Банк вазифасига кўра одамларга ўқиш, тадбиркорликни бошлаш, уй-жой харид қилиш ёки шу каби зарурий харажатлар учун маблағ яъни кредит беради. Инсонлар кредитни белгиланган вақтда ва белгиланган услубда маълум фоизи билан банкка қайтариши керак. Бир қараганда банк пулга эҳтиёжи бўлган одамнинг жонига оро киргандек кўринади. Аслида ҳам шундайми?
"Theglobaleconomy" сайтининг 2022 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон юқори фоизли кредит бўйича дунёда 109 мамлакат ичида 5-ўринни эгаллаган.
Rost24.uz сайти Ўзбекистондаги банкларнинг йилдан йилга ортиб бораётган кредит бўйича фоиз ставкаларини ўрганди.
Асосий фоиз ставкаси
Тижорат ва давлат банклари Марказий (миллий) банк бошчилигида кредитлар учун белгилайдиган банк фоиз ставкасидан келиб чиқиб ихтиёрий равишда кредит фоизларини белгилайди. Ўзбекистонда Марказий банк томонидан белгиланган фоиз ставкаси айни пайтда 14 фоизни ташкил этади. Қозоғистонда июль ойи ҳолатига кўра, фоиз ставкаси 16.75 %. Бошқа қўшни мамлакатлар билан солиштирсак бу кўрсаткич бироз юқорироқ. Масалан, Қирғизистонда фоиз ставкаси май ойидан буён ўзгаришсиз 13% миқдорида турибди. Тожикистонда 10%.
Дунёда энг паст кўрсаткичдаги фоиз ставкаси Японияга тегишли: 0.1%. Иқтисодиёти қудратли бўлган мамлакатлар - Хитойда фоиз ставкаси 3.55, АҚШда 5.25 этиб белгиланган. Ўзбекистонда эса энг минимал фоиз ставкаси 2015, 2016, 2017 йилларда 9% бўлган.
Имтиёзли кредитлар
Ўзбекистонда "Таълим кредити", "Oilakredit.uz" каби имтиёзли кредитлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарорига мувофиқ, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 13 трлн сўм, шундан 2,8 трлн сўм “Микрокредитбанк” АТБ, АТ Халқ банки ва “Агробанк” АТБ ресурслари ҳисобидан йўналтирилган ва фоиз ставкаси 14% этиб белгиланган.
Бундан ташқари "Аёлларга кўмак" (Халқ банкида 18%), "Бир миллион дастурчи" доирасида 21 фоизли кредит турлари мавжуд. Қўшни Қирғизистон билан таққосласак "Айыл" банкда жисмоний шахслар учун ҳукумат дастурлари бўйича кредитлар 0 фоиздан бошлаб энг юқориси 6 фоизни ташкил этади.
Тожикистонда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 10 фоизлик кредит тури мавжуд. Европа мамлакатларида эса, масалан, Италияда кредитнинг ўртача фоизи бизнинг имтиёзли кредитлардан 5-6 баробар арзон - 2.26%.
Истеъмол кредити (истеъмол эҳтиёжларини қондириш учун қайтаришлик шарти билан аҳолига бериладиган пул маблағлари ёки товарлардан иборат кредит, одатда, аҳолининг қимматбаҳо товарларни харид этиши учун ажратилади)
Миллий Банк (NBU) сайтидаги маълумотларга кўра, банкнинг истеъмол кредити иш ҳақи лойиҳаси бўйича 36 ойгача бўлган муддатга йиллик 24%, 24 ойгача бўлган муддатга йиллик 23%.
Агар 36 ой муддатга 60 миллион сўмлик кредит олсангиз фоиз учун 25 млн 885 минг сўм ортиқча тўлайсиз, жами сумма 85 млн 881 минг сўм қилиб қайтарилади. СҚБ да 25 фоиз (60 млн+24.997 млн=84 997 млн), Ипотека банкда 26 фоиз (49.5 млн+30.612 млн=80 млн 112 минг сўм), Ҳамкорбанкда 32 фоиз (60 млн+29.6 млн=89.6 млн сўм) кредит учун тўлайсиз.
Европа минтақасида эса Европа Марказий Банки маълумотларига кўра, кредит фоиз ставкалари уй хўжаликлари учун 3.1 фоиз, корпорациялар учун 3.6 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон банклари билан таққослаганда ўртадаги фарқ жуда катта, деярли 20 фоиз.
Ипотека кредити (уй-жой ва кўчмас мулк хариди учун берилади)
Ўзбекистондаги деярли барча банкларда ипотека кредити хизмати мавжуд. Bank.uz сайти маълумотларига кўра, банклардаги ипотека фоизлари қуйидагича:
Қишлоқ қурилиш банк 7-14 фоиз;
Агробанк 17-18 фоиз;
Ипотека банк 17-18 фоиз;
Халқ банки 18 фоиз;
Микрокредитбанк 18 фоиз;
Миллий Банк (NBU) 18 фоиз;
Ориент финанс банк 18-24 фоиз;
Зираат банк 23.5-25 фоиз;
Саноат қурилиш банк 24-26 фоиз;
Ипак йўли банк 26 фоиз;
Равнақ банк 26-28 фоиз.
Умуман олганда, Ўзбекистондаги ипотека кредити бўйича ўртача кўрсаткич "Tradingeconomics.com" маълумотларига кўра, 22.2 фоизга тенг. Қўшни мамлакат Қозоғистон билан солиштирсак уларда ипотека кредити ўртача 8.66 фоиз (2022 йил декабрь) ни ташкил қилади. Қирғизистонда 17 фоиз.
Бошқа мамлакатлар:
Хитой 4.2 фоиз;
Жанубий Корея 4.4 фоиз;
Япония 1.02 фоиз;
Франция 2.54 фоиз;
Германия 3.88 фоиз;
Буюк Британия 4.57 фоиз;
АҚШ 6.34 фоиз;
Канада 4.26 фоиз.
Маълумотлар фоиз ставкалари паст бўлган мамлакатларнинг аксарияти дунёнинг ривожланган давлатлари эканини кўрсатиб турибди.