Хусусий мактаб рекламасида бир нечта қонунбузилишлари бор, аммо жазо йўқми?

22.02.2024 11:00

Ижтимоий тармоқларда “Asia School” хусусий мактаби учун ишланган реклама кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

Мактаб рекламаси учун тайёрланган роликда мактабнинг энг устун тарафи деб ўзбек синфларининг йўқлиги айтилган. Бундан ташқари, иштирок этганлар эса “Ўзбек синфлари борми?” деган саволга ажаблангандек, масхара қилгандек ҳайратли нигоҳ билан жавоб қайтарган. 

Ваҳоланки, реклама қилинган мактаб ўзбек тили давлат тили деб қабул қилинган Ўзбекистонда фаолият юритади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу реклама Ўзбекистонда мавжуд “Реклама тўғрисидаги” ва “Давлат тили тўғрисидаги” қонунларга шунчаки кўз юмилганини кўрсатaди. 

Мисол учун, реклама тўғрисидаги қонуннинг 4-боб, 16-моддасида “Рекламада жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш тақиқланади”, дейилган. Мактаб рекламасида эса, давлат тилининг очиқдан очиқ камситилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. 

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 24-моддасида “Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар”, дейилган.

Ўзбекистонда давлат тилига ҳурмат шаклланмаганми? Ижтимоий тармоқларни кузатиб, ушбу саволга "ҳа” деб жавоб бергинг келади, сабаби, яқинда Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа “Ўзи яшаётган мамлакат тилини билмайдиганлар босқинчи ёки аҳмоқдир", дея келтирган сўзлари учун унга Россияга кириш тақиқланган эди, бундан кейин кўпчилик унинг фикрларини маъқуллади. Аммо юқоридаги реклама эса, давлат тилига миллий ғурур сифатида қараш ҳали ҳам тўлиқ шаклланмаганини кўрсатиб қўйди. 

Бу рекламадан кейин “Элтуз” телеграм канали ушбу ҳолатни изоҳлар экан, бундай ҳолат жамиятшуносликда “қуллик менталитети” деб аталади, деб келтириб ўтган. 

Ҳолат бўйича  “Asia school” хусусий мактаби директори ижтимоий тармоқларда ҳолат нотўғри талқин қилинганини, мактаб инглиз ва рус тилига ихтисослашган бўлса-да, давлат тилига нисбатан ҳурмат борлиги хусусида муносабат бериб ўтган. Кўриниб турибдики, муносабатнинг ўзи ҳам ҳаминқадар, фикрларда бирор далил йўқлигидан ҳам кўра, давлат тилига ҳурмат борлиги алоҳида бир оғир ишни бажаришдек айтиб ўтилгани бироз кулгили ҳамда ачинарли.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар