Мактабгача таълим муассаларига навбатга туриш ҳар доим кулги остига олинади. Сабаби эса йиллаб навбат келмаслигидир. Фарзандини боғчага бериш учун ота-оналар электрон навбатга туриши керак. Баъзан навбатга турганларнинг ойлаб ҳатто йиллаб навбати келмаган ҳолатларни ҳам гувоҳи бўляпмиз.
Ўзи навбатга қўйгандан кейин кутиш вақтининг маълум чегараси борми? Агар белгиланган чегараси бўлса, ўша вақтдан ўтиб кетганда қаерга мурожаат қилиш керак?
Rost24.uz мухбирининг ушбу саволига Мактабгача таълим агентлиги директори ўринбосари Оятулло Раҳматуллаев қуйдагича жавоб қилди:
— Демография бизда яхши, йилига 800 тадан 1 млнгача бола туғилади. Янги чақалоқлар туғилиб, мавжуд бола сонига қўшилиб боради. Ҳозирда 28 фоиз 3 дан 7 ёшгача бўлган бола мактабгача таълим билан қамраб олинмаган. Мактабгача таълим ташкилоти бўладими, мактаб бўладими, сиғимидан ташқари болани қабул қила олмайди. Биз ҳозирги кунгача мактабгача таълим ташкилотларининг сонини инвестицион дастурлар билан қуриш орқали ошириб боряпмиз. Қувват етмаганидан кейин, табиийки, навбат деган тушунча ўз-ўзидан пайдо бўлади. 2018 йилда мактабгача таълим агентлиги биринчилардан бўлиб шаффоф электрон тизимни жорий қилди. Бунда навбат кутишнинг ҳеч қандай муддати йўқ. Агар навбат келмаса, боғчага талаб кўп бўлса, боғчадаги навбат 2, 3 ёки 4 йилга ҳам чўзилиши мумкин. Биз тавсия сифатида ота-она бир пайтнинг ўзида 3 та мактабгача таълим ташкилотига навбатда туриши мумкинлигини айтамиз. Мурожаатлар кўп бўлади, бунда биз уларга уйи атрофидаги бошқа боғчаларни тавсия қиламиз», — деди у.
Аслида кутиш муддати белгиланиши, ҳудуддаги боғчалар аҳоли сонига мослаштирилиши керак эмасми? Чунки, навбат кутишнинг чегараси бўлмас экан, масъул айтганидек, фарзанди мактабга чиққанда келадиган навбатлар кўпайиб бораверади.