Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида тез-тез ер қимирлаш ҳолатлари кузатилади. Сабаби, Марказий Осиё сейсмик жиҳатдан фаол зонада жойлашган. Олимлар томонидан мамлакатимиз бўйлаб юқори баллик эҳтимолий зилзилалар такрорийлиги тузиб чиқилган. Унга кўра, 1966 йилги Тошкент зилзиласининг ҳар 100 йилда такрорланиш эҳтимоли бор.
Яшаб турган ҳудудингизда кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли борми?
Қурилиш вазирлиги {ҳозирги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги} манбаси бу ҳақида нима деган?
Туркияда содир бўлган кучли ер қимирлашлари мамлакатни вайроналарга бой ҳудудга айлантириб қўйди. Табиий офатларнинг нақадар даҳшатли таъсири борлигини дунё яна бир марта кўрди. Ўзбекистонга қўшни ҳудудларда ҳам такрорий зилзилалар бўлаётгани ва бу тебранишлар таъсири мамлакатимиз ҳудудида сезилаётгани одамларда хавотир уйғотмоқда. Нега Марказий Осиёда зилзилалар кўп бўлмоқда? Чунки, Марказий Осиё сейсмик жиҳатдан фаол бўлган минтақа ҳисобланади. Бунга сабаб, Копетдоғ, Тяньшан, Помир, Олой тоғлари билан изоҳланади. 1966 йилги Тошкент, 1976 ва 1984 йилги Газли зилзилалари ҳали-ҳамон барчанинг ёдида. Шу каби ер силкинишлари яна такрорланиши мумкинми?
Собиқ Қурилиш вазирлиги томонидан 2019 йилда «Сейсмик ҳудудларда қурилиш» номли қурилиш меъёрлари ва қоидалари ишлаб чиқилган. Унда ўтмишда қайд этилган зилзилалар, ҳудудларнинг зилзилага бардошлилиги ўрганилган. Шу асосда Ўзбекистон ҳудуди учун, эҳтимолий зилзила такрорийлиги келтириб ўтилган. Унга кўра, Фарғона водийси ва Тошкент ҳудуди сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади. Деярли ҳар 50 йилда 7 баллик зилзилалар бўлиш эҳтимоли бор. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ҳар 150-200 йилда 8 баллик зилзилалар кутилади. Тошкент шаҳри ва Бўстонлиқ туманида эса, ҳар 100 йил ичида 8 баллик зилзиланинг хавфи мавжуд. Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг баъзи туманларини инобатга олмаганда, бошқа ҳудудларда 8 баллик зилзилалар кутилмайди. 9 ва ундан юқори кўрсаткичли ер қимирлашлари ҳам деярли прогноз қилинмаган. Фақатгина Андижон вилояти ҳудудида 500-1000 йилда такрорланиши мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, энг «осойишта» ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳисобланади. Мазкур ҳудудларда 7 баллик зилзилалар 1000 йилда такрорланиши қайд қилинган. Фақатгина Тупроққалъада бу кўрсатгич 50 йилни ташкил қилмоқда.
Маълумотларга таянадиган бўлсак, 1966 йилги Тошкент зилзиласининг 100 йил ичида такрорланиш эҳтимоли бор. Олимлар фикрига кўра, бу эҳтимоллар ўзини оқламаслиги ҳам мумкин. Масалан 1976 йили Газлида 7 баллик зилзила бўлиб ўтади. Эҳтимолга кўра, 7 баллик зилзила 50 йилда, 8 баллик зилзила эса 100 йилда такрорланиши керак. Аммо 1984 йилда, орадан 8 йил ўтиб Газлида яна 7 баллик ер қимирлаши содир бўлган. Инсоният муҳандислик фаолияти билан ер ости дунёсига таъсир этиши натижасида ҳам ер силкинишлари вужудга келмоқда. Сув омборлари қурилган ҳудудлар, газ, нефть маҳсулотларининг ер остидан сўриб олиниши асосий сабаблардан ҳисобланади. Газлидаги зилзилаларнинг юзага келишини ҳам баъзи олимлар шунга боғлашади.