Ўзбекистондаги олий таълим ҳақида гапирилса, талабадан сўраладиган форма ва тозалик масаласи ёки интернетдан кўчирилган зерикарли маърузаларни эслаш мумкин. Олий таълимимиз ундан ҳар йили етишиб чиқаётган, қаерда ишлашни билмайдиган миллионлаб кадрлар билан жар ёқасига келиб қолди.
Тизим ва кадрлар масаласида бундай муаммолар борлигига сабаб нима? Олий таълимдаги дарслар сифати талабга жавоб берадими? Талабалар олий таълимдаги дарслар сифатига 5 баллдан неча балл беради? Шу каби саволлар билан Rost24.uz пойтахтда таълим олаётган талабалар ўртасида сўровнома ўтказди.
Талабалар:
- 4 балл бераман, камчиликлар бор;
- 5 баллдан 3 балл бераман. Чунки дарслар сифати анча тушиб кетган;
- Эски профессор ўқитувчиларни билими яхши, ҳозирги устозларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб бермайди;
- Сифат йўқ, ҳамма нарса пул бўлиб кетган;
- Замонавий талабларга жавоб бермайди;
- Яхши, ёмон ўқитувчи ҳам дарс беряпти;
- Слайдни қўйиб бериб кўчирасизлар, эплайсизлар дейди;
- Ўқитиш методи жудаям эски, осон нарсани қийин, қийин нарсани осон қилиб тушунтиради;
- Кредит модуль тизими фақат пул олиш учун ишлайди;
- Модуль тизими бўлса ҳам ўқитувчиларни ўзимиз танлолмаймиз, танласак ҳам бари бир яна ўз билганини қўйишади;
- 5 балдан 2 балл бераман, чунки қониқтирмайди;
- Лаборатория жиҳозлари йўқ, талабга жавоб бермайди, каби фикрлар айтилди.
Хулоса: Кредит модуль тизими амалга татбиқ этилгач, кўпчилик энди олий таълимда ўзгаришлар бўлишига ишонган эди. Аммо жаҳон стандартларида талабанинг билим олишини баҳолайдиган тизим Ўзбекистонда давоматни текшириш ва “НБ” қўйиш тизимига айлантирилди. Талабаларнинг кўпчилиги дарсга қизиққанидан эмас, модулга “НБ” тушиб, йил охирида яна пул тўламаслик учун келади.