Ҳисоботдаги чиройли рақамларда негадир ўзини ўлдираётган хотин-қизлар ҳақида маълумот йўқ.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда ҳисобот ўқиб эшиттирди.
Брифингда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори асосида хотин-қизларга давлат томонидан берилган ёрдам турлари ва уларнинг сони ҳақида айтиб ўтилди.
«Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичидаги хотин-қизларнинг контракт суммаси учун ҳар йили давлат томонидан камида 200 млрд сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, 36 мингдан зиёд аёл-қизлар учун 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 335,5 млрд сўм фоизсиз имтиёзли кредитлар ажратилган. Уй-жойга муҳтож аёлларнинг 7 131 нафарига ёрдам кўрсатилган», – дейилади қўмитанинг ҳисоботида.
Бундан ташқари, тадбиркорлик бўйича нечта аёл ва қизларга ёрдам берилгани ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Негадир саволлардан қочиб осонгина қоғозда ёзилган маълумотларни ўқиб бериш кўпгина ташкилотлар учун бугун урфга айланди. Хоҳ муаммоси кўп ташкилот бўлсин, хоҳ муаммодан ҳоли, фарқи йўқ. Ҳисобот учун омма олдига чиқиб қўйдими, қўйди. Ҳисоботлар эса доимгидек мақтов, алқаш ва ўзининг ишлаётганини кўрсатишга қаратилган чиройли гаплардан ташкил топган.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳам жамият олдида ана шундай ўзига бевосита тааллуқли муаммоларга кўз юмадиган ташкилот бўлиб қолмоқдами?
Чунки ижтимоий тармоқларда тарқалиб оммалашган Хоразм ва Сергелидаги аёл ва қизлар билан боғлиқ нохуш воқеалар каби нозик жинс вакилларининг зўравонлик ва тазйиққа учраб вафот этишига доим сукут билан жавоб қайтариб келган.
Бугун ўтказилган брифингда ҳам аёллар билан боғлиқ шундай ҳолатлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Ижтимоий тармоқларда Хоразмдаги оилавий болалар уйидаги қизлар билан боғлиқ, Сергелидаги қизча ёки фарзандлари билан ўзини деразадан ташлаган аёл, бугунги Фарғонада 20 ёшли келинчак ўзини осиб ўлдиргани ҳақидаги хабарларга на муносабат билдирилди, на бундай хабарлар ҳақида маълумот берилди.
Қўпол қилиб айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизлар билан боғлиқ ташкилотнинг борлиги ҳам билинмайди. Ташкилотнинг расмий сайти ва телеграмдаги саҳифасини кузатсангиз, ҳеч қандай муаммо йўқ, фақат ҳисобот ва маълумотлар бериб борилади.
Бундан ташқари масъул ташкилотлар ишламаётганидан аёллар ҳуқуқлари бузилса, кимга ёки қаерга мурожаат қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳам билишмайди. Ҳуқуқлари бузилган ва жабрланган аёллар билан боғлиқ ҳолатларни эса, жамоат фаоллари кўтариб чиққанидан сўнг ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланиб бўлгач, хабар топамиз. Масъул ташкилотлар эса муаммо ҳақида доимгидек сукут сақлашда давом этади.