ЮНИСЕФ Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар аҳволининг вазиятли таҳлилини эълон қилди.
Таҳлилга кўра, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар уч боладан иккитаси (62 фоиз) зўравонлик билан тарбиялаш усулларига (жисмоний жазо ёки психологик тажовуз) дучор бўлган. Бироқ жанубий ва шарқий минтақалар ўртасида сезиларли тафовут мавжуд (51 фоизга 79 фоиз), буни болалар тарбияси, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, урбанизация даражаси ва бошқа сабабларга кўра ўрнатилган анъанавий қарашлар билан изоҳлаш мумкин.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги оналар ва тарбиячиларнинг 10,7 фоизи жисмоний жазо болани тарбиялашнинг зарурий қисми деб ҳисоблайди. Кўпгина ўзбек оилаларида бундай тартиб-интизом усуллари – ҳам жисмоний, ҳам эмоционал-маданий меъёр бўлиб, аксар ҳолларда эътибордан четда қолади. Зўравонликка мойиллик оила муҳитига ҳам тааллуқлидир, бу ерда аёлларнинг катта қисми турли шароитларда зўравонликни оқлайди. Бундан ташқари, эркакларга иқтисодий қарамлик, ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланишнинг чекланганлиги ва тегишли ёрдам хизматларининг йўқлиги бундай муносабатларнинг давом этишига ёрдам беради.
Дунёдаги вазият
Дунёдаги 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болаларнинг тўртдан уч қисми тахминан – 300 миллион нафари уйда ўз қаровчилари томонидан руҳий тазйиқ ёки жисмоний жазони бошдан кечиради.
Мавжуд маълумотларга кўра, 30 та мамлакатда бир ёшли болаларнинг тахминан 10 тадан 6 таси мунтазам равишда зўравонликка асосланган тарбия асосида вояга етмоқда. Тўртта ёш боладан учтаси ўз тарбиячилари томонидан мунтазам равишда зўравонликка асосланган тарбия қилинади.
Ҳар етти дақиқада бир ўсмир зўравонлик оқибатида вафот этади. Ногиронлиги бўлган болалар ногиронлиги бўлмаган болаларга қараганда зўравонликни бошдан кечириш эҳтимоли деярли тўрт баробар юқори.
Мактаб ёшидаги болаларнинг ярми – 732 миллион нафари мактабда жисмоний жазо тўлиқ тақиқланмаган мамлакатларда яшайди.