Октабр ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этувчи сиёсий партиялар раҳбарлари ўзларининг чиқишларида сайлов олди дастурларида кўпроқ қайси соҳаларга эътибор қаратилаётганини маълум қилмоқда.
Умуман олганда сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари партиялар сайловда ғалаба қозонган тақдирда амалга оширишни режалаштирган устувор сиёсий таклифлари, мақсад ва вазифаларини сайловчиларга тушунтирувчи энг асосий ҳужжат ҳисобланади. Уларнинг жозибадорлиги ва жамият ҳаётидаги энг оғриқли соҳалардаги муаммоларни қамраб олганлиги сайловчиларни жалб этиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг асосий воситаси бўлиб хизмат қилади.
Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида партиянинг ўтган даврдаги эришган ютуқлари ва бу сайловларда қандай мақсадларга устуворлик берилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Партия раҳбари ўз нутқида бу галги сайловолди дастурида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида таъқиқлаш масаласини киритмоқчилигини маълум қилди ҳамда стратегик аҳамиятга эга компаниянинг хусусийлаштирилиши, ҳар қандай ҳолатда ҳам, нотўғри амалиёт эканлигини таъкидлади.
“Дастуримиз эълон қилинмагунча ундаги ташаббуслар ҳақида кўп тўхталишни истамайман. Лекин баъзи бирларини айтиб ўтишим мумкин. Масалан,
– давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима бўйича тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш;
– ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш;
– парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” жорий этиш каби таклифлар ўрин олади. Бу масалалар жуда муҳим.
– ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш;
– парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” жорий этиш каби таклифлар ўрин олади.” – Улуғбек Иноятов.
Сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари сиёсий харитани шакллантириш ва мамлакат тараққиётининг истиқболли йўналишларини англашда муҳим восита ҳисобланади. Улар сайлов жараёнида кўпроқ сайловчилар овозини йиғишда асосий ўрин тутади, сайловчиларнинг танловига таъсир кўрсатади ва сайланган сиёсий кучларнинг келгусидаги фаолияти учун йўналишларни белгилайди.
Шу боис сайловчилар учун дастурларни синчиклаб ўрганиш, уларнинг амалга оширилиши ва ўз манфаатлари ҳамда умидларига мос келишини баҳолаш ҳар бир сайловчининг бурчидир.