Илк пулли йўл: Инвестор сир, тендер эса йўқ

26.02.2026 11:31



Ўзбекистондаги илк пулли автомобиль йўли — Урганч—Хива трассаси қурилиши жамоатчиликда жиддий саволларни уйғотмоқда. Қиймати 120 миллион доллар бўлган ушбу йўл лойиҳасида шаффофлик ва қонун устуворлиги борасида қатор шубҳали ҳолатлар мавжуд.

Инвестор ким? Тендер қани?
Лойиҳанинг энг асосий ва жумбоқли томони шундаки, қурилишни молиялаштираётган инвесторнинг номи ҳалигача ошкор этилмаган. Шунингдек, бундай йирик давлат лойиҳаси учун мажбурий бўлган тендер ўтказилгани ҳақида ҳеч қандай очиқ маълумот йўқ. 

Молиялаштиришнинг бир қисми Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси зиммасига тушган бўлса-да, томонларнинг улушлари сир сақланмоқда.

Буюртмачи ҳам, ижрочи ҳам — битта тизим
Лойиҳанинг ижро этилиш схемаси мутахассисларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда:

* Буюртмачи: Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги дирекция.
* Пудратчи: Айнан шу қўмита таркибидаги корхоналар.
* Хом ашё: Қўмитага қарашли заводлардан етказиб берилмоқда.

Бундай вазиятда битта тизим ҳам техник топшириқни шакллантиради, ҳам ижрочини танлайди, ҳам назоратни амалга оширади. Бу коррупция хавфини ва манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи классик ҳолатдир.

Қонунга зид қурилишми?
Энг хавотирли жиҳати, қурилиш ишлари лойиҳалаш билан параллел равишда олиб борилмоқда. Ваҳоланки, 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларисиз ёки лойиҳалаш ва қурилишни бир вақтда олиб бориш орқали давлат маблағларини сарфлаш қатъиян тақиқланган.

Харажатлар кўпайиши муикин
Агар пудратчилар очиқ тендерсиз, тизим ичида белгиланган бўлса, демак, нархларнинг бозордаги қиёслаши ва қийматнинг мустақил баҳоланиши мавжуд эмас. Шунингдек, ташқи инвестор, молиялаштириш улушлари, тендер ҳақидаги маълумотлар, бўлажак тарифлар, транспорт оқими ва йўлнинг ўзини қоплаши бўйича ҳисоб-китоблар очиқланмаган.

Лойиҳалаш билан бир вақтда қурилишни олиб бориш эса, илгари кузатилганидек, лойиҳага тузатишлар киритилишига, харажатлар сметасининг кенгайишига ва сарф-харажатларнинг ортишига олиб келиши мумкин.

Лойиҳа нима ваъда қилмоқда?
35 километр узунликдаги тўрт полосали трасса қиймати 120 миллион долларни ташкил этади. У мавжуд йўлга муқобил бўлиши, йўл вақтини 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқартириши ва суткасига 20 мингдан ортиқ автомобиль ўтказиш қувватига эга бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойини ўз ичига олади.

Айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги лойиҳа юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган. Халқ пули ва ташқи қарз ҳисобига қурилаётган йўлнинг тарифлари, ўзини қоплаш муддатлари ва иқтисодий асослари ҳамон “ёпиқлигича” қолмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар