Репортаж: дунёдаги энг кўп итлар сақланадиган жой Ўзбекистонда

19.07.2023 00:31

Яқинда тармоқларда ёш болаларга кўча итлари ҳужум қилгани ҳақида видеолар тарқалди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида дайди итларни оммавий қириш бошлангани ҳақида хабарлар кўзга ташланади ва жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

Хуш, дайди итлар ҳақиқатда инсонлар учун хавфлими? Ўзбекистонда кўча итлари учун жой йўқми? Rost24.uz 6 мингта итни ўз бағрига олган "Ҳаёт" номли дунёдаги энг катта итлар бошпанасига бориб, уларнинг фаолиятини ўрганди.

Қибрай туманидан жойлашган "Ҳаёт" бошпанасида 2018 йилдан буён ишлаб келаётган Дилрабо опа Файзуллаеванинг айтишича, бу жой тадбиркор аёл Ирода Маткаримованинг ташаббуси билан очилган. Дастлаб 200 та кучукни ўз бағрига олган шелтерда ҳозирги кунда 6 мингта ит боқиб келинади.

«Бундан ташқари клиникаларда, вақтинча сақланиш жойларида итларимиз бор. Иродахонга ит сўраб мурожаат қилишса, Россияга жўнатади, аҳолига ҳам тарқатамиз. Шу кунгача 10 мингта итга ғамхўрлик қилдик, десак бўлади. Бизга республиканинг барча ҳудудларидан итлар келиб тўради.

Ҳозирда 9 киши ишлаймиз. Эрталаб соат 4:00 дан туриб тагларини тозалаб, сув, овқат берамиз, даволаймиз. Ишчиларга ойлик тўланади, озиқ-овқат берилади.

Бизга ҳукумат томонидан шу вақтгача фақат ер берилган, моддий ёрдам, ҳомийларимиз йўқ. Баъан кўнгиллилар ёрдам беради.

Шанба-якшанба кунлари волонтёрлар келади, биз "ҳашарчилар" деймиз. Тозалаш ишларига ёрдам беради, итларни овқатлантиради, овқат пиширади», – дея "Ҳаёт" бошпанасидаги иш жараёни ҳақида гапиради Дирабо опа.

"Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларни кўриб, одамлар ваҳшийлашиб кетяптими, деб ўйлаб қоламан. Бу ҳайвонларни ҳам Аллоҳ яратган. Қачон ит ғазабнок бўлади, одамлардан ёмонлик кўрса, аламзада бўлса. Биз шундай итларни боққанмиз, важоҳати, агрессиясини кўриб олдига яқинлашолмайсиз, озгина меҳр бериб яхши гапирсангиз, ёш боладан ҳам яхши бўлиб қолишади. Овқат олиб борсангиз овқатни ҳам емай сизга жовдираб қараб туради, яна эркаласин деб. Қўлингиздан келмайдими меҳр бериш, яхшилик қилиш, ҳеч бўлмаса ёмонлик қилиб, озор берманг. Кўчада итларнинг одамларга ташланишига инсонларнинг ўзи айбдор. Ҳозир катта одамдан тортиб ёш болагача итга кўчада тош отади. Итга тегмасангиз, ҳеч қачон сизга тегмайди. Одамларга ҳужум қилган итлар бундан олдин, албатта, одамлардан озор кўрган бўлади. Шунча йил итларга қараб шуни билдим, итларга фақат меҳр керак, овқат ҳам керак эмас, баъзан берган овқатингизни ҳам емайди.

Туркия, Германияда итларга муносабатни кўринг, нима учун биз ҳам улардек бўла олмаймиз? Одам қадрланиши учун ҳайвонлар ҳам қадрланиши керак. Ота-оналардан сўрардим, ҳайвонларни урмасин, бу ёмонлик ўзига қайтмаса ҳам боласига, албатта, қайтади. Менинг ҳайвонларга меҳримни уйғотган, аслида, қизим бўлади. Шу ерга келиб, ишлаб қолиб кетишимга ҳам қизим сабабчи. Биз келганимизда 1 ҳафта ишлаб кейин кетишни режалаштиргандик. Кейин қизим “Онажон, биз кетсак бу ҳайвонларга ким қарайди? Ким биздек меҳр бера олади”, деб йиғлаб туриб олди. Шу билан "Ҳаёт" да қолиб кетдик», – дейди Дирабо Файзуллаева.

Эътиборлиси, ушбу манзилда 13 ёшли Шаҳзода ҳам бор. У кўп қаватли уйда яшаганига қарамай болалигида кучук, мушук, тошбақа, ўрдаклари бўлгани, онасидан қайси ҳайвонни олиб беришини сўраса, онаси олиб берганини айтди:

– Мушукларимни кичкиналигимда қутқариб олганман. Маҳалламизда яшайдиган кучук, мушукларга қараб, уларни боқиб юрардим. Бу ерга биринчи келганимизда ўзим билан 200 тача кучук олиб келганман. Улар маҳалламда яшарди, одамлар тош отиб, ҳайдаб юборарди, мен кетсам уларни ҳеч ким боқмайди, деб ҳаммасини йиғиб шу ерга олиб келдим. Биз болалар ўз ота-онамиздан ўрнак оламиз. Ота-оналар фарзандлари олдида одамларга ҳам, ҳайвонларга ҳам меҳрибон бўлиши керак, деб ўйлайман», – дейди Шаҳзода.

"Ҳаёт" бошпанасидаги итларнинг жовдираган кўзларига қараб, уларнинг меҳрга ташна эканини кўриш мумкин. Дилрабо опа бу ерда эгасиз, кўчанинг дайди итлари ҳам, эгаси мажбурликдан ташлаб кетганлари ҳам, сотқин одамлар кучуклигида боқиб, катта бўлгандан сўнг ёқтирмай ташлаб кетган уй итлари ҳам бор эканини таъкидлади:

– Дайди итлар учун бу ер жаннат, уй итлари учун бу ер дўзах. Уй итларини ташлаб кетишганда 1 ҳафталаб овқат емайди, яшашни хоҳламайди, сотқинликни қабул қилолмайди, эгасини кутади, эгаси овозли хабар юборса қўйиб берсангиз, дарров жонланиб кетади. Бу ер итхонамас, худди меҳрибонлик уйига ўхшайди. Меҳрибонлик уйида болалар одам келса ўзини кўрсатиб, "Мени олиб кетсин", деб қанақа интилса,  итлар ҳам худди шундай эркаланиб, одамларга кўзлари мўлтираб қараб туради. Ит, ҳайвон, одам деб ажратамиз-у ўртамиздаги фарқ унчалик катта эмас, булар фақат гапиролмайди холос, ҳис-туйғу, ақл, характер уларда ҳам бор. Мен шундай ният қиламан, қанийди Ўзбекистонда ҳаммани уйга ўғри тушса, одамлар биттадан итларни келиб олиб кетса, бу ерда битта ҳам ит қолмаса».

Rost24.uz мухбири "Ҳаёт" даги муаммолар ҳақида сўраганда иш бошқарувчи Дилрабо опа ташкилотнинг қарзлари жуда кўп эканини айтди:

– 6 мингта итни ҳеч ким, ҳеч қаерда боқмаяпти. Бу дунёдаги энг катта итлар бошпанаси. Биз итларни кастрация қилдирамиз, наркоз қиммат, ветеринарларга келиб-кетгани учун ҳам пул тўланади. Экология вазирлиги ва Экопартиядан итларни ҳеч бўлмаса кастрация қилишда ёрдам беришларини сўрардим. 6 мингта ит бир йилдан сўнг 10 мингта бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Ёки 1 кунлик овқат харажатига ёрдам берса, хурсанд бўлардик. Иродахоннинг бир ўзларига жуда қийин. Итлар кунига 5 тонна овқат ейди. Итларга овқат берса ишчиларга ойлик беролмайди, ойлик берилса операцияга пул қолмайди. Шунинг учун одамлардан сўрардим, қўлган келганча ёрдам беришса, бу яхшилик уларга ундан ҳам кўп бўлиб қайтади. Қандай усулда бўлса ҳам, хоҳласа овқат олиб келишсин, агар қурби етмаса ҳеч бўлмаса мажмуамизга келиб итларни эркалаб, меҳр бериб кетишсин», – деди у.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар