Rost24.uz сайтида “Агробанк” масъулларига ишонч борми? “Ишонч йўқ” демоқда фуқаролар” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.
Ушбу танқидий мақолага “Агробанк” матбуот хизмати раддия билдирди:
“Мижоз томонидан тақдим этилган хужжатларда бир қанча камчиликлар мавжудлиги сабабли ушбу камчиликлар бартараф этилиб, қайта киритилиши учун Андеррайтер томонидан қайтарилган. Бу ҳақида мижоз банк ходимлари томонидан хабардор қилинган бўлсада, бироқ ушбу камчиликлар бартараф қилинмаганлиги сабабли кредит ажратилмаган. Шу билан бирга мижоз ҳужжатларининг базага киритилиши кредит олишда 99 фоиз кафолатни бермайди.
Банк бошқарувининг 2021 йил 29 декабрдаги 139/1-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кредит аризаларини марказлашган тарзда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага асосан Андеррайтер томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг кредит аризаларини экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш кредит ишига оид барча ҳужжатлар тўлиқ олинган ҳамда улар бўйича савол ёки эътирозлар қолмаган санадан бошлаб белгиланган муддатлардан ошмаслиги керак.
Мижоз кредит олишга муваффақ бўлгани учун Норин туман ИҲҲҚ бўлими раҳбари номига ёзилган ташаккурномага келсак, бу Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ўзига аён ва ўзигагина тааллуқли бўлган иш.
Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар хукукларини химоя килиш федерациясининг маълумотларни тарқатган масъул ходими "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонун талабини бузган ҳолда банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатгани учун асосли равишда интизомий жавобгарликка тортилган ва Федерация томонидан узр сўралган” – дейилади “Агробанк” Матбуот хизматининг раддиясида.
Эслатма: "Агробанк" АТБнинг ушбу раддияси "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунининг 34-моддаси тартибида эълон қилинмоқда.