Тошкент ва Самарқандни боғловчи янги юқори тезликдаги темир йўл магистралини келажакда Хивагача узайтириш режалаштирилмоқда. Агар ушбу стратегик лойиҳа тўлиқ амалга ошса, пойтахтдан Хивагача бўлган сафар вақти ҳозирги 7,5 соатдан тахминан 5 соатгача қисқаради.
Бу ҳақда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғини доирасида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Spot нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирда Тошкент-Самарқанд тезюрар магистралининг 300 километрлик қисми бўйича лойиҳалаш ишлари якунланган. Янги линия ишга тушса, икки шаҳар ўртасидаги сафар вақти атиги 1 соат 40 дақиқани ташкил этади.
“Биз энди Тошкент-Самарқанд юқори тезликдаги магистралининг лойиҳасини тугатдик. Кейин эса қурилишни давом эттириш керак бўлади. Нега уни Хивагача узайтирмаслик керак?”, деган вазир ўринбосари.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши рекорд даражада қисқа муддат – 14 ой ичида тайёрланган. Илк режага кўра, жараён 2026 йил март ойида тугалланиши керак эди. Ҳозир эса Транспорт вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳужжатларни қайта ишлаб чиқиш, лойиҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва халқаро тендерга тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.
Вазирликнинг режасига кўра, темир йўл қурилиши ишларини 2026 йилнинг ўзида бошлаш мақсад қилинган. Корея Эксимбанкининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сангжин Кангнинг билдиришича, тезюрар магистрални тўлиқ ишга тушириш 2030-йилларнинг биринчи ярмига мўлжалланган бўлиб, қурилиш ишлари 7 йилдан 10 йилгача давом этиши мумкин.
Лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, темир йўл узунлиги 282 километрни ташкил этади. Поездлар ўртача 185,7 км/соат тезликда ҳаракатланиб, Тошкентдан Самарқандгача 1 соат 26 дақиқада етиб боради. Шунингдек, йўл бўйлаб жами 74 та кўприк ва 3 та туннел қурилиши режалаштирилган.
Янги магистрал лойиҳаси Жанубий Корея компаниялари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу консорциум таркибига Saman Engineering, Dong Myeong Engineering Consultants & Architecture, Korea Railroad Corporation (KORAIL) ва Korea National Railway каби йирик компаниялар кирган. Лойиҳани тайёрлаш учун Корея Эксимбанки томонидан 3 миллион долларлик грант ажратилган.
Темир йўлда ҳаракатланадиган поездлар ҳам Жанубий Корея технологиялари асосида бўлиши кутилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2 майидан Тошкент ва Хива ўртасида Hyundai Rotem юқори тезликдаги поездлари синов тариқасида қатнай бошлаган. Етти вагондан иборат ушбу поездлар соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Келгусида янги магистралда ҳам айнан шу русумдаги поездлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Янги линия мавжуд темир йўллардан фарқли ўлароқ, поездларнинг соатига 300 километргача тезликда ҳаракатланишига имконият яратади. Бу нафақат ички туризм ва аҳоли ҳаракатчанлигини оширади, балки мамлакатнинг логистика ва транспорт салоҳиятини ҳам янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.