Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиларининг калтакланиши ёки тазйиққа учраши билан боғлиқ ҳолатлар авж олмоқда. Буни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан ҳам билиш мумкин.
Агар таълимга оид “янгиликлар” номи остида бу видеоларни жамласак, ижтимоий тармоқларда ҳар ой чиқадиган янги рукн пайдо бўлади.
2024 йил бошланганига эндигина 3 ой бўлди, бу вақт ичида Навоийда ўқитувчи 2 нафар ўқувчини калтаклади, Чинозда ўқитувчи ўқувчининг бошини деворга бир неча бор қаттиқ уриб, жароҳат етказди, Хоразмда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларини урди, Навоийда директор ёки миллий гвардия ходими ўқувчиларни спорт залига йиғиб, сочини олдирди ва яқинда Марғилондаги мактабда ўқитувчи рухсатсиз ҳожатхонага чиққан ўқувчининг бошини телефон билан уриб ёрди.
Мактабларда болаларга нисбатан бундай ҳолатлар учун кимлар жавобгар? 2024 йилнинг 14 февралида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида Ҳокимликлар мактабнинг моддий техник базасини, Миллий гвардия давомат масаласини, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса, ягона давлат сиёсатини назорат қилади дейилган.
Болалар омбудсмани ушбу ҳолатларга нисбатан ўзининг ижтимоий саҳифасида муносабат бериб боради, аммо Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги буларнинг бизга алоқаси йўқ, қабилида иш тутади. Мисол учун, охирги содир бўлган Навоийдаги ва Марғилондаги ҳолатлар бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
Тадқиқотларга кўра, ўқитувчилик - стресс юқори бўлган касблардан бири ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, иш талаби юқори, мустақил қарор қабул қилиш имконияти паст бўлган ишларда стресс хавфи юқори бўлади. Ишда талаб қилинадиган ҳаракатдан унга тўланадиган иш ҳақи кам бўлган ҳолатларда ҳам стресс хавфи юқори бўлади. Гарчи ўқитувчиларнинг ойлигини кўп йиллардан бери минг долларга оширамиз деб айтилса-да, бизда ўқитувчиларнинг аксарияти ўртачадан паст ойликка ишлайди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига 12 март куни берган интервьюсида жамиятда аёлларнинг, аёл ўқитувчиларнинг ўрни юқори даражада эканлигини айтиб ўтган. Аммо, мақоланинг ҳеч бир жойида бугунги мактаб ўқитувчилардаги асабий зўриқиш ҳолатлари ва ушбу ҳолатларнинг сабаблари ҳақида гапирилмаган.
Ижтимоий тармоқларда юқоридаги каби ҳолатлар тарқалганидан сўнг, жамоатчиликнинг аксарияти ўқитувчини ёки ўқувчини айблайди, журналистлар ва жамоат фаоллари эса, тизим тепасида турганларнинг ушбу муаммоларни ҳал қилишда қандай чоралар кўриляпти, деган саволни ўртага ташлайди. Аммо таълимга дахлдор ташкилотларни кўпайтириш билан овора ҳукумат ёки сони бор-у, ўрни сезилмайдиган ташкилотлар бу саволга жавоб бермайди ёки бера олмайди.