Тошкент шаҳрида охирги икки йилда дарахт кесиш ҳолатлари авж олди. Пойтахт ҳавоси ҳам, дарахт кесилиш ҳолатлари кўпайгани сабабли, ҳавоси ифлосланган мамлакатлар орасида юқори ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳатто Тошкент ҳавоси нафас олиш учун зарарли эканлиги ҳам кўп бора айтилди. Лекин бу вазият ҳам дарахт кесиш ҳолатларини камайтиргани йўқ.
Дарахтларни сақлаб қолиш учун қилинган мораторий даврида ҳам 44 мингга яқин дарахт кесилган эди. Дарахт кесишга чора ҳар йили кучайтирилади, аммо натижа йўқ. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқоновга нисбатан фақат хизмат текшируви ўтказилиши ҳам қонун қай даражада ишлаётганининг исботи эмасми?
Шунингдек, экология вазирлиги ушбу ҳолатга нисбатан баёнот бериб, бошқарма бошлиғи вақтинча ишдан четлатилганлигини айтди, лекин 2022 йил сентябрда Фарҳод Деҳқонов айнан шу дарахт кесилиш ҳолатларига шароит яратиб берганлиги учун ҳибсга олинган эди. Қамоққа олинган ва терговга тортилган шахс яна қандай қилиб ўз лавозимида ўтириши мумкин?
Бундан ташқари, дарахт кесилиш ҳолатлари кеча пайдо бўлгани йўқ. Бунинг ортидан собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳайфсан олган, Чилонзор туманининг собиқ ҳокими Ш. Мавлонов ва И. Бозоровлар лавозимидан озод этилган эди.
Аслида қонунда белгиланган тартибда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш каби жазолар қўлланиши керак бўлган вазиятда, икки йилдан бери авж олиб келаётган дарахт кесилиш ҳолатларига нега яна хизмат текшируви ўтказиляпти? Нега хизмат текшируви олдинроқ бошланмаганди? Экология вазирлиги қачон амалдорларга нисбатан жазони кучайтириш чораларини кўради?
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига кўра, дарахт, буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш: фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача; мансабдор шахсларга эса, 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима қўллашга асос бўлади.