Россияда мигрантларга қарши “жанг”: қандай тақиқ ва чекловлар қўйилмоқда?
Россияда 1 сентябрь ҳолатига кўра, қарийб 6,2 миллион чет эл фуқароси миграция органларида рўйхатга олинган. Бу Россия аҳолисининг тахминан 4,2 фоизини ташкил қилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу рақамлар ўтган йилларга нисбатан анча паст. Масалан, 2023 йилда Россияда 8,5 миллиондан ортиқ киши миграция ҳисобига олинган. Мамлакатда бир йил ичида 2 милиондан ортиқ мигрантнинг камайишига уларга қарши бошланган “жанг” ҳам сабаб бўлмоқда, дейиш мумкин.
Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Москва яқинидаги “Крокус”да теракт содир этишда айблангани фонида Россияда муҳожирларга қарши чоралар, хусусан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарлик учун депортация қилиш, патентлар ва турли чекловлар муҳокамаси авж олди. Деярли ҳар ҳафтада мигрантлар фаолиятига доир янги чекловлар ўрнатилмоқда. Қуйида шу кунгача Россия ҳудуларида мигрантларга ўйилган тақиқлар ва таклифларни бир ерга жамладик.
Ноқонуний миграция оғир жиноятга тенглаштирилади
Энг биринчи масала, шубҳасиз, мамлакатга ноқонуний кириш ҳолатларининг олдини олишдир. Шу боисдан Давлат думаси депутатлари ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларнинг барчасини оғир ва ўта оғир деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқди.
Россия ҳудудида бўлиш ва яшаш шартлари тартибга солинади
Россия Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга миграция соҳасида давлат назоратини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат, номидан кўриниб турибдики, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияга кириши ва чиқиши, шунингдек, уларнинг Россия ҳудудида бўлиш ва яшаш шартларини тартибга солади.
Қонун лойиҳаси билан, хусусан, қуйидагилар таклиф этилмоқда:
➖чет эл фуқароларининг вақтинча бўлиш муддатини календар йили учун 90 кунгача қисқартириш (ҳозирда олти ой учун 90 кун);
➖Россияга киришда биометрик шахсий идентификацияни жорий этиш. Бу РФга кирувчи барча чет элликларнинг бармоқ изини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва суратга олишни назарда тутади;
➖Россияда ноқонуний бўлиб турган чет элликлар учун назорат режимини ўрнатиш;
➖чет эллик ишчиларни Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи махсус реестрга, иш берувчиларни эса чет элликларни ёллашга рухсат берувчи бошқа реестрга киритиш;
➖чет элликлар билан, агар улар қонунчиликни бузса, Россияга кириш, мамлакатда қолиш ва яшаш ҳуқуқларини эҳтимолий чеклаш тўғрисида содиқлик шартномасини тузиш;
➖нафақат судьларга, балки судьдан ташқари федерал ижроия органларига ҳам чет чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши (яшаши) устидан маъмурий назоратни полициянинг функцияларидан бирига айлантириш.
Рус тилини билмайдиган мигрантларга фуқаролик берилмайди
Россия ИИВ рус тилини билмайдиган, лекин айни пайтда тегишли сертификатларга эга бўлган хорижликларга миграция мақоми ва Россия фуқаролиги берилмаслигини маълум қилди. Охирги уч йил ичида Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) рус тилини билмайдиган, лекин тегишли сертификатга эга бўлган 14 минг нафар чет эл фуқаросининг фуқаролик ёки миграция мақоми бўйича аризаларини қабул қилишдан бош тортди. Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк айтганидек, бундай фуқаролар Россия фуқаролигини ололмайди.
ИИВ суд қарорисиз чет элликларни депортация қилиш ҳуқуқига эга бўлди
Путин Ички ишлар вазирлигининг хорижликларни суд қарорисиз чиқариб юбориш ҳуқуқи ҳақидаги қонунни имзолади. Қабул қилинган қонунга кўра, ички ишлар органлари ходимлари чет эл фуқароларини маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун Россиядан депортация қилиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиши мумкин.
Чет элликлар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун шу тариқа жазоланиши мумкин:
➖гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, ташиш, истеъмол қилиш ва тарғиб қилиш;
➖ноанъанавий жинсий алоқалар ва педофилияни тарғиб қилиш;
➖виждон ва дин эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда миссионерлик фаолияти;
➖жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш;
➖стадионларда ўзини тутиш қоидаларини бузиш.
Мигрантларга ўз оиласини олиб келишни тақиқланади
Россиянинг ЛДПР партияси етакчиси Леонид Слуцкий бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига меҳнат мигрантларининг ўз оиласини Россияга олиб келиш ҳуқуқини чекловчи қонун лойиҳасини киритади.
ЛДПР депутатларининг фикрича, ҳозир мигрантларнинг фарзандлари ва ишламайдиган турмуш ўртоғи улар билан Россияга бемалол кўчиб ўтиши тенденцияси кузатилмоқда, бу эса назоратсиз миграция оқими ва ижтимоий кескинликни келтириб чиқармоқда.
Сохта никоҳга қарши қонун
Россия Давлат думаси биринчи ўқишда чет элликларнинг Россияда бўлиши тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришларни қабул қилди. Энди улар Россия фуқароси билан икки йиллик турмуш қургандан кейингина мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатномани олиши мумкин бўлади.
Россияда ноқонуний бўлган мигрантлар реестри ишга туширилади
Россия ҳозирда мамлакатда ноқонуний бўлиб турган хорижликларнинг реестрини тузмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой маълум қилди.
Горовойнинг сўзларига кўра, бу реестрга киритилганидан кейин мигрантлар транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мулкни рўйхатга олиш, никоҳ тузиш ва бекор қилиш, болаларни боғча ва мактабларга рўйхатдан ўтказиш имконидан фойдалана олмайди.
Мигрантлар болаларига мактаблар пулли қилиниши мумкин
Россия фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари учун болалар боғчалари ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, мактабларда мигрант болалар сонининг кўпайиши бутун синфда ўқиш натижаларининг пасайишига олиб келади, чунки мигрант болалар рус тилини яхши билмайди. Шу билан бирга, мослашув синфларини ташкил этиш ўқитувчиларнинг иш ҳақи учун қўшимча харажатларни талаб қилади. Шу сабабли мигрант болалар учун пулли таълим бериш тавсия этилади.
Мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар
Россиянинг Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков чет эллик ишчиларнинг айрим соҳаларда ишлашини чекловчи фармонни имзолади. Жумладан, мигрантларга таксида йўловчиларни ташиш, ихтисослашган дўконларда алкоголли ичимликлар, шу жумладан пивонинг чакана савдоси, ихтисослашган дўконларда тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш тақиқланди.
Қайд қилинишича, мигрантлар ишлаши тақиқланадиган соҳалар янада кўпайиши мумкин. Россиянинг бир қатор минтақаларида: Томск, Самара, Липецк ва Курск вилоятларида меҳнат мигрантларининг муайян соҳаларда ишлашини тақиқловчи фармойишлар аллақачон кучга кирган. Кўпинча гап такси ҳақида кетади.
SIM-карта бериш талаблари кучайтирилади
Россия фуқароларини мобил алоқадан фойдаланган ҳолда жиноятлардан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилишни тавсия этилди.
Ташаббус билан хорижликлар учун 10 дан ортиқ абонент рақамларини рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш жорий этилди. Қўмита, шунингдек, 10 мингдан ортиқ обуначига эга мессенжерлардаги каналлар эгаларининг ўзи ҳақидаги маълумотларни “Роскомнадзор”га (РКН) хабар қилиш мажбурияти тўғрисидаги тузатишни ҳам қўллаб-қувватлади.
Москвада мигрантлар меҳнати чекланиши мумкин
2025 йил 1 январдан бошлаб Москва области маъмурияти бир неча фаолият соҳаларида патент бўйича чет эл фуқароларининг меҳнатига чекловлар жорий қилади. Уларнинг ўрнини россияликлар ёки ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари эгаллайди.
Режага кўра, мигрантларга алкоголь ва тамаки савдоси, кўча овқатлари, ижтимоий хизматлар, шунингдек, спорт, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ишлашга чекловлар жорий этилади. Бу билан расмийлар “эҳтимолий можароларни минималлаштиришни хоҳлайди”.