Тошкентда тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан бемор кўчага ташлаб кетилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бемор 4 соат давомида бир неча тиббиёт муассасаларига олиб борилган, аммо уларнинг бирортаси ҳам беморни қабул қилмаган. Охир-оқибат, у кўп қаватли уй йўлагида ташлаб кетилган. Тиббиёт муассасаси ходимлари беморни қабул қилмасликнинг сабаби сифатида, унинг доимий яшаш жойи йўқлигини ва агар даволанган тақдирда ҳам, у барибир ўлишини таъкидлашган.
Шу ўринда бир савол туғилади, инсоннинг ижтимоий шароити ва турмуш даражаси унга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиш учун асос бўла оладими?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Конституция барча фуқароларга тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайди, бу эса унинг ижтимоий ҳолати ёки яшаш шароитларига қараб чекланмаслиги керак. Шундай қилиб, уйсиз ёки қаровсиз бўлиш одамни тиббий ёрдамдан маҳрум этишнинг асосий сабаби бўла олмайди. Аксинча, давлат ва унинг тиббий муассасалари инсон ҳаётини сақлаш, ёрдам кўрсатиш ва ҳар бир фуқаронинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъулдир.
Агар тиббиёт муассасалари беморни фақат унинг уйсизлиги туфайли қабул қилмаган бўлса, бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва инсон ҳуқуқлари бузилиши эмасми? Бундай вазиятларда масъул органлар томонидан тегишли чоралар кўрилиши керак эмасми? Ахир гап инсон ҳаёти, унинг қадрсизланиши ҳақида кетаяпти.
Расмийлар ўзини нима деб оқлади?
Республика тез тиббий ёрдам маркази маълумотларга кўра, 1953 йилда туғилган, уйи ва аниқ яшаш манзили йўқ фуқаро M.Б. томонидан 6 март куни 4 марта тез ёрдамга чақирув қилинган. Ҳар гал бемор тиббиёт муассасасига олиб борилган, аммо яшаш манзили йўқлиги сабаб қабул қилинмаган.
Охирги чақирувдан сўнг, унга "ўнг томонлама сут безининг йирингли яраси" ташхиси қўйилиб, 1-сон шаҳар клиник шифохонасида қолдирилган. Ҳозирда бемор Республика онкология ва радиология марказининг Тошкент филиалида даволанмоқда, дейилади хабарда. (https://t.me/ssvuz/17831)
Расмийлар бу борада нима деб муносабат берди? Мазкур ҳолатнинг қонуни изоҳи нега берилмади? Аслида бизга воқеалар ривожи эмас, тиббиёт муассасалари нима сабабдан беморнинг аҳволи ёмонлигига қарамай 4 соат давомида у ёқдан буёққа судрашгани қизиқ!
Rost24.uz бундай вазиятда қонунчиликда қандай чоралар кўрилишига аниқлик киритиш мақсадида, адвокат Аҳмаджон Азизов билан суҳбатлашди. Маълум бўлишича, тиббиёт ходимларининг юқоридаги ҳаракатлари натижасида қуйидаги қоидабузарликлар содир этилган:
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 59-1-моддаси.
Ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга шошилинч ва (ёки) кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этиш (бунда фуқаронинг уй-жойи йўқлиги асос бўлолмайди) – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодекси 116-моддаси: Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик. Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Қонун ёки махсус қоидаларга мувофиқ, касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган шахснинг узрли сабабсиз шундай ёрдам кўрсатмаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
“Ҳатто ўлим ташхиси ҳам беморни рад қилишга асос бўла олмайди. Ўша рад қилган врач(лар)ни жиноий жавобгарликка тортиш учун беморнинг ўлиб қолиши шарт эмас. Тиббий хизматни кўрсатмаслик беморнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлса, бу ҳолат мутасаддилар учун жиноий жавобгарликни юзага келтиради.
Шунингдек, ушбу вазият тиббиёт ходимлари ичган қасамёдга зид бўлиб, беморга унинг ирқи, диний қарашлари, миллати, фуқаролиги, шу билан бирга, яшаш жойи, шу жумладан, бемор муқим яшаш жойига эга ёки эга эмаслигидан қатъи назар, тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юклайди”, дейди адвокат Аҳмаджон Азизов.
Унинг айтишича, ушбу саргардонлик бемор соғлиғининг ёмонлашишига олиб келса, бунга сабабчи бўлган ўша тиббиёт муассасаларининг биринчи раҳбаридан тортиб, ўша кунларда масъул бўлганлар-у, навбатчиликда бўлиб, рад жавобини берган навбатчи врачларгача маъмурий жавобгарликка тортилиши керак.
“Жиноят кодексининг 207-моддаси иккинчи қисми билан, агар бемор шу сарсон қилишлар оқибатида соғлиғи оғир ёки ўртача оғир даражада ёмонлашишига олиб келинган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилишлари керак бўлади. Бу ўша муассасаларнинг раҳбарлари - мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жиноий жавобгарлик. Ва ҳаттоки, ўша "главврач"ларнинг "Менинг хабарим йўқ эди.", "Менга айтишмаганди" деган важлари ҳам уларни бу жавобгарликдан озод қилмайди. Факт – улар мансаб вазифасига совуққонлик қилди ва қўл остидаги ходимининг хизмат мажбуриятини талабга мувофиқ ва ўз вақтида бажаришини таъминлай олмади. Аммо, афсуски, амалиётда бундай ҳолатлар хизматда йўл қўйилган "арзимас" камчилик деб баҳоланиб, хизмат текшируви натижасига кўра, ҳайфсан ва шунга ўхшаш интизомий чоралар кўриш билангина мавзу ёпиб қўйилади,” дейди у.
