Тиббиёт соҳасига ихтисослашган «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси инвесторлари Соғлиқни сақлаш вазирлигидан норозилигини билдирган ҳолда қуйидагиларни баён қилди:
Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги ПҚ – 102 - сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 674-сонли қарорига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифаларини бажараётган сармоядор ва тадбиркорга нисбатан битта мажлиснинг ўзида шошилинч равишда ноқонуний ва адолатсиз қарор чиқарилди.
Яъни, «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Ўзбекистон аҳолисига сифатли ва замонавий тиббий таҳлил (анализ)лар ўтказиш бўйича яқиндан кўмаклашиш мақсадида ушбу соҳага сармоя киритган. “Тошкент шаҳрида марказлашган клиник-диагностика лабораторияси” давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш орқали 200 дан зиёд таҳлилларни замонавий усулда ўтказишни йўлга қўйган эди. Шундан 24 хил бирламчи зарурий таҳлиллар (178 поликлиникада) бепул амалга оширилаётган эди.
Бироқ, «Intermed innovation» МЧЖ қўшма корхонасини лицензиясидан маҳрум қилишди. Тадбиркорлик субъектининг қонуний фаолиятини тўхтатишда Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги айрим мансабдорларнинг хатти-ҳаракати сабаб бўлган.
Тошкент иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судида жавобгар «Intermed innovation» МЧЖ вакилларининг иштирокисиз, фақат даъвогар – Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг хулосаларига асосланиб қарор чиқарилди. Судга ишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги ўз вақтида берилган ёзма ариза инобатга олинмаган.
Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судининг апелляция инстанциясида ҳам «Intermed innovation» МЧЖ вакиллари келтириган важлар, судга тақдим этилган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаш тўғрисидаги 2020 йил 10 февралдаги №1-33К сонли шартнома, 2022 йил 24 сентябрдаги амалдаги Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов томонидан имзоланган Операторлик битими, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 та буйруғи ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг ЦКДЛ лойиҳаси бўйича 4 та буйруғи шаклидаги рухсатнома ҳужжатлари ҳам эътиборга олинмади.
Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқлари билан ЦКДЛ лойиҳасига бириктирилган 178 поликлиникадан ҳар бирига алоҳида лицензия олиш талаб этилмайди ва ҳуқуқий ҳужжатлар шартларига тўғри келмайди.
2021 йил 14 июлдаги №ЎзРҚ-701сонли “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра, “Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат муассасалари, башарти Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг ушбу турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга оширишга ҳақлидир.”
Шу сабабли Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 поликлиника – давлат муассасалари учун хусусий компания томонидан 178 тиббий лицензия олиш мажбуряти қонунга зиддир.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 поликлиникани қамраб олган ҳамда республикамизнинг 10 миллиондан ортиқ аҳолиси фаровонлигига таъсир кўрсатадиган бу даражадаги улкан давлат-хусусий шериклик асосидаги инвестиция лойиҳаси бўйича 2 соат ичида бундай шошилинч бир марталик йиғилишнинг ўтказилиши ва Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судининг бир томонлама чиқарган қарори Президент ва қонунчиликка тўғри келадими?
«Intermed innovation» МЧЖ қўшма корхонаси.