Солиқлар халқнинг устига юк бўлмаслиги учун Амир Темур нима қилган?

27.11.2020 12:24

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз тузукларида шундай ёзади: «Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солиб қўйишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак.

 

Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашишига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади».

Эътибор беринг, ушбу фикрларда солиқ тўловчи халқ ва солиқ йиғувчи давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ўта нозик эканлиги, солиқнинг миқдори мўътадил бўлиши зарурлиги, бу қоидага риоя қилмаслик ўта ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги аниқ ва равшан ифодаланмоқда.

Бинобарин, Амир Темургача бўлган даврда солиқ йиғувчиларнинг иш ҳақи солиқ тўловчилар ҳисобидан бўлган. Улар қонунда кўзда тутилмаган солиқларни ундиришга ҳам ҳаракат қилар эдилар. Соҳибқирон бобомиз эса солиқ ундирувчиларга халқнинг устига юк бўлмаслиги учун уларга маош тайинлаган. Энг муҳими, ўз қамровидаги давлатларда адолатли ва мукаммал солиқ тизимини яратган. Бунга тарих гувоҳ.

Амир Темур қишлоқ хўжалигида солиқни экиндан олинган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига қараб белгилашни жорий қилган. Ҳали даромад манбаи бўлмасдан солиқ олиш мумкин эмаслигини қаттиқ манъ этган. Аслида ҳам ҳосил пишди дегани, деҳқоннинг чўнтагига дарҳол пул тушишини билдирмайди-ку?!

Аввал ҳосилни йиғиш, тозалаш, саралаш ва бозорга олиб чиқиб сотиш керак. Шу жиҳатдан, унинг солиқ сиёсатини ташкил этиш бўйича билдирган ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳаммамизга яхши маълум, солиқлар аслида давлатнинг мустаҳкам бюджетини шакллантиришга қаратилган тушумлар манбаи бўлиб, ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга қайта йўналтирилади.  

Ҳар бир фуқаро ўзи тасарруф этган мулки ёки даромадининг белгиланган улушини мамлакат ривожи учун ажратиши бу иқтисодий жараённинг барқарорлигини таъминлайди.

Бугунги кунда солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва бошқа шу каби муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тартибга солинади. Юртимизда солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган барча имкониятлар замирида аввало, тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой, аҳоли турмуши фаровон бўлади, деган ягона ғоя мужассам экани кундек аён.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида моддама-модда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам бежиз қизғин тортишувларга сабаб бўлгани йўқ. Чунки мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида амалиётда бир-бирини зидловчи қонун ҳужжатлар юзага келишининг олди олиниб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 июлдаги тегишли фармонига мувофиқ, ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг асосий мақсади – ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Демак, қонун лойиҳаси ҳам тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжатга айланиши лозим.

Хўш, қонун лойиҳасига киритилган асосий ўзгаришлар нималардан иборат? Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қандай янгиликлар акс этмоқда?

Аввало, мазкур ҳужжат билан ер солиғи бўйича берилган имтиёзлар, ер участкалари эгаллаган қисми бўйича, соғломлаштириш ва дам олиш жойлари, дам олиш уйлари, аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмни ташкил этиш учун белгиланган жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса ва туристик зоналарда жойлашган бўлса, санаторий-курорт хизмати учун фойдаланишга берилган, туристик зонада жойлашган кўчмас мулк объектларига мол-мулк солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилиняпти.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод қилиш ваколати берилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик – лойиҳага Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги тегишли қарорининг 8-бандига асосан балиқларни етиштириш (ўстириш) учун сунъий сув ҳавзаларига нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин ҳамда солиқ имтиёзлари уларга нисбатан татбиқ этилмаслиги тўғрисидаги норма киритилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мукаммал ва иқтисодий фаровонликка хизмат қилувчи қонун сифатида шаклланишига эришиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Қонун лойиҳасининг ҳар тарафлама пишиқ-пухта ҳолга келтирилиб, бобма-боб, моддама-модда кўриб чиқилган ҳолда қабул қилингани замирида албатта, улкан мақсадлар мужассам.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Манба: ЎзА

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
04.08.2021 02:31
Yaxshi maqola bo'libdi. Rost 24 jamoasiga omad!!!