Нукусдаги «Мурувват» ногиронлар учун хотин-қизлар интернат уйида 250 нафар хотин-қиз яшайди. Қуйда уларнинг бир кунидан ҳикоя қилинади.
Бу ерда Тошкент, Навоий, Қўнғирот, Урганч, Манғит, Нукусдан келган, яқин қариндошлари парвариш қилишга имконсиз бўлган, ихтисослашган даволанишга ва доимий тиббий назоратга муҳтож аёллар истиқомат қилади.
Муолажа – ишимизнинг бир қисми. Мустақил ҳаракатланадиган ва ўзини эплай оладиганларнинг севимли машғулоти бор, — дейди интернат уйи директори Лидия Романовна Ким, – Кимдир расм чизади, бошқаси матоларга сурат солиб, сўзаналар тикади, айримлари гул ўстиради, яна кимдир шахмат ўйнайди, навбатдаги концерт дастурини тайёрлайди.
«Мурувват» уйининг деворлари шу ердагилар ясаган буюмлар билан безатилган. Устахоналардаги жавонлар ҳунарманд аёллар тайёрлаган буюмлар, тўқилган қуён, лой ва қоғоздан ясалган қасрлар, қорбобо ва матрёшкалар, мунчоқ дарахтлар, гуллар билан тўла.
Президент қарорига кўра, 2022 йилдан «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига бириктирилди. Давлат божхона қўмитаси тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш борасида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига доимий равишда кўмаклашади.
«Мурувват» уйининг қўли гул ҳунарманди Мавлуда Чашимова жуда гўзал кашталар яратади. Меҳнат устози Людмила Юсупова эса беш йил олдин мактаб-интернатга келган. Маълумоти бўйича иқтисодчи бўлса ҳам, мутахассислиги бўйича ишлашдан кўра муҳтожларга ёрдам беришни афзал кўрган. Ўн йилча қайнонасини парваришлаган Людмила суянчиғи вафот этгач, шу ерда ишлашга қарор қилди.
Яқиндан бошлаб бу ерда нейрографика усулини қўллашни бошлашган, бундан психиатр Лола Керуенова расм муаллифини нима ташвишга солаётганини «ўқийди», хулосалар чиқаради ва кейин уларнинг ҳар бирига алоҳида ёрдам беради. Шундан сўнг даволаниш ва реабилитация қанчалик самарали бўлганини аниқлаш учун яна бир расм чизиш вазифаси берилади. Бу тажрибани ўрганиш учун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги «Мурувват» ва «Саховат» уйларидаги мутахассислар келишмоқда.
Интернат уйининг 250 нафар яшовчисига 160 нафар ходим ғамхўрлик қилади.
Интернат уйи янги бинога 2017 йили Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида интернат уйи билан танишганидан кейин кўчиб ўтган. Унгача муассаса Хўжайли туманида бўлиб, абгор аҳволда эди. Президент топшириғи билан Нукус шаҳрида янги мажмуа қурилди.
Икки ўринли палата, телевизорли хол, ювиниш хоналари, ошхона, устахона, мажлислар зали – барчаси мукаммал ва тоза сақланмоқда. Бунда ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Улар, шунингдек, барча истиқомат қилувчиларнинг гигиенасига эътибор бериш – уларнинг душ қабул қилишига, кийим алмаштиришига кўмаклашиш, тўшакларни алмаштириш каби вазифалар билан ҳам шуғулланади.
Ойгул Алимбетова интернат уйига ишга келганига 30 йилдан ошди, унинг меҳнат дафтарчасида фақат битта иш жойи кўрсатилган. Умрининг кўп йилларини интернатга бағишлаган.
Нина Андрианова 11 йилдан бери шу ерда яшайди. Нина айни кунларда дугоналарининг портретларини чизади, кундаликларига дунёда содир бўлаётган муҳим тарихий воқеаларни қайд қилади. Янги асарлар чизишга илҳом берадиган музейларга боришни яхши кўради. Анар Ризаева эса жуда кўп шеърни ёддан билади. Тадбирларда бажонидил қатнашиб, саҳнада шеърлар ўқийди. Интернат кутубхонасига келган янги китобни биринчилардан бўлиб ўқийди. Кутубхонада 4 тилда 2000 дан ортиқ турли нашр мавжуд бўлиб, унинг фонди доимий равишда тўлдириб борилади.
Алена Аминова