Ўзбекистон амалдорларига ҳам рухсат берилмайдиган стратегик объектни хорижий блогер забт этди

16.01.2024 11:01

Хорижлик блогер назоратчилар сонининг кўплигидан ўтиб кетиш мушкул, деб тахмин қилган Тошкент телеминорасига чиқиб, видеосъёмка қилган. 

Ижтимоий тармоқларда "Raksmane" номи остида машҳур бўлган инстаблогернинг Тошкент телеминорасининг учига чиққани акс этган видеоси тарқалди. Ушбу видео 2022 йилда олинган бўлиб, блогернинг саҳифасига 2024 йилда жойлаштирилган

Доим баланд биноларнинг томига чиқиб видеолар олиш билан машҳур бўлган блогер Тошкент телеминорасига чиқиши унинг шахсий рекордини янгилаганини айтган. 

"Дастлаб 100 метрни лифтда босиб ўтдим. Кейинги 100 метрни ташқи томондаги қўриқчиларни айланиб ўтиб чиқдим. Навбатдагисини ўт ўчирувчилар зинаси орқали ўтдим, у ердаги қўриқчилар сони ўшандаёқ ҳайрон қолдирган эди. Форма кийган полиция ходимлари, киришда металлодетектор, кузатиб қўювчи ва лифт олдида кутиб олувчи стюардлар, формадаги қўриқчилар ва рация кўтарган ходимлар, у ердан ўтиб кетиш худди уддалаб бўлмасдек эди, лекин кутилмаганда назоратсиз коридор орқали фақат техник ходимлар учун мўлжалланган жойдан юқорига чиқишга муваффақ бўлдим", – деб ёзади инстаблогер ўзининг инстаграм саҳифасида.

Климбинг (тирмашиб чиқиш) спорти билан шуғулланиб, шу йўналишда видеолар тасвирга оладиган блогер аслида телеминоранинг “Алвон” зали – ресторан қисмига овқатланиш учун чиққан. Сўнгра у ердан ташқаридаги темир конструкцияларга осилиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатда мачтачилар фойдаланадиган махсус нарвонлар орқали юқорига кўтарилган. 

Камералар сони кўплиги сабабли, блогер “ҳозир олдимга қўриқчилар етиб келишса керак”, деб ўйлаган, аммо у билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. У зиналар орқали юқорига кўтарилган ҳамда яширинган ҳолда телеминора тепасига чиқиб, съёмка қилиб қайтишни уддалаган. Блогернинг айтишича, видеони эълон қилгач, телеминора маъмурияти видеони ўчиришни сўраган. Бу ҳақда блогер ўзининг инстаграм саҳифасида ҳам хабар қолдирган.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, инстаблогер Тошкент телеминорасини дрон ёрдамида ҳам тасвирга олган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисида»ги 322-қарорига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш тақиқланган эди.

Шунингдек, 2019 йилда қонун билан Жиноят кодексига 244-4-моддаси қўшилиб, унга асосан рухсат этилмаган ҳолатда дронларни ўтказиш, олиб кириш, сақлаш, фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қанчадан-қанча Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликка тортган ушбу қонун хорижий блогерга келганда кўзини юммоқда.

Журналист Шарофиддин Тўлаганов телеминоранинг хорижий блогер томонидан забт этилишини Хитой девори қурилганидан кейин Хитойнинг душманлар тарафидан осонгина забт этилишига қиёслаган

“Хунлардан ҳимояланиш мақсадида Ханлар Буюк Хитой деворини қурдилар. Аммо хунлар бу девордан бемалол ўта олдилар. Бунинг учун хунлар Хан аскарларига пул бердилар. Пулга ҳамма нарсани (ҳатто юрт сарҳадларини қўриқловчи аскарларни ҳам) сотиб олса бўлади”, – дея ўхшатиш қилган Ш. Тўлаганов. 

Хулоса ўрнида савол: оддий бир блогер ўйнаб ўтиб кетган стратегик объектни қўриқлашга ажратиладиган каттагина маблағ ҳавога учмаяптими?

Маълумот учун, телеминоранинг асосий вазифаси теле ва радиоузатув ҳисобланади. Сигнал Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва қисман Сирдарё вилояти ҳамда Қозоғистон жанубига узатилади. Бундан ташқари, ундан гидрометеорология хизматида ҳам фойдаланилади. Тошкент телеминораси Ўрта Осиёдаги энг баланд бино бўлиб, баландлиги 375 метрни ташкил қилади. 1978 йилда қурилган ушбу бино 1985 йилнинг 15 январида илк бор ишга туширилган. Хорижлик блогернинг видеоси ҳам телеминора ишга туширилганининг 39 йиллиги куни ижтимоий тармоққа жойланган.

Ҳозирги кунда телеминоранинг тақиқланган қисмлари замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қатъий назоратга олинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар