинг улуши мос равишда 42 фоиз ва 48 фоизни ташкил этди. Микрокредитлаш сегментида бу кўрсаткич 70 фоизга етди.
Шу билан бирга, бир қарз олувчига тўғри келадиган қарздорлик 37,6 миллион сўмга етиб, йил давомида 1,5 фоизга ошган. Бироқ, аҳоли жон бошига ЯИМнинг қарзга нисбатан тезроқ ўсиши қарз юкининг ўсишини қисман қоплади.