Бугун, 13 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасида келгуси йил учун устувор вазифаларни белгилаш бўйича муҳим йиғилиш ўтказди.
Унда 2025 йилга мўлжалланган муҳим қарорлар қабул қилинди.
Камбағалликни қисқартириш масаласи бўйича:
—2025 йилда камбағаллик юқори 1 мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйилади;
—Оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади;
—1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилашга доир чора-тадбирлар кўрилади;
—Камбағал оила фарзандларини чет тили, АТ (ахборот технологиялари) ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади;
—Мутасаддиларга 1 мартга қадар тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Бунда тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади;
—Ҳаракатлана олмайдиган 23 минг одам 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилади. Хусусий сектор бундай хизматни кўрсатган камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради;
—Муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади;
—Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига “Инсон" марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади;
—Аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилади. Уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилади, харажати қоплаб берилади.
Ногиронлиги бор шахслар билан ишлаш бўйича:
—Ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади;
—7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади;
—Касаллик туридан келиб чиқиб, аҳолига уй шароитида бажара оладиган оддий машқларни ўргатиш соғлом овқатланиш менюсини эслатма қилиб тарқатиш вазифаси билан шуғулланган шифокорларга устама берилади;
—80 минг муҳтож одамга зарур протез воситаларини етказиб берилади;
—1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади;
—Корхоналарга сурдотаржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади;
—Мутасаддиларга келгуси йилда ногиронлиги бор шахслар шуғулланиши учун адаптив спорт қамровини 1,6 баробарга ошириб, 45 мингга етказиш топширилди. Бу машғулотлар билан шуғуллантирган мураббийлар ойлиги 1 январдан 1,5 баробар оширилади;
—Жойлардаги 130 та спорт мактаби, 90 та махсус таълим муассасаси ва 29 та "Мурувват" уйидаги спорт объектлари адаптив спорт турларига мослаштирилади;
—300 та янги "воркаут" майдончалари қурилади, уларда ҳам худди шундай шароитлар яратилади;
—Ногиронлиги бор болалар учун кундузги парваришлаш ва "Ғамхўрлик" гуруҳлари ташкил қилиш масаласини хусусий секторга олиб кирилади. Бунда тадбиркорларга ҳар бир бола учун кунига 100 минг сўмдан субсидия, хоналарни жиҳозлашга 30 миллион сўмгача арзон кредит ажратилади;
—Масъул идораларга Миллий гвардия тажрибаси асосида 500 нафар болани оилавий болалар уйига жойлаштириш ва таълим олиши учун шароит яратиш топширилди;
—Назоратсиз ва қаровсиз болалар яшаши, ўқишига ихтисослашган мактаблар рўйхати қайта кўриб чиқилади, уларда бундай болалар учун 5 фоиз квота бўлади. Бунда ушбу мактабларга болаларни Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўлланмаси асосида юбориш кўзда тутилади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.