Докторантлар учун янги тизим — Аюпов танқиди иш бердими?

29.05.2026 07:30

Илмий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар бошланмоқда.
“Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади.

Янги тизим доирасида давлат бюджети ҳисобидан докторантурада кадрлар тайёрлаш учун дифференциал стипендия механизми жорий этилади. Докторантура қабул квотасининг камида 60 фоизи мамлакатнинг стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишларига ажратилади.

Устувор соҳалар сифатида сунъий интеллект; қайта тикланувчи энергия; озиқ-овқат хавфсизлиги; тиббиёт; сув ресурслари; янги материаллар; сейсмология каби йўналишлар белгиланган.

Шунингдек, мазкур ихтисосликларда таҳсил олаётган докторантлар учун тадқиқот ишларида фойдаланиладиган асбоб-ускуна ва реагентлар хариди мақсадида ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади.

Докторантурага қабул тартиби ҳам ўзгаради. Фармонга мувофиқ, устувор илмий йўналишларга қабул қилишда анъанавий кириш имтиҳони ўрнига илмий тадқиқот иши тақдимоти асосий мезон сифатида жорий этилади. Тақдимотга қўйиладиган талаблар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар томонидан мустақил белгиланади.

Таянч докторантуранинг биринчи йилида илмий тадқиқот методологияси, академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили, соҳавий махсус фанлар бўйича махсус курслар ташкил этилади.

Бундан ташқари, илмий раҳбарларга нисбатан ҳам янги талаблар киритилмоқда. Энди раҳбар докторант ихтисослигига мос соҳада амалий илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиши шарт.

Илмий раҳбарлар учун рағбат тизими жорий этилади. 2027 йилдан бошлаб илмий раҳбарлик учун ҳар ойлик тўлов ўрнига бир марталик рағбатлантириш тизими амал қилади.

Унга кўра, Хирш индекси 5 дан кам бўлган илмий раҳбарларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 40 бараваригача, Хирш индекси 5 дан юқори бўлганларга эса, 80 бараваригача маблағ тўланади.

Чет тили имтиҳони бекор қилинади, ОАК тизими ҳам ўзгаради. Фармон билан 2027 йил январдан бошлаб илмий даража беришда қатор тартиблар қайта кўриб чиқилади.
Хусусан, чет тили бўйича малакавий имтиҳон топшириш амалиёти бекор қилинади. Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Фанлар академияси тизимига ўтказилади.

ЎзФА президенти Шавкат Аюпов аввалроқ берган интервьюларидан бирида илмий даража бериш жараёнлари, диссертация сифати ва формал ёндашувларни қаттиқ танқид қилган эди.
У илмий соҳадаги бир қанча камчиликларга батафсил тўхталган, жумладан, академик илмий соҳада ҳақиқий натижа ва амалий тадқиқот ўрнига қоғозбозлик ва расмиятчилик устун бўлиб қолаётганини таъкидлаган эди. 

Аюпов танқиди ортидан ОАК ҳам раддия берган эди. Юқоридаги ислоҳотлар ЎзФА президентнинг танқидлари ўринли бўлганини яна бир бор исботлади дейиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 26 май куни тизимга қарийб 11 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Аҳмадбек Таджиевич Юсупов ҳукумат қарори билан Олий аттестация комиссияси раиси лавозимидан озод қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар