“Жисмоний тарбияда амалий имтихоларни баҳолаш мезонлари ёшга нисбатан олинса яхши бўлар эди”, – Олий таълим вазирлигига жисмоний тарбия ўқитувчилари номидан таклиф сифатидаги мурожаат келди.
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани 30-сонли мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Мансур Қурбонов ўзи гувоҳи ва бевосита иштирокчиси бўлган вазият асосида ҳақли таклифни Rost24.uz`га йўллабди.
2 йил олдин Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасини ривожлантириш тўғрисидаги фармони асосида ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчиларни олий маълумотли қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.
Фармон асосида 5 йил иш стажига эга бўлган ўрта-махсус маълумотли педагогларни олий таълимга жалб қилиш учун махсус квоталар берилиши ҳам белгиланган эди.
Мурожаатчи Мансур Қурбонов ҳам шу Фармонга биноан 2 йил Термиз Давлат Педагогика институти Жисмоний тарбия йўналишига ҳужжат топширган. Аммо етарли балл тўплай олмаганлиги сабабли ўқишга кира олмаётганини афсус билан баён қилган.
“Амалий имтиҳондан йиқилишимга асосли сабаб бор. Яъни, жисмоний тарбия бўйича амалий имтиҳонларда ёш инобатга олинмаган. Мисол учун, ўтган йили Термиз Давлат Педагогика институтига 100 та квота ажратилган бўлса-да, атиги 13 нафар абитуриент қабул қилинди.
Бунинг бирдан-бир сабаби – ёш тоифаси инобатга олинмагани. 15, 25 йиллик педагогик иш стажига эга ўқитувчиларнинг ёши 45, 50 ёшда бўлиши табиий. Уларнинг жисмоний кўрсаткичлари ҳам ёшларнинг кўрсаткичидай бўлмайди. Шуни инобатга олиб, фақат жисмоний тарбия бўйича амалий имтиҳонларнинг баҳолаш мезони ёшга нисбатан олинса, ёши улуғ ўқитувчилар ҳам олий маълумотли бўлар эди”, – дейди М.Қурбонов.
Мурожаатчининг маълум қилишича, яқинда эълон қилинган мандат натижаларига кўра, айрим Олий ўқув юртларига 3 нафаргина абитуриент қабул қилиниб, квоталар тўлмаган. Бунда ҳам ёши катта имтиҳон топширувчиларнинг етарли балл тўплай олмаган сабаб бўлмоқда экан.