Бу ижтимоий тармоқларда тарқалган бутун бошли Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолардан бир парча холос. Аслида, ушбу тизимда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар талайгина.
Бу ўринда, туғруқхоналардаги аянчли ҳолатлар халқнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолаётганини таъкидлаш лозим.
Оналар ва болалар ўлими
2023 йилда Ўзбекистонда оналар ўлими 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промиллини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 промиллига тенг бўлган. Шунингдек, 6 178 та ҳолатда чақалоқлар ўлими қайд этилган. Бунга аксар ҳолатда соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция ҳолатлари, шифокорларнинг лоқайдлиги сабаб бўлиши барчага маълум.
Жумладан, 2024 йилнинг 22 август куни Андижон вилояти перинатал марказига кўричак билан оғриб мурожаат қилган 26 ёшли ҳомиладор аёлни шифокорлар тўлғоқ келтирувчи укол ёрдамида туғдириб олишган. Шифокорлардан бири унинг турмуш ўртоғига аёлида кучли сеҳр борлигини, тезда чалпак ва ҳолвайтар қилиб тарқатмаса, аёли ўлиши мумкинлигини айтган. Шундан сўнг аёлнинг аҳволи ёмонлашган ва у кўричак ёрилиши оқибатида вафот этган.
Шунингдек, 2024 йилнинг 20 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимидан бир эмас, икки ўлик чиққан. 19 ёшли аёл ва унинг эндигина туғилган қизалоғи шифокорлар қўлида жон берган. Бу ҳақда жамоатчиликка хабар берган марҳуманинг қариндошига кўра, аёл унга қилинган нотўғри укол сабаб оламдан ўтган бўлса, унинг эндигина туғилган қизалоғи эса, аёлга кўрсатилаётган тиббий ёрдам пайтида она қорнида жон берган.
Шундан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 2024 йилнинг 23 ноябрь куни яна тиббиёт ходимларининг болага нотўғри укол қилиши оқибатида эндигина туғилган чақалоқ вафот этган. Сирдарё туманида яшовчи Феруза Хидированинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Сирдарё туманидаги шифохонада чақалоқлар ўлими жуда кўпайган. Унинг маълумот беришича, жияни билан боғлиқ воқеадан сўнг, туғруқхонадан яна бир чақалоқнинг ўлиги чиққанига гувоҳ бўлган. Шунингдек, ўтган йилнинг айнан шу санасида Тошкентдаги туғруқхоналардан бирида ҳам чақалоқнинг жасади чиққани ҳақидаги материал ОАВда эълон қилинган.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган 7 туғруқхонага ҳомиладор аёлга ҳеч ким қарамагани оқибатида бола онанинг қорнида сувсиз қолиб вафот этган. Боласи нобуд бўлган онанинг яқинларига кўра, улар ҳомиладор аёлнинг аҳволи ёмонлашгач, шифохонага шошилинч ҳолатда олиб келишган ва олдиндан шифокорни банд қилишга улгурмай қолишган. Оқибатда эса, шифокорлар беморни эътиборсиз қолдириб, сансалорлик қилиб, ҳомиладор аёлни саргардон қилишган.
“Мени бир нарса ҳайрон қолдирди. Туғиш учун келган ҳар бир аёлга шифокор гаплашганмисизлар, деган саволни беришяпти. Нега энди шифокор гаплашиб, унга олдиндан пул бериб келишимиз керак? Гаплашиб келмаганларга қаралмайдими? Келиним хонада дард чекиб ётганда ҳам, туғиш залига олиб тушишганда ҳам у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади,” дейди келиннинг қайнопаси. Демак, Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида пули йўққа ҳеч ким эътибор қаратмайди, аслида-ку буни ҳамма билади, биз гапимизни реал далил билан исботлашга ҳаракат қилдик холос.
Юқоридаги воқеаларнинг асосий қисми айнан ўтган йили содир бўлган, аммо 2024 йилда туғруқхоналарда оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ статистика ҳалигача эълон қилинмаган.
Ўзбекистонликлар асосан қайси касалликдан вафот этмоқда?
Статистика агентлигининг маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 174,4 минг киши вафот этган. Уларнинг 96 минги эркаклар, 78,4 минги аёллар бўлган. Ўлимларнинг энг катта қисми – 57,6% қон айланиш тизими касалликлари сабабли содир бўлган. Шунингдек, янги ўсмалар (шишлар) 9,4%, нафас олиш органлари касалликлари 6,3%, бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар эса 5,8% ни ташкил этган. Ҳудудлар бўйича энг кўп ўлим Самарқанд (10,8%), Фарғона (10,3%) ва Андижон (9,1%) вилоятларида қайд этилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, баъзида қоғозларни безаб турган қонунлар ҳам ишлаши керак. Акс ҳолда, халқнинг бу қонунларга ишончи қолмайди.
Фарангиз Қосимова