2022 йилда энг кўп фойда ва зарар кўрган корхоналар рўйхатида энг кўп зарар билан “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ кўрсатилган эди. Ҳозирда аҳвол қандай?
Rost24.uz журналистининг ушбу саволига ташкилот электр энергиясини харид қилиш ва сотиш бош бошқармаси бошлиғи Нурилла Маҳмудов жавоб берди.
“Бу йилги кўрилган зарар ҳозиргача яъни 10 ойда 1,8 трлн сўмни ташкил қиляпти. Демак, ўтган йили бу рақам 4,3 трлнни ташкил этган. Ҳали бизда бозор механизмлари бозор қонуниятларига асослаб шаклланадиган таърифларга ўтилмаган. Шу сабабдан, давлат бу соҳани қўл режимида бошқариб туришга мажбур бўляпти, – дейди у.
Масъулнинг сўзларига кўра, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ишлаб чиқарувчиларидан электр энергиясини сотиб олади ва ҳудудий электр тармоқ корхоналарига сотади. Сотиб олиш ва сотиш жараёнида якуний истеъмолчиларга оғирлик тушмаслиги учун уларнинг электр энергияси тарифи юқорилаб кетмаслиги назоратга олинади. Буни бартараф этиш бўйича аҳолини таърифларига ҳозирча тегилмаган.
"1 октябрдан улгуржи истеъмолчиларнинг таърифи 450 сўмдан 900 сўмгача оширилди. Шунинг натижасида энергия корхоналари ўртасида тарифлар ҳам қайта кўриб чиқилди.
1 ноябрдан ўша ўртадаги зарарни бироз пасайтириш ҳисобига энергия корхоналари ўртасидаги тарифлар ҳам қайта белгиланди. Энди ҳозир бизнинг прогнозимиз йил охиригача шу 1,8 трлн зарарни ушлаб қолиш ва кўпайтирмаслик”, — деди Нурилла Маҳмудов.