Ҳар бир мамлакатнинг туризм салоҳияти ўзининг қадимий, тарихий ва маданий обидалари билан ўлчанади. Аммо фақат Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун турли фестиваллар, дастурхон ёзиш билан боғлиқ тадбирбозликлар қилинса керак. Бундай тадбирлар миллиардлаб маблағ сарфлаб ўтказилади.
Мисол учун биргина 2022 йилда Хоразмда “Лазги” халқаро рақс фестивали, Қорақалпоғистонда “Стихия” электрон мусиқа фестивали, Сурхондарёда “Бойсун баҳори” халқаро фестивали, Наманганда Халқаро гуллар фестивали, Тошкентда “Tashkent Coffee & Tea Festival – 2022” чой ва кофе фестивали, Бухорода Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, Хоразмда “Паҳлавон Маҳмуд - Strongmen Games ” II-халқаро турнири, Қашқадарёда Ёшлар туризми қурултойи, Қорақалпоғистон: “Орол балиқларидан 99 хил таом” гастрономик фестивали, Самарқанддаги Халқаро гастрономик фестиваль, Фарғонада “Kokand ethnosport challenge – 2022” фестивал, Марғилонда “Атлас байрами” халқаро анъанавий текстиль фестиваллари ўтказилган. Аммо бу туризмни ривожлантириш учун доим ҳам ечим бўла олмайди. Аслида туристлар учун доимий қизиқиш уйғотадиган тарихий обидалар, ноёб, маданий жойларни сақлаб қолиш учун қанчалик ҳаракат қилиняпти деган савол доимгидек очиқ қолаверади.
Бирор жойдаги ҳақиқатни кўрмоқчи бўлсанг ҳеч кимга айтмай бор деган гап бор. Ўзбекистондаги ташқи ва ички туризм қандай, тарихий жойлар қанчалик сақлаб қолинмоқда?
Rost24.uz ушбу мавзуда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилаётган Обиджон Латипов билан суҳбатлашди. У 2023 йил 20 майдан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилмоқда. Латипов бизга саёҳат давомида ажаблантирган ва ҳайрон қолган муаммоли вазиятларни ҳам айтиб ўтди.
Мисол учун, Қашқадарёда Оқсарой мажмуа тарихини тушунтириш учун бирорта ҳам гид хизматидан фойдалана олмаганини, Қорақалпоғистондаги машҳур музейда суратга олиш учун 600 минг сўм сўрашгани, Бухорода туристларни жалб қилиш учун ўтказилаётган фестивалга тайёргарлик жараёнида туристларга саёҳат қилиш учун рухсат берилмаётгани ва Навоийда кимсасиз чўлда жазирама иссиқда қолиб кетганини ҳамда бирорта масъул ташкилот ва миллий операторнинг алоқа хизматларидан фойдалана олмаганини айтиб ўтди.
Шу каби муаммоларни ўтказилаётган фестиваллар бартараф этармикин? Ёки сайёҳлар оқимини кўпайтирармикин?
Маълумот учун, 2022 йил Ўзбекистонга 5,2 млн нафар турист ташриф буюрган. 2023 йилнинг январь-май ҳолатига кўра эса, бу кўрсаткич 2.6 млн нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги тарихий обидалар ва ёдгорликларнинг таъмирталаб ҳолатда қолиб кетаётгани ва тарихий жойлардаги тошлар ва обидаларга турли ёзувлар ёзиб ташлангани ҳам уларни сақлаб қолишда деярли ҳеч қандай ишлар қилинмаётганидан дарак берар...