Тадбиркорлик қилиш учун фуқаро билан 220 000 000 сўмлик кредит шартномаси тузилган, аммо банк бир йил давомида турли баҳоналар билан тадбиркорга тегишли пул маблағини ўтказиб бермаган. Улар тадбиркордан ниманидир кутдими?
Кредит олиш осонми? Ҳа, аслида давлат томонидан белгиланган меъёрларга амал қилинса, қонунлар ишласа, энг муҳими, шу банкдагилар нималарнидир таъма қилиб, нималарнидир баҳона қилиб юрмаса, кредит олиш аҳоли учун жуда содда ва қулай.
Бироқ, белгиланган бу содда ва оддий қоидаларнинг "Агробанк" мутасаддиларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар истаса кредит беради, истамаса олинган кредитни ҳам йиллаб бермай юриши мумкин. Чунки назоратчининг ўзи йўқ. Тизим бир маромда ишламайди. Агар ишлаганида норинлик фуқаро йиллаб банк остонасида сарсон-саргардон бўлмас эди.
Норин туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ҳаққулобод шаҳар, "Дўстлик" МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Т. дан ёзма мурожаат келиб тушган.
Унда баён этилишича, фуқаро тадбиркорлик қилиш учун 220 000 000 сўм кредит олиш мақсадида "Агробанк" АТБ Норин туман филиали билан шартнома тузади, аммо шартномада белгиланган шартлар бажарилишига қарамасдан, банк бир йил давомида турли хил баҳоналар билан тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқаро Ф.Т. га тегишли пул маблағини ўтказиб бермаган.
Норин туман ижро этувчи аппарат мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилиб, банк ходимларига амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Натижада, тадбиркорга "Агробанк"дан 220 000 000 сўм олиб берилди.