“Ўзархив агентлиги тизимида ўтган 9 ой мобайнида амалга оширилган ишлар” ҳисоботи бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда фуқаролар ўзига тегишли маълумотларни олиш электронлаштирилганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Шахс ўзининг оиласи келиб чиқишига доир маълумотларни олиши учун қанчадир маблағ тўлаши керакми? Архивдаги маълумотлар билан танишиш учун фуқаролардан қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Rost24.uz мухбирининг ушбу мазмундаги саволига “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов қуйидагича жавоб берди:
«Шахсга оид маълумотлар, яъни, шахсий таркибий ҳужжатлар онлайн равишда кўрсатилади. Агарда у ижтимоий ҳуқуқий мазмундаги сўров бўладиган бўлса, мисол учун, нафақага чиқаётган фуқаро бўлса ҳужжатлари, яъни ойлик иш ҳақи бўлиши мумкин ёки ишлаганлиги ҳақидаги ҳужжат бўлиши мумкин, шу мазмундаги маълумотни олаётган бўлса, унга бепул равишда хизмат кўрсатилади.
Бу архив ҳужжатидан кўчирма шаклида берилади. Баъзи фуқаролар ўзларига оид ҳужжатнинг тўлиқ маълумотини беролмаслиги мумкин, яъни буйруқ рақами, қайси ташкилотда ишлаганлиги ёки меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйган ҳолатларда бу бўйича маълум бир маблағ тўлашларига тўғри келади. Бу сумма ҳозирда 60 минг сўмни ташкил этади.
Бугунги кунда архивлар фуқародан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмайди, фақатгина ҳужжатлар бўйича маълумотлар талаб қилинади. Масалан, фуқаро Ягона интерактив давлат хизматлари орқали мурожаат қиладиган бўлса, ўша ерда ўзининг паспорт маълумотларини, қаерда ишлагани ҳақидаги маълумотларни кўрсатади. Биз ўша фуқаро кўрсатган маълумотлар асосида сўраган маълумотидан архив кўчирма сифатида маълумотнома тақдим этамиз», — деди У. Юсупов