"Ташаббусли бюджет"да мажбурий овоз тўплаш – халқ учун адолатлими?

20.03.2025 10:38

Ҳар сафар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси старт олганда аҳоли гавжум жойларда “битта овоз – фалон сўм” деган таниш чақириқлар янграйди. Расмий баёнотларда жараён фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани айтилади, амалда эса ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа давлат хизматчилари ўз ишини ташлаб, овоз йиғишга мажбурланади.

  • Фарғона вилоятининг Қува туманидаги мактаблардан бирида опен бюджет учун ўқитувчиларнинг ойлик маошидан 700 минг сўм пул талаб қилган директор ишдан олинди.
  • Мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар овоз йиғишга мажбур қилинди.

 

Ҳамширалар одамларнинг соғлиғи билан шуғулланиш ўрнига, иш вақтида уйма-уй юриб, овоз тўплаш билан оввора бўлди. Маъмурият ишчи ходимлари ҳам иш вақтида компютерда овоз йиғишга жалб қилинди.

Бу ҳақиқатдан ҳам халқ манфаати учун қилинган лойиҳа бўлса, нега уни қўллаб-қувватлаш мажбуриятга айланиб қолди? Нима учун халқ ўзининг ҳаққи бўлган, ўзи тўлайдиган солиқлар эвазига битириладиган эҳтиёжлари учун яна ўз ёнидан пул сарфлаб, овора бўлиб, ишларини бир четга суриб, камига гап-сўзга қолиб овоз тўплаши керак?


Аслида, “Ташаббусли бюджет” қандай лойиҳа? Ушбу жараёнда шаффофликни таъминлаш учун чора-тадбирлар кўриляптими?
Rost24.uz шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Опен бюджет нима?

"Опен бюджет" – бу ҳукуматнинг бюджет жараёнини шаффоф ва ҳаммага очиқ қилишга қаратилган тизими.
“Ташаббусли бюджет” эса оддий одамлар давлат маблағининг бир қисмини ўзлари истаган лойиҳаларга йўналтириш имкониятига эга бўладиган тизим. Яъни, ҳукумат қайсидир миқдордаги маблағни ажратади, лекин уни қаерга сарфлашни халқнинг ўзи ҳал қилади. 

Ушбу жараён қандай ишлайди?

Фуқаролар маҳаллаларидаги муаммолар ёки эҳтиёжлар асосида ўз таклифларини "Очиқ бюджет" порталига жойлаштиради. Масалан, кимдир: "Бизга янги болалар майдончаси керак" деса, яна кимдир "Йўлимиз таъмирталаб, уни тузатиш керак" дейди. Яна бошқа биров "Маҳалламизда тунги ёритиш тизими йўқ" – деб таклиф беради.
Ҳукумат вакиллари ва мутахассислар ушбу таклифларни ўрганиб чиқади ва маблағ етадими? Ҳақиқатан ҳам бу лойиҳа амалга ошса фойдали бўладими? Шу саволларга жавоб изланади.
Кейин фуқаролар ўзларига ёққан лойиҳалар учун овоз беришади. Энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб бўлади ва давлат томонидан молиялаштирилади.Ғолиб бўлган лойиҳалар маҳаллий ҳокимият ва тегишли ташкилотлар томонидан бажарилади.

Халқ лойиҳанинг қандай амалга оширилаётганини кузатиш, танқид қилиш ёки фикр билдириш ҳуқуқига эга. Аммо амалда бунга имконият борми?
Масалан, ғолиб бўлган ташаббус орадан 4-6 ой ўтиб, борингки 1 йил ўтгач битказилади, лекин ким уни текширади? Сифатни ким назорат қилади? "Ташаббусли бюджет" доирасида ғолиб бўлган лойиҳаларнинг якуний натижасини Опен Бюджет сайтидан топиш мумкинми? Бу саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда. 

Аммо яқинда ижтимоий тармоқларда “Ташаббусли бюджет” ташаббуси билан қурилган стадионнинг қуриб битказилгани ҳақида бўлмаса ҳам, битта қорга бардош бермай қулаб тушгани ҳақида маълумотга эга бўдик.

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 48 мактаб ҳудудида жойлашган сунъий қопламали стадионнинг томи қулаб тушди. Ҳокимликнинг маълум қилишича, бу ҳолат кучли шамол ва қалин қор туфайли юзага келган. 1,19 миллиард сўмга қурилган ушбу иншоот нима учун бир кеча ёққан қорга дош бера олмади? Қурилиш сифати ва назорати қандай бўлган? Табиий омиллар, масалан, қор ва ёмғирлар, лойиҳа режасига киритилмаганми? Ҳозирги кунда, ушбу ташаббус асосида қурилган бошқа обектларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар йўқ.

  Ушбу лойиҳа нима мақсадда ишлаб чиқилган? 

 Ушбу лойиҳа қайси масала муҳим эканини ҳокимият эмас, айнан аҳоли ҳал қилиши учун ишлаб чиқилган. Сабаби, қаерда муаммо борлигини ҳокимият биносида ўтирган амалдорлардан кўра, муаммоли ҳудудда яшовчи аҳоли яхшироқ билади. 

  Халқаро тажриба 

Партисипатор бюджетлаштириш деб аталувчи опен бюджет тизими 1989 йилда биринчи марта Бразилиянинг Порто-Алегри шаҳрида қўлланилган. Маъмурият фуқароларга шаҳар бюджетининг бир қисмини қандай тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини берди. Бугунги кунда, ўттиз йиллик муваффақиятли амалиётдан сўнг, Порто-Алегри фуқаролари шаҳар бюджетининг 20 фоизини тақсимлашга эришган. 

Шунингдек, мазкур бюджет амалиётини Ғарбий ва Шарқий Европадаги 20 дан ортиқ давлатлар, Лотин Америкаси, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар муваффақиятли қўлламоқда. Масалан, Ҳиндистоннинг Керала штатида партисипатор бюджетлаштириш амалиёти 1996 йилда тўлиқ амалга оширилган бўлиб, фуқаролар 24 йилдан кўпроқ вақтдан бери бюджет жараёнида иштирок этиб келмоқда. 

 Бразилияда  иштирокчи  бюджетлаштириш 

Бразилияда иштирокчи бюджетлаштириш (ИБ) дастури 1989 йилда Порто-Алегре шаҳрида жорий этилган. Ушбу жараёнда фуқаролар шаҳарнинг бюджети қандай сарфланишини белгилашда бевосита иштирок этиб, маҳаллий лойиҳалар учун маблағ ажратиш масалаларини муҳокама қилишади ва овоз беришади. Бу ёндашув ҳукумат харажатларида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, шунингдек, фуқароларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади. 

Умуман олганда, бюджетлаштириш Бразилияда фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлаш орқали демократияни мустаҳкамлаш ва ижтимоий адолатни тарғиб қилишда самарали восита сифатида эътироф этилган. Ҳар ҳолда уларда биздаги каби пулга овоз сотиб олинмайди, ким ўзарга мусобақалишмайди. 

Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаш жараёни 

Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаш жараёни 2019 йилда жорий этилган. Бу тизим орқали фуқаролар давлат буджети маблағларини қандай сарфлашни белгилашда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. 

Шу кунгача ушбу лойиҳа жараёнида кўзга кўринган камчиликларни бартараф этиш учун бир неча бор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 2025 йил 13 январда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳар бюджетида камида 10 та, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағлар режалаштирилиши белгиланди. Агар лойиҳалар сони 10 тадан ортиқ бўлса, маблағлар аҳоли сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Бу ўзгариш маблағларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш ва ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжларига мос равишда лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида киритилган. 

Ташаббусли бюджет доирасидаги чекловлар 

Ташаббусли бюджет доирасида ташкилотлар томонидан автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радарлар, кузатув камералар, светофорлар) ва раҳбар ходимлар учун мебел жиҳозларини харид қилиш тақиқланади. Бу чекловлар маблағларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга йўналтирилишини таъминлаш ва бюджет маблағларининг самарали сарфланишини назорат қилиш учун жорий этилган. 

 2024 йил 1 апрельдан янги тартиблар 

2024 йил 1 апрелдан бошлаб, ташаббусли бюджет доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилди. Бу ўзгартириш лойиҳаларнинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида киритилган. 

 Олий ўқув муассасаларининг иштироки 

2025 йилдан бошлаб, молиявий мустақил бўлган олий ўқув муассасаларининг ташаббусли бюджет жараёнларида иштирок этишига рухсат берилмади. Бу ўзгартириш олий ўқув юртларининг молиявий мустақиллигини инобатга олган ҳолда, уларнинг бюджет жараёнларида иштирокини тартибга солиш учун киритилган. 

Овоз бериш тизими 

Даставвал, ҳар бир фуқарода нечта телефон рақами бўлса, шунча овоз бериш ҳуқуқига эга эди. Кейинроқ, лойиҳанинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир одамга паспорти билан олинган битта рақамда овоз бериш тизими жорий этилди. Бу, албатта, яхши, аммо овозлар сони маълум ҳудудда яшовчилар сонидан ортиқ бўлиши ҳам инобатга олинса, тизим янада адолатли ва самарали бўларди. 

Жараённинг адолатли ташкил этилиши учун шунча ўзгартиришлар киритиляпти. Хўш, бу билан овоз йиғиш жараёни шаффофлашдими? Афсуски, йўқ. Тизимдаги муаммолар ва мажбурий овоз йиғишга бўлган даъватлар янада ортмоқда. 

Масалан, аҳолининг кўп қисми "ташаббусли бюджет " деганда, маҳаллаларидаги камчиликларни бартараф этиш эмас, балки ўз овозлари эвазига озгина бўлса-да, рўзғор учун пул ишлаб олишни тушунишади. Афсуски, "Битта овозга палон сўм, икки овозга пистон сўм, йўқ жойдан пул ишлаб олинг", дея овоз йиғувчилар дастидан инсонлар, қайси лойиҳага ва нима учун овоз бераётганлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. 

Шунингдек, мактабларда ўқитувчиларга бўладиган тазйиқлар, шифохоналардаги овоз йиғишга мажбурланган ходимлар машмашаси ортса ортдики, асло камаймади. Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги 8 мактабда бошланғич синф ўқитувчиси ота-оналарга овоз беришни талаб қилиб овозли хабар юборган. У бу ишга мактаб маъмурияти томонидан мажбурланганини айтган. Натижада вазият жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнг жавобгарлик оддий ўқитувчига юклатилган.

Аудио ёзувда ўқитувчи маъмурият томонидан босим бўлаётганини очиқ айтган бўлса-да, Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳеч ким мажбурланмаганини, овозлар фақат ихтиёрий тўпланганини таъкидлаган.

Андижон тумани (53-ИДУМ) 45 мактабларида ҳам Опен бюджет учун ўқитувчиларнинг барчасидан мажбурий тарзда дастлаб 650 минг сўмдан, ўқувчиларни ҳар биридан 100 минг сўмдан пул йиғишган.

 

Шундан сўнг йиғилган пуллар етмайди деган важ билан яна ўқитувчилардан 1 миллион сўмдан пул талаб қилингани тўғрисидаги мурожаатлар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 12 мактабда ходимлар опен бюджет билан ишлашмаётгани танқид қилиниб, йиғилган овозларнинг скриншотлар орқали ҳисоботи берилиши талаб қилинган.

 

Тошкент шаҳрида ҳам шу аҳвол. 165 мактабда ҳам ҳар бир синф учун 100 тадан  ҳар бир бола учун 3 тадан овоз йиғиш мажбурияти юкланган.

Шу билан бирга, иш вақтида ҳамширалар уйма-уй юриб овоз тўплашга мажбурлангани ҳамда маъмурият ишчи ходимлари иш вақтида компьютерда овоз тўплаш билан овора бўлгани тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Аслида, ССВ поликлиника ва шифохоналарни таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун масъул ҳисобланмайдими? Худди шундай, мактаблар ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан молиялаштирилиши керак.

Бу каби ҳолатлар кўп учрайди, аммо ҳамма ҳам журналист ёки блогерларга, масъулларга мурожаат қилиб, “бизни овоз тўплашга мажбурлашяпти” деб шикоят қилавермайди. Кўпчилик “кўпга келган тўй” деб, кўниб кетаверади...

Юқорида келтирилган муаммоли вазиятлар айнан шу мавсумда кузатилган ва бу ҳақда ҳозирча аниқ статистика эълон қилинмаган.

Лекин 2024 йилги “Ташаббусли бюджет”нинг 2 мавсумида мажбурий овоз беришга ундаш бўйича 39 та шикоят келиб тушган. Энг кўп мурожаатлар Фарғона (7 та), Тошкент шаҳри (6 та), Наманган ва Жиззах (5 тадан) вилоятларидан бўлиб, улар асосан умумтаълим мактаблари (19 та) ва тиббиёт муассасалари (16 та)да кузатилган.

Вазирлик эса шикоятлар Халқ депутатлари кенгашларига юборилиши ва тасдиқланса, тегишли лойиҳалар овоз бериш жараёнидан чиқарилиши ёки ғолиблар рўйхатидан олиб ташланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, эндиликда мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар дастурдан четлатилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува туманидаги 37 мактабда мажбурий овоз бериш ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқалган.

Мазкур ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилиб, ушбу мактабда ходимлар мажбурий овоз беришга жалб этилгани тасдиқланган. Шу сабабли, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур мактабдаги мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш жараёнидан четлатиш бўйича тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборган.

Фарангиз Қосимова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар