«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллагани айтилган эди. 2024 йилги рейтингга кўра, мамлакат 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига 11 поғона пастлагани айтилмоқда.
Rost24 мазкур мавзу бўйича 14 май куни ўтказилган “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон медиасида ўз ўрнига эга журналистлар фикри билан қизиқди.
Бу йил халқаро нодавлат ташкилотлари томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича рейтингда Ўзбекистон 11 поғона пастлагани айтилмоқда. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
Исмат Хушев, "Дунё ўзбеклари" интернет нашрининг раҳбари:
– Ўзбекистоннинг ютуқларини кўролмай хорижда юрган баъзи аламзада кишилар бор. Давлатнинг матбуотига баҳо берувчи институтлар кўпроқ уларга қулоқ солади. Мамлакат ичидаги ўзгаришларни кўриб баҳо берувчи институтлар ҳам хатога йўл қўяётганини, Ўзбекистондаги ютуқларни кўролмаётган ОАВга қулоқ солаётганини ёрқин намунаси бу. Ҳозир ҳокимлар, оддий одамлар биргина хато иш қилиб қўйса, бутун дунё биляпти, қачон бўлган бундай ҳол? Ҳозирда холис, истеъдодли журналистлар қоляпти, иғвогарлик қилаётганлар қамалаяпти, бундан кейин ҳам қамалади. Кечагина гапиришни ўрганган "молокосос"лар эфирга чиқиб, халққа ақл ўргата бошлади. Биз 30 йил, 40 йил журналистиканинг нонини еб, энди ном қозоняпмиз.
– Ўтган йилги ва бу йилги сўз эркинлигида қандай фарқ бор?
– Биз ҳали ўтган 27 йилда демократик жамият қурдик, деёлмаймиз. Ўзбек халқи ўтган 27 йилда энг хароб халққа айланди, фикрини айтган журналистлар қамалди ёки менга ўхшаб хорижга бадарға қилинди. Биз энди, Мирзиёев даврига келиб, демократия нималигини, сўз эркинлиги нималигини ўрганяпмиз. Бизда ўзбек халқи ўрганиб қолган, ким чиқиб танқид қилса, шунга қарсак чалади, мақтаганларни сотқин дейди. Жуда кўпчилик менга давлатга сотилгансан дейди, лекин мен Каримов даври билан бугунги ўзгаришларни солиштириб эфир қиламан. Ҳеч бир ўзбек журналисти 2-3 соат жонли эфир қилмайди.
Нуриддин Жабиев, ЎзЖОКУ декани:
– Ҳар йили ҳар хил кўрсаткичга эга бўлади. Ўзбекистонда сўз эркинлиги йилдан йилга яхшиланяпти. Қонун доирасида фаолият юритмаган журналистлар бўладими, блогерлар бўладими, улар албатта масъулиятини ҳис қилган ҳолда жавобини ҳам беришади. Бу йил пастлаган бўлса, кейинги йил кўтарилади.
Аброр Зоҳидов, "Ишонч" интернет сайти бош муҳаррири:
– Бу жудаям қийин савол. 5-6 йил олдин биз сўз эркинлиги бўйича қанот ёзиб чиқаётган бўлсак, охирги 2-3 йилда яна пастга шўнғишни бошладик. Агар сўз эркинлиги шу даражада давом этадиган бўлса, бизга" Олтин қалам"нинг кераги йўқ.
Шерзодхон Қудратхўжа, ЎзЖОКУ ректори:
– Мен ўз мамлакатимнинг рейтингини ўзим биламан. Бизга келиб рейтинг ўтказиб кетиш, уни эълон қилиш тўлиқ ҳақиқат эмас. 36 йиллик фаолиятим давомида, охирги 5-6 йилда сўз эркинлиги яхши кўрсаткичда. Шунинг учун биз ўз стандартларимизни ишлаб чиқаришимиз керак ва уни ўзимиз ўлчашимиз керак.