Мана, бир ой бўляптики, мамлакатимизда Президентнинг парламентга қилган мурожаатномасининг тарғиботи давом этмоқда. Тарғиботдан кўзланган мақсад нимадан иборат? Одамларни йиғиб, Мурожаатномада белгилаб қўйилган вазифаларни такроран тилга олиб ўтиш ва шу билан тадбир ўтказилганлиги ҳақида ҳисобот тайёрлашми?
Дарҳақиқат, тарғибот тадбирлари ҳақидаги ҳисоботу журналистлар репортажлари билан танишиб ҳамда мулоқоту йиғилишларда қатнашиб, улар номигагина, юқори ташкилотларга ҳисобот учун ўтказилгандек туюлмоқда каминага. Бу 50 йилдан кўпроқ вақт мобайнида тарғибот тадбирларини кўриб келаётган шахснинг хулосаси. Ташкилий жиҳатдан деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Давлат раҳбари нутқи ёки унинг номидан чоп этилган китоблар тарғиботига бағишланган тадбирлар худди шундай ўтказиларди. Одамларни бир жойга тўплаб, тўрт-беш нафар галстук таққан жиддий кўринишдаги отахонлар чиқиб олиб, нутқни ёки китобдаги тезисларни такрорларди.
Ҳозир ҳам ана шу тарзда ўтаётган тарғибот тадбиридан тайёрланган ҳисоботда “ташкилотларда Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш йўлга қўйилди” деб, қанча одам қатнашганлиги, қаерда ва неча марта чиқишлар қилинганлиги ҳақида қатор рақамлар келтирилади. “Мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш” деганда нимани тушуниш лозим? Мутасаддилар аксар пайтларда Мурожаатномани такрорлаш, яъни ундаги аниқ таклифу жўяли фикрларни минбардан туриб илмий тил билан гапириб бериш билан чегараланишади.
Акс ҳолда тайёрлаган битта маърузани ҳам фермерларга, ҳам талабаларга, ҳам маҳаллалардаги учрашувларда такрорламасдан, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, яъни тўпланганлар фаолият соҳасига қараб Мурожаатноманинг айнан аҳолининг ана шу қатлами учун қандай аҳамияти борлигини таҳлил қилган бўларди. Аҳолининг тадбирда қатнашаётган қатлами белгиланган вазифалар ҳамда яқин келажакда ривожланишнинг энг асосий йўналишларини ҳаётга татбиқ этишда қандай роль ўйнаши мумкин ва бу айнан ана шу одамларга нима беради, деган саволга жавоб топилса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?
Гапни кўп қилмасдан, ўтган ҳафтанинг охирида ўзим иштирок этган бир тадбир мисолида юқорида айтганларимни исботлашга ўтмоқчиман.
Самарқанд шаҳридаги мусиқа мактабининг мажлислар залида сектордаги маҳалла фуқаролик йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари ва ўрта мактаб директорлари ва уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари иштирокида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда Республика тарғибот гуруҳи аъзолари маъруза қилишди. Гуруҳ раҳбари Тошкентдан келган профессор, аъзолари эса Самарқанд ОТМлари олимлари экан.
Пойтахтдан махсус келган раҳбар беш дақиқача умумий тарзда сўзлагандан сўнг, маърузачилар билан таништирди ва улар беш нафар бўлиб, Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари бўйича маъруза қилишларини эълон қилди. Навбати билан минбарга чиққан маърузачилар бешта йўналиш – (1) давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, (2) қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, (3) иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, (4) ижтимоий соҳани ривожлантириш, (5) хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат йўналишлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Ҳа, айнан баён этишди. Ҳар бири 10 дақиқача вақт давомида Мурожаатномада ўз йўналиши бўйича нималар ҳақида сўз юритилганлигини такрорлади. Залда саводли инсонлар ўтирганлиги, улар мазкур ҳужжат билан таниш эканликлари инобатга олинмади. Аслида, тўпланганлар мактаб ва маҳалла вакиллари бўлганлигини инобатга олиб, шу йўналишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда нималар қилиниши лозимлигини чуқур таҳлил этиш лозим эмасмиди?
Масалан, Мурожаатномада шундай дейилган: “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади”. Хўш, бу ўзи қанақа тамойил? Ҳеч бир чиқишда, на матбуот ёки телевидениеда, на учрашувларда мутахассислар бу ҳақда сўз юритганидан бехабарман.
Йиғилиш тугади. Ташкилотчилардан ҳеч ким савол ва фикр билдирувчи борми деб сўрамади, тўпланганлар умумий гапдан тўйган эди, эшик томон ошиқди. Камина маърузачилар ҳузурига бориб, залда йиғилганлар қайси соҳа вакиллари эканлигини инобатга олиб, таҳлилий чиқиш қилсаларинг бўлмасмиди, дедим. Улар бир-бирига навбат бермасдан 10 кундан бери туману шаҳарларда тарғибот ишларини олиб бораётганликларини, тадбир дастури шундай тузилганлигини, беш нафар маърузачига 10 дақиқадан вақт ажратилганлигини айтишди.
Ана шунақа гаплар. Ҳали кўп тарғибот тадбирлари ташкил этилади. Энди уларга ёндашувни тубдан ўзгартириб, ҳар биридан нима мақсад кўзланганлигини аниқлаб, ундан сўнг ўтказиш зарур. Акс ҳолда фақат ҳисобот учун ишлаган бўламиз ва ҳолат эскича қолиб кетаверади...
Ахир, мақсадни давлатимиз раҳбари аниқ белгилаб берган: “Барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
журналист