Экспертлар фақат пиёз эмас, бошқа сабзавотларни ҳам нархи ошади, деган хавотирда

23.01.2023 18:08

Бозорларни кузатувчи платформа Ўзбекистонда вазият жиддий деб ҳисобламоқда.

Аномал совуқ туфайли сабзавотлар музлаб қолган ва бу нархларда ҳам акс этди.

Марказий Осиё, Шарқий Европа ва Кавказдаги сабзавот бозорларини кузатиб борувчи, боғдорчилик бизнесини ривожлантиришга ихтисослашган EastFruit платформаси Ўзбекистон ва Қозоғистонда пиёз захираларининг кўп миқдорда йўқолганини маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, Марказий Осиёда пиёз танқислиги кузатилмоқда, шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистонда картошка ва сабзининг ҳам нархи кескин ошган.

Марказий Осиёда пиёзнинг асосий экспортчилари бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзи пиёзни хориждан сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Ҳозирда пиёз экспортини Қозоғистон уч ой муддатга, Ўзбекистон эса 4 ой муддатга вақтинча чеклади. Етказиб берувчи мамлакатларнинг узоқ эканлиги ушбу маҳсулотни юқори нархларда импорт қилинишига олиб келиши мумкин.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидовга кўра, қишда Тожикистонда сабзи одатда ер остида сақланади. Бу мавсумда об-ҳавонинг ғайритабиий совуқ бўлгани сабабли сабзи йиғим-терими ҳали бошланишга улгурмаган, сабзилар ер остида. Айни пайтда ер музлаганлиги туфайли экиннинг ҳолатини айтиб бўлмайди, аммо катта эҳтимол билан сабзиларни ҳам совуқ уриб кетган.

Бошқа нарсалар қаторида, савдогарлар улгуржи ва чакана бозорларга етказиб берилаётган мева-сабзавотларда катта йўқотишлар ҳақида хабар беришмоқда. Аёз Марказий Осиёда кўплаб картошка, сабзавот ва меваларга зарар етказган. Таҳлилчилар буни кўпроқ юк ташиш нархини пасайтириш мақсадида, ташишга мослашмаган транспорт воситаларидан фойдаланиш оқибати деб баҳолашган. Очиқ ва совуқ транспортларда ташилган сабзавотлар истеъмол қилиш учун яроқсиз ҳолатга келган. Оқибатда, нафақат Ўзбекистон балки бутун МДҲда пиёз нархи икки баробарга ўсган.

2023 йил бошида Ўзбекистонда картошка нархи рекорд даражага етиши мумкин

Таҳлилчилар картошка билан боғлиқ вазиятдан ҳам хавотирда. Маълум бўлишича, совуқ ҳаво туфайли Ўзбекистонда картошка нархи ўтган ҳафтада 14 фоизга ошди ва 2023 йил бошида рекорд даражага етиши мумкин. Шунга қарамай, мамлакатда ҳали ҳеч ким картошка захираларининг ҳақиқий зарарини баҳолагани йўқ.

Портал мутахассисларининг таъкидлашича, агар Марказий Осиёнинг жанубий ҳудудларида эртаги сабзавотларни ҳам совуқ ургани аниқланса, фермерлар маҳсулот экспортидан воз кечиши ёки ички бозорни таъминлаш учун экспортни кескин қисқартириши керак бўлади.

Ўзимизникилар нима дейди?

Ўзбекистонда пиёз экспорти сабзавот экспортидаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили қарийб 200 минг тонна пиёз экспортга йўналтирилади. Аммо, 1 январдан 4 ой муддатга пиёз экспорти чекланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ўтган 2022 йилда республика бўйича барча тоифа хўжаликларида 91,1 минг гектар майдонга пиёз экилиб, 1,9 миллион тонна шундан, август-сентябрь ойларида 665 минг тонна кузги ҳосил етиштирилган.

Етиштирилган пиёз ҳосилининг 1,2 миллион тоннаси аҳоли истеъмолига, 203 минг тоннаси экспортга, 93,2 минг тонна захирага, 210 минг тонна умумий овқатланиш ва қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилган. Табиий йўқотишлар эса 228 минг тоннани ташкил қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январидан 30 апрелига қадар аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.

Ҳозирда мамлакатимиз ҳудудларида захира миқдори 87 минг тонна ва аҳоли хонадонларида 232 минг тонна, жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги аниқланган. Демак, захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз керак. Вазирлик ушбу маҳсулотни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нарх кўтарилишининг асосий сабаби сифатида 9 январдан 17 январгача бўлган кескин совуқ сабабли ёнилғи-энергетика соҳасида вужудга келган муаммолар ва маҳсулотни ташиш логистикаси тизимида юзага келган узилишларни кўрсатган.
 

Демак, кўриниб турибдики вақтида ҳал қилинмаган муаммолар янгидан янги муаммоларни етаклаб келмоқда. Энергия танқислиги сабабли иқтисодий зарар миқдори анчагина.  Экспортнинг тўхтатилиши ёки кескин камайиши эса, деҳқон-фермерларга қимматга тушадиганга ўхшайди. Уларнинг зиёнлари қопланиши ҳақида ҳеч қандай расмий фикр билдирилганича йўқ.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ўтган 2022 йилнинг дастлабки икки ҳафтасида ҳам пиёз нархи 25 фоизга ошиши кузатилган. Яъни, буни вақтинчалик таскин сифатида қабул қилиб туриш мумкин. Аммо унда «аномал совуқ» деган жараён ва унинг ортидан келадиган катта муаммолар оқибатлари кам эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар