Сўнгги вақтларда Россияда меҳнат муҳожирлари учун қўлланилаётган чекловлар тобора кескинлашиб бормоқда. Бу қарорлар мигрантлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг турли соҳаларда ишлаш имкониятини чекламоқда.
Президент Владимир Путиннинг ноқонуний миграцияга қарши қабул қилган сўнгги қарорлари жазо чораларини янада кучайтирди. Энди ноқонуний миграцияни ташкил қилган шахслар учун қамоқ жазоси уч йилдан беш йилгача оширилди. Бу қонуннинг мақсади - мамлакатда тартиб ўрнатиш ва қонунбузарликларни олдини олиш бўлса-да, мигрантларнинг ишлаш имкониятларини янада чеклайди.
Шунингдек, Россияда мигрантларга фақат битта иш берувчи билан ишлаш талабини қўйиш таклиф қилинди. Агар бу қонун қабул қилинса, муҳожирлар ўз соҳасини ўзгартириш имкониятидан маҳрум бўлади. Масалан, қурилиш соҳасида ишлаётган шахслар курьер ёки такси ҳайдовчиси бўлиб ишлай олмайди.
Айрим вилоятларда ҳам чекловлар кучаймоқда. Волгоград вилоятида мигрантлар автобус ҳайдовчиси, савдо-сотиқ ёки курьерлик хизматларида ишлашдан тўхтатилди. Саратов вилоятида эса, жамоат транспорти ва умумий овқатланиш соҳаларида мигрантлар фаолияти чекланди. Бу каби қарорлар, биринчи навбатда, маҳаллий аҳоли учун иш жойларини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.
Мигрантларга бўлган муносабат ижтимоий кайфиятларга ҳам таъсир этмоқда. Россиянинг Миллатлараро муносабатлар бўйича кенгаш аъзоси Маргарита Лянге мамлакат иқтисодиёти учун мигрантларнинг аҳамиятини тан олган ҳолда, уларнинг Россия жамиятига мослашиши, тил ўрганиши ва қонунларга риоя қилиши зарурлигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, мигрантлар кўп ҳолларда жиноят содир этмайди, лекин ҳар бир воқеа оммавий ахборот воситаларида катта муҳокамага айлантирилади.
Бундан ташқари, мигрантлар оила аъзолари билан келган ҳолатларда ижтимоий соҳага тушаётган оғирликлар ҳам муҳокама қилинмоқда. Лянгенинг фикрига кўра, битта муҳожир ишлаб топган даромад бутун оиласини таъминласа, бундай вазият Россия учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли эмас.
Ўзбекистон фуқаролари учун бу чекловлар жиддий таъсир кўрсатади. Чунки, сўнгги йилларда Россияга меҳнат миграцияси бўйича кетувчи ўзбекистонликлар сони анча ошди. Ҳозирги чекловлар муҳожирлар учун қийинчиликларни янада кучайтириши ва ишсизлик муаммосини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Россияга меҳнат мигрантлари етказиб беришда пешқадам давлат ҳисобланади. 2024 йилнинг 9 ойи давомида Россияга 1,748 миллион ўзбекистонлик ишлаш учун йўл олган, бу ўтган йилга нисбатан 143 минг кишига кўп. Бу кўрсаткич Тожикистон (884 минг киши) ва Қирғизистон (570 минг киши) билан солиштирганда анча юқори. Россиянинг мигрантларга нисбатан чекловлари ишсизлик муаммосини кучайтириши мумкин.
Ўзбекистонда рус тилида билим олиш учун алоҳида мактаблар ташкил этилган. Аммо Россияда ўзбек мактаблари йўқ. Миграция агентлиги маълумотига кўра, Россияда ўзбек мактаблари очишнинг иложи йўқ, лекин онлайн ўқитиш учун видеодарслар ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 19 январдан Жанубий Кореяда ҳам ўзбекистонлик ишчиларнинг иш жойларини тарк этиши кўпайганлиги сабабли қабул чекловлари жорий этилган.