Бюджетдан ажратилган 1,5 триллион сўм яна ҳавога учадими?

05.11.2023 10:22

2024 йил учун тақдим этилган давлат бюджети лойиҳасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 46 трлн 647 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Шундан, 1,5 трлн сўм маблағ умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилиши назарда тутилган.

Янги ўқув йили бошланиши арафасида Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги "бошланғич синфлар учун 775 номда яратилган янги авлод дарслик мажмуалари 72 млн нусхада чоп этилмоқда", дея хабар берди. Шунингдек 2023 йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилганлиги маълум қилинди.

Пулларнинг тахминий эгаси ким?

Бугун таълимда тушунарсиз вазият юзага келган: айни пайтда бошланғич синфларнинг айримлари "Новда" дарсликларидан, айримлари Миллий ўқув дастури асосидаги дарсликлардан ва айримлари 2017 йил дарсликларидан таҳсил олмоқда. 6, 7, 10 синфлар Миллий ўқув дастури асосидаги дарсликлар билан, 5, 8, 9, 11 синфлар эса 2014-2018 йиллар дарсликлари билан ўқитилмоқда.

Президент фармони асосида, UNESCO ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида катта куч ва маблағ сарфлаб яратилган, бир неча босқичларда муҳокамалардан ўтган Миллий ўқув дастури ўқувчиларга тарқатилганидан ҳали 2 йил ўтмай туриб президентга янги  "Novda Edutainment" дарсликлари тақдим этилди ва сентабрь ойидан 1-4 синф ўқувчилари шу дарслик асосида ўқитила бошлади.

"Novda edutainment" ҳақида нималар маълум?

2019 йил АОКА раҳбари, ҳозирда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов ташаббуси билан АОКА қошида янги авлод дарсликлари яратиш учун “Ўқитувчи” илмий-методик маркази ташкил этилган эди.

2020 йилда ушбу марказ ёпилди. Тугалланмай қолган дарсликлар Халқ таълими вазирлигига топширилиши керак эди, аммо топширилмади. Алламжоновнинг ўзи бу ҳақда "Озодлик" радиоси"га берган интервьюсида "Чала қолиб кетган ишни ўзимизнинг маблағлар ҳисобига уни тугатиб яна давлатга берганмиз, менимча, бу ҳеч қанақа эътироз туғдирмайдиган ҳолат деб ўйлайман", – деди.

Кейинроқ, 2023 йил январ ойида Комил Алламжонов "Бошланғич синф ўқувчилари учун сифатли дарсликлар, сифатли таълим шу йил сентябрь ойидан бошланади. Тайёргарликка 4 йил вақт кетди", деб баёнот берди. Мактаб таълими соҳасига алоқаси бўлмаган одамнинг дарслик яратишга киришиши ва уни республиканинг бутун ҳудудига тарқатиши алоҳида мавзу.

Бу йил "Novda Edutainment" томонидан ишлаб чиқарилган мактаб дарсликлари аҳоли ва зиёлилар томонидан энг кўп муҳокама ва эътирозларга учради.

Айнан шу "Novda Edutainment" дарслиги яратувчиларидан бири Юлия Рисюкова ҳозирда Таълимни ривожлантириш маркази директори ўринбосари, бир пайтлар Комил Алламжоновга қарашли "Автотест" автомактабида ишлаган, АОКАда "Ўқитувчи" маркази директори ўринбосари бўлган.

"Novda edutainment" лойиҳа раҳбари Воҳид Ҳамидов эса Таълимни ривожлантириш маркази раҳбари, ундан аввал Алламжонов билан "Автотест" мактабида ишлаган.

Комил Алламжонов ўзининг “Алламжонов айбдор” китобида “1-синфдан 11-синфгача миллий таълим тизими ишлаб чиқиш режам бор. Бунга 5 йил кетади. Худо хоҳласа, 4 йилдан кейин мен Ўзбекистон учун энг зўр таълим тизимини тақдим қиламан", дея ёзган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар