Дарахтлар ва буталарнинг кесилишига қарши мораторий даврида 44 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган

03.07.2023 12:23

44 мингта дарахтдан 9,5 мингга яқини қимматбаҳо дарахтлар ҳисобланади. 

Мазкур ноқонуний ҳолатлар бўйича, табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган. 2022 йилда бу кўрсаткич 10 млрд. сўм эди.

Маълумот учун, мораторий - ҳукумат томонидан муайян мажбурият ва ҳаракатларнинг ижро этиш муддатини узайтириш ёки тўхтатиб қўйиш. 

Дарахтларни сақлаб қолиш учун номаълум муддатга эълон қилинган мораторий даврида шунча дарахт кесилган бўлса, мораторий бўлмаса қанчаси кесилар экан?! Дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари кўпайишига сабаб, жарималарнинг камлиги ва қайсидир амалдорларнинг ўз ишини эплай олмаётганидир балки?  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига кўра, дарахт, буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш: фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача; мансабдор шахсларга эса, 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда  жарима қўллашга асос бўлади. 

Бундан ташқари, ушбу ҳолатларда Жиноят кодексининг 198-моддасига кўра, оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса: БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан; 

Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса: БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса: БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни 3 карра миқдорда қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Шунингдек, 2023 йил 3 май куни ўтказилган Олий Мажлис сенатининг 40-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга кўра, дарахт ва буталарни кесиш ҳолатлари бўйича маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликни такрор содир этганлик учун 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари қайд этилган.

Ушбу жазо турлари кучайтирилганидан сўнг ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари камаяди деган умиддамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар