“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлардан иборат банк мижозлари учун бир қатор янги лойиҳа ва хизматларнинг тақдимотини ўтказди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банки сифатида бизнесни қўллаб-қувватлашга, хусусан, қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янада қулай шароитлар яратишга интилмоқда.
Дастлаб тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, фаоллар олдида қурилиш соҳасида факторинг хизматлари афзалликлари ва уни ривожлантириш истиқболларига оид маълумотлар тақдим этилди.
Жумладан, тадбиркорларнинг айланма маблағлар билан таъминланишида Факторинг молиявий интрументининг аҳамияти ҳақида банкнинг Кичик бизнес департаменти томонидан тақдимот ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августда қабул қилинган PF-109 сонли “Факторинг хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда. Фармон ижроси доирасида тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш, имкониятларини ошириш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан факторинг хизмати йўлга қўйилган.
Факторинг – хўжалик юрутувчи субъектлар (етказиб берувчилар)ни молиялаштиришга доир банк хизматларидан бири бўлиб, бунда улар банк (молия агенти)га етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки хизматлар учун тўловчилар томонидан аксептланган, лекин тўлов талабномалари бўйича тўлов қилинмаган тўловни, регресс ҳуқуқисиз олиш ҳуқуқи”.
Иштирокчиларга тадбиркорлар ўртасидаги молиявий муносабатларда факторинг хизматидан фойдаланиш шартлари ва аҳамияти хусусида батафсил маълумот берилди. Жумладан, товар ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловни анъанавий ҳамда факторинг инструменти орқали амалга оширишнинг фарқлари мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
Сўзга чиққанлар факторинг бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қулай воситаси эканини билдиришди. Масалан, етказиб берувчи мижозга хизмат ёки товар етказди, аммо ҳали тўлов қилинмаган. Бу вазиятда банк ёки факторинг компаниялари ёрдамга келади. Улар қарзнинг (камида 80-90 фоизини) тўлаб берадилар, мижоз эса кейинчалик белгиланган муддатда қарзни банкка қайтаради. Бунда 2.5 фоиздан 10 фоизгача бўлган дисконт, яъни банк томонидан молиялаштирилган сумма билан шартнома бўйича тўлов талабномаси суммаси ўртасидаги фарқ банк ҳисобида бўлади.
Мазкур хизматдан бюджет ташкилотлар ва жисмоний шахслар, зарарга кирган корхоналар фойдалана олмайдилар.Ушбу хизмат бир календар йилида 1 миллиард сўмдан 100 миллиард ва ундан кўп даромад қилувчи тадбиркорлик субъектларига қисқа муддат – 120 кундан 12 ойга қадар кўрсатилади. Факторинг маблағи миқдори тўловчи (дебитор)нинг жами 12 ойдаги даромадининг 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда берилади. Бунда кичик субъектлар учун 1 миллиард сўмгача, ўрта бизнес субъектлари учун 5 миллиард сўмгача, корпоратив бизнес субъектлари учун 10 миллиард сўмгача этиб белгиланган.
Спикерлар тақдимотлар орқали факторинг хизматининг қулайликлари, кредит хизматидан фарқлари ҳақида ҳам батафсил тушунтириш беришди.
Шу билан бирга, Электрон платформа орқали факторинг хизматларини кўрсатиш шартлари ҳам тушунтириб ўтилди. Ўз навбатида, Факторинг амалиётларини рақамлаштиришнинг афзалликлари ҳақида ҳам алоҳида маъруза қилинди.
Тадбир доирасида банк томонидан кўрсатилган молиявий хизматлар натижасида ўз фаолиятини кенгайтирган мижозлар билан мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар томонидан ўтган давр мобайнида банк молиявий кўмагида амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли қисми бу банк томонидан хизмат кўрсатилиши ёки молиялаштирилиши кутилаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳам давра суҳбати ўтказилгани бўлди.
Суҳбат давомида мижозларга лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мавжуд хизматлар таклиф этилди. Тақдимот ва хизматлар юзасидан тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга банк масъул ходимларидан жавоб олдилар.
Реклама ҳуқуқи асосида