Иқтисодий ўсиш бор, лекин нега миллионлаб одамлар ҳали ҳам чет элга кетяпти?

26.05.2026 11:39

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида ижобий рақамлар кўп айтилмоқда. ЯИМ ўсмоқда, янги лойиҳалар очилмоқда, расмий статистикада камбағаллик ва ишсизлик пасайгани қайд этилмоқда. Аммо, бошқа бир ҳақиқат ҳамон ўзгармай турибди: меҳнат миграцияси ҳали ҳам оммавий тусда давом этмоқда.
 
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони 1,86 миллион нафарга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 512 минг кишига кўп.
Бу рақам мамлакат ичидаги иқтисодий тизим ҳали ҳам миллионлаб одамларга муносиб даромадли ҳаёт таклиф қила олмаётганининг белгиси.
 
Хўш, ишсизлик камайди, лекин одамлар нега кетяпти? Расмий ҳисоботларда ишсизлик 5% атрофига тушгани айтилмоқда. Лекин рақамларнинг ичига кирсак, манзара бошқачароқ.
Статистикага кўра, 14,8 млн киши банд, шуларнинг 4,3–4,8 млн қисми норасмий секторда. 1,8 млндан ортиғи эса чет элда ишлаяпти. Яъни, четда ишлаётганлар ҳисобига ҳам ишсизлик камайгандек, бунинг устига, иш билан таъминланган деган ҳисобот ҳар доим ҳам муносиб маошли, барқарор иш дегани эмас.
 
Қишлоқларда ёки кичик шаҳарларда кўпчилик кунлик ишда, қурилишда вақтинча меҳнатда ёки расмий шартномасиз тирикчилик қилади. Оқибатда, одамларда ё кам даромад билан яшаш, ёки Россия, Қозоғистон, Кореяга кетиш танлови қоляпти.
 
Расмий маълумотларда камбағаллик 5,8% гача тушгани айтилган (Spot – Деловые новости Узбекистана). Аммо World Bank таҳлили қаттиқ сигнал беряпти, агар мигрантлар юборган пуллар бўлмаганида, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 16,8–17% гача чиқиши мумкин экан. Яъни, Камбағаллик расман камайди. Лекин тизим ҳали ҳам мигрант пулларига таяняпти.
 
Бу дегани, мамлакат иқтисодиётининг катта қисми ички юқори маҳсулдорликка ёки кучли саноатга эмас, балки чет элда ишлаётган фуқаролар юборган пулга суяняпти.
Бу хавфли модел эмасми? Чунки, масалан Россия иқтисодиёти секинлашса, миграция қоидалари ўзгарса ёки ташқи сиёсий инқироз юз берса, миллионлаб оилалар даромадсиз қолиши мумкин.
Сифатли иш ўринларининг етишмаслиги энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кузатсак, кўпчилик ёшлар юқори маошли ишлар камлиги, коррупция, “таниш-билиш” тизими, таълим сифати, энергия ва инфратузилма муаммоларини тилга олишига гувоҳ бўламиз (Reddit).
 
Айтиш мумкинки, иқтисодий ўсиш рақамларда бўлиши мумкин. Лекин оддий одам ойлигига уй ола олмаса, яхши тиббиётга ета олмаса, фарзанди учун сифатли таълим топа олмаса, у ўсишни ўз ҳаётида сезмайди. Бугун кўп ёшлар учун чет элга кетиш фақат пул топиш эмас, балки адолатли имконият излашга айланиб қолгандек.
Кўпчиликда шундай кайфият бор: меҳнат эмас, таниш ҳал қилади; билим эмас, алоқа ўтади; ҳалол ишлаб юқорига чиқиш қийин.
 
Инсон капиталига ишончнинг йўқолиши мамлакат учун хавфли нуқта. Чунки мамлакатнинг энг фаол, энг ҳаракатчан қисми чиқиб кетишда давом этяпти, ҳатто бошқа мамлакатлар ўртасидаги урушларда иштирок этиб, жонларини хавф остига қўйишга ҳам рози бўлмоқда.
 
Ўзбекистонда ҳақиқий муаммо фақат ишсизлик ёки камбағаллик эмас. Асосий муаммо иқтисодий ўсишнинг сифати, муносиб маошли иш ўринлари танқислиги, норасмий иқтисодиёт улушининг катталиги ва аҳолининг катта қисми ташқи меҳнат миграциясига боғланиб қолганида. Расмий статистика яхшиланиши мумкин.
Лекин агар одамлар кетишда давом этса, бу рақамлар ҳали жамиятдаги ҳақиқий ишонч кризисини ҳал қилмаган бўлади.
Энг катта вазифа одамларни кетмасликка мажбурлаш эмас,
балки уларга шу ернинг ўзида муносиб келажак яратишдир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар