Атиги бир семестр ўқиган талаба олий таълим ҳақидаги ҳамма биладиган, аммо ҳеч қаерда айтилмайдиган хулосаларини баён этди.
Бир семестр ўқиганимдан сўнг, ўқиш ҳақидаги хулосаларим:
1. Бу ерда энг муҳим нарса форма билан давомат.
Шим кийма, сочингни йиғ, оқ кий, қизил кийма ва ҳоказо (биронтасига амал қилмадим).
2. Ўқитувчилар бир семестр давомида якуний имтихон ҳақида гапиришади, қўрқитишади.
3. Ҳар куни унга пул йиғ, бунга пул йиғ тугамайди. Ўтмай қолган чипталар, обуналар талабаларга мажбуран сотилади. Ва яна мажбурий эмас, деб қўйишади. Тўлашдан бош тортсангиз, сиз билан муаммо юзага келади.
4. Ҳар хил иншолар танлови, видеоролик, расм танловларига талабалар мажбуран жалб қилинади.
5. Дарс тугаганидан сўнг уйимга кетаман, деб хомтама бўлманг. Улар албатта, дарсдан кейинги тадбирларни тайёрлаб туришади. Ва унга қатнашишдан бош тортсангиз, ариза ёздириш ва шунга ўхшаш таҳдидлар билан қўрқитишади.
6. Университетда талабалар бўш вақтларини бекорга сарфламаслиги учун дарсдан сўнг бир тийинга қиммат тўгаракларга ёздиришади. Унда ҳатто, давомат ҳам қилиб олишади.
7. Қайси гуруҳда ўқиманг, айнан сизнинг гуруҳингиз билан очиқ дарс қилишади.
8. Ҳамма дарсликдаги мавзулар телефонда, лекин дарс вақтида телефонингизни йиғиб олишади.
9. Ўқитувчи унга ёқмайдиган ҳақиқатни айтган, қийин савол бериб қўйган, ҳаққини талаб қилган ёки шунчаки ёқтирмаган талабасига доим паст балл қўйиб ўтади.
10. HEMIS тизими фақат олинган балларга қараб натижа чиқариб бергани учун ўқитувчи дарсда қатнашмаган ўқувчига ҳам баҳо қўяди. Аслида эса талаба дарсда қатнашишга мажбур эмас. Ўқитувчи ҳам гапирмаган талабага баҳо қўймаслиги керак.
11. Университет сизга мактаб эмас, дейишади, аслида эса унинг мактабдан фарқи йўқ.
12. Уларнинг коррупцияга қарши курашиш бошлиғига қарши курашиш бошлиғи керак.
13. Бу ерда ҳаққингизни талаб қилишга ҳаққингиз йўқ.
14. Университет дарсдан кейинги ҳаётингизни ҳам назорат қилади.
15. Стипендия доим кечикиб тушади.
16. Соҳангизга алоқаси бўлмаган дарсларда 3 пара ўтиришга мажбурсиз.
17. 80 дақиқа маъруза тинглашни талаб қилишади, лекин 10 дақиқагина танаффус беришади.
18. Конспектларни на ҳаётингизда, на дарсда фойдаси бўлади. Ора-сирада текширилади, кейин қолиб кетади.
19. "Ҳаёт-мамот" масаласидек жар солинган сессиядан кўзингизни юмиб ўтиб кетасиз.
20. Кейинги семестр - яна ўша чархпалак айланиб келаверади